Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Совчилик ҳақида

700

«Совчилик» дегани муайян бир аёл ёки қизга уйланиш истагини унинг ўзига ёки валийсига билдиришдир. Аслида, аёл кишининг ўзи ёки яқинлари томонидан куёвнинг ўзига ёки унинг оила тарафига совчилик қилиниши ҳам мумкин.

Бу билдириш уйланмоқчи кишининг ўзи ёки унинг вакили томонидан бўлиши мумкин. Шунингдек, совчиликни никоҳи исталган шахсга ёки унинг ишбошиларидан бирига билдириш ҳам мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса онамизга уйланганларида у кишининг оталари Умар розияллоҳу анҳуга совчилик қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Салама розияллоҳу анҳога уйланганларида у кишининг ўзларига совчилик қилганлар.

Фазилатли кишиларга аёлнинг ўзи, ота-онаси ёки ишбошиларидан бири совчилик қилиши жоиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига баъзи аёллар келиб, ўзини никоҳлаб олишларини сўраганлар.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир аёл келиб, у кишига ўзини тақдим қилди. У зот унга бошдан-оёқ назар солиб қарадилар». Бешовлари ривоят қилганлар.

Бошқа бир ривоятда:

«Анас: «Бир аёл ўзини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга тақдим қилди», деди.

Анаснинг қизи кулиб:

«Мунча ҳам ҳаёси оз экан!», деди. Шунда Анас:

«У сендан яхшироқ. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзини тақдим қилди», деди». 

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳафса Хунайс ибн Ҳузафа ас-Саҳмийдан бева қолди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлиб, Мадинада вафот этган эди. Бас, Умар айтди:

«Ҳафсани Усмонга тақдим қилдим. У «Ўйлаб кўрай-чи», деди. Бир неча кун кутдим. Сўнг у менга учраб, «Ҳозирги кунда уйланмай турганим маъқулга ўхшайди», деди.

Абу Бакр Сиддиққа учраб, «Хоҳласанг, сенга Ҳафсани никоҳлаб бераман», дедим. Абу Бакр индамади. Ўшанда ундан Усмондан аччиғим чиққанидан кўра кўпроқ аччиғим чиқди. Бир неча кун турганимдан сўнг унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам совчи бўлдилар ва мен уни у зотга никоҳлаб бердим. Сўнгра Абу Бакр менга учраб:

«Ҳафсани менга тақдим қилганингда, мен эса сенга жавоб бермаганимда, аччиғинг чиққан бўлса керак?» деди.

«Ҳа», дедим.

«Мени сенга жавоб беришдан фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уни зикр қилганларини эшитганим ман қилди, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини фош қилишим мумкин эмас эди. У зот тарк қилганларида, уни қабул қилар эдим», деди Абу Бакр». Бухорий ривоят қилган.

Бизнинг шароитимизда, одатда, совчилик йигитнинг ота-онаси ёки улар тайинлаган кишилар томонидан келинликка номзоднинг ота-онасига ёки оила аъзоларига қилинади.

Айтайлик, мазкур иш содир бўлди. Эркак томондан аёл-қиз томонга совчилик қилинди. Энди аёл-қиз тараф муносиб куёв танлаш мажбуриятида қолади. Албатта, улар ҳам бу танлашда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатма ва тавсияларига амал қилсалар, жуда ҳам яхши бўлади ва бундай ўта нозик, умр савдоси бўлган ишда энг тўғри йўл тутган бўладилар.

“Бахтиёр оила” китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Толибон» Термиз яқинига тушган снарядлар ҳақида муносабат билдирди  

103 23:18 06.07.2022

Маккаи мукаррама: бугун зиёратчилар Тавофи Қудумни адо этишди

30 23:18 06.07.2022

Ташқи ишлар вазирлиги Нукус воқеалари бўйича махсус баёнот берди

128 22:47 06.07.2022

Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари бир-бирларини байрам билан табриклади

551 21:45 06.07.2022

Украина Европа Иттифоқига қўшилса нима бўлади?

247 21:30 06.07.2022

Хорижда ишга жойлаштириб қўяман деган ҳар кимга ҳам ишонманг!

160 20:45 06.07.2022
« Орқага