Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Советлар Фин урушида ғалаба қозонган. Унда нега байрам қилинмайди?

3136

1940 йилнинг 12 мартида собиқ Иттифоқ тарихидаги яна бир уруш ниҳоясига етган эди. Уруш оқибатида Финляндия ўз ҳудудининг 11 фоизи ва катталиги жиҳатидан икинчи йирик шаҳри Виборгни қўлдан бой берди. Бироқ нега собиқ Иттифоқ пайти ҳам, ҳозирги  Россияда ҳам “шонли” Қизил Армиянинг ўша урушдаги жасоратлари васф этилмайди, байрам қилиниб, парадлар уюштирилмайди? Ёки бу урушнинг кўпчиликдан яшириладиган томонлари борми?

Урушнинг сабаблари

Урушнинг сабаблари дастлаб соф ҳудудий эканлиги айтилган: советлар чегара Ленинградга жуда яқинлиги, уни 90 км узоқроққа кўчириш кераклигини талаб қилишган. Финлар бунга рози бўлмаган.

Очиқ ёлғон: финлар провокация қурбони бўлмаслик учун анча олдин барча артиллерия қуролларини чегарадан узоқлаштиришган эди. Финляндия Россия билан ҳарбий тўқнашув юз берган тақдирда ҳам муваффақиятга умид қила олмас эди. Бунинг устига ўша йилларда Финляндия жамоатчилигида пацифистлик – тинчликсеварлик кайфияти ҳукмронлик қиларди.

Финляндиянинг ўша пайтдаги аҳволи

Пулни тежаш учун 1927 йилдан бери Финляндияда умуман ҳарбий машқлар ўтказилмаган, армияни молиялаштириш парламент томонидан доимий равишда қисқартирилаётган эди. Бунга ҳеч қандай таҳдид йўқлиги ва СССР билан узоқ муддатли ҳужум қилмаслик тўғрисида шартнома имзолангани сабаб бўлган эди. Ажратилган маблағ армияни сақлаб туришга зўрға етарди. 

Парламент қурол сотиб олиш учун умуман пул ажратмаган. Бутун ҳарбий саноат учта: патрон, порох ва артиллерия заводларидан иборат эди. Бунинг устига, танклар ва ҳарбий авиацияси ҳам йўқ бундай давлат қудратли қўшниси билан чегарада ҳарбий провокацияларни бошлаши мумкинмиди?!

Советларнинг ҳужуми

Шунга қарамай, 30 ноябрь куни эрталаб соат 8:00 да Ленинград ҳарбий округи қўшинлари Финляндия чегарасини Карелия бўйнида ва бошқа бир қатор ҳудудларда кесиб ўтди. Худди шу куни Совет самолётлари Хельсинкини бомбардимон қилди ва пулемётлардан ўққа тутди.

Ўқ ва бомбалардан, асосан турар-жой ва иш жойлари зарар кўрди. Европа дипломатларининг норозилигига жавобан Молотов совет самолётлари Хелсинкига очликдан азият чекаётган аҳоли учун нон ташлаётганини айтди. Шундан сўнг, финлар совет авиациясини  «Молотов нон саватлари» деб аташган.

Чегарани Ленинграддан узоқлаштириш ҳам ҳеч бўлмаганда қандайдир изоҳласа бўладиган сабабдир, лекин нима учун Қизил Армия Финляндиянинг биринчи аҳоли пункти - Терийоки қишлоғини эгаллаб олганида, урушнинг биринчи кунида дарҳол у ердаги ҳукуматни алмаштириб, ўрнига Москвадан олиб келинган фин коммунисти Отто Куусинен бошчилигида “халқ республика”си ҳаракатини бошлади?

Советларнинг босиб олинган давлатларга қилинган ҳужумларда босқин қилган томон эмас, балки мазлум халқларнинг ўзини айбдор қилиб кўрсатиш, улар ўзига ўзи ҳужум қилмоқда деб даъво қилиш, у жойларда сохта халқ республикалари тузиш одатини қандай тушуниш мумкин?.. 

Финлар билан ҳам худди шундай бўлди: улар “ўзларига ҳужум қилишди” ва сохта “Финляндия демократик ҳукумати” Совет Иттифоқи томонидан дарҳол тан олинди. 2 декабрь куни Москвада Отто Куусинен бошчилигидаги Финляндия Демократик Республикаси ҳукумати ва Вячеслав Молотов бошчилигидаги Совет ҳукумати ўртасида музокаралар бўлиб ўтиб, унда ўзаро ёрдам ва дўстлик тўғрисида шартнома ҳам имзоланган. 

Яъни, 30 ноябрь куни Советлар Финляндияга ҳужум қилишди ва 2 декабрда улар Куусиненнинг қўғирчоқ ҳукумати ёрдамида  қўшниларининг тақдирини ҳал қилишди. 

Москва аввалги ҳукумат қочиб кетганини (ваҳоланки ўша пайтда Хельсинкида фин ҳукумати фаолият кўрсатаётган эди) ва шунинг учун энди мамлакатни бошқармаслигини эълон қилди. СССР Миллатлар Лигасида бундан буён фақат янги ҳукумат билан мулоқот қилишини эълон қилди.

Тарихчилар Финляндияга ҳужум ҳақиқий воқеалардан анча олдин режалаштирилган деб ҳисоблашади. Кремль стратегларининг фикрича, бу шунчалик мукаммалки, ҳатто Совет қўшинлари мамлакатни босиб олишига атаб «Бизни кутиб ол, гўзал Суоми» қўшиғи ҳам ёзилган. Финляндияга қарши муваффақиятли ҳужум ҳақида айтилган қўшиқдаги воқеалар куз шароитида бўлиб ўтади. Бироқ аввалда айтилганидек, маълум шароитлар туфайли уруш қишда бўлиб ўтган.

Ватан ҳимояси

Финляндия тарихчилари қишки урушни миллий бирлик кучайган пайт бўлганини айтишади. Совет самолётлари томонидан Финляндия шаҳарларининг ваҳшиёна бомбардимон қилиниши ва СССРнинг агрессив талаблари бу урушни финлар ва дунёнинг аксарият мамлакатлари учун агрессорга қарши адолатли ҳимоя сифатида кўрсатди. 

Ишчилар ташкилотларини кузатган фин полицияси илгари СССРга хайрихоҳ деб ҳисобланган одамлар орасида ҳам советларга қарши кайфият кучайганини хабар қилган. Қишки уруш пайтида Финляндияни муваффақиятли ҳимоя қилишнинг асосий омиллари нафақат финларнинг ватанпарварлиги, балки қишнинг жуда қаттиқ келганлиги, Сталиннинг ҳарбий кадрлар орасида ўтказган “тозалаш”лари ва совуқ фин ўрмонларида жанг қилишга ўрганмаган совет аскарларининг оғир аҳволи ҳисобланади.

Финларнинг мобил бўлинмалари ўрмонларда жуда кўп қурол ва озиқ-овқат омборларига эга эди, уларнинг оқ камуфляж кийимлари қорли ўрмонда уларни деярли кўринмас қилиб қўйди. 

Совет ҳарбийлари оасида пистирмага тушганлар, совуқдан музлаб ҳалок бўлганлар кўпайди. Совет қўмондонларига берилган оқ пўстинлар уларни фин снайперлари учун осон нишонга айлантирди. Жуда кўп бўлинмалар командирлари снайперлар томонидан йўқ қилинди. 

Урушда дарах тепаларига ўрнашиб олганлигидан “какку” лақаби берилган фин снайперлари совет аскарларининг ҳақиқий бош оғриғига айланди. Снайперлар орасида Симо Хаюхе айниқса машҳур эди. Унинг бир ўзи 542 нафар совет аскарини ўлдиргани ҳақида маълумотлар бор.

Турли манбаларга кўра, қишки уруш пайтида совет армиясининг ёмон аҳволи, финларнинг ватанпарварлиги ва Карелия қиши СССР учун финлардан беш баравар кўпроқ йўқотишларга олиб келди.

Жаҳон мамлакатларининг урушга муносабати

Хелсинкига дипломатик ёрдам Буюк Британия, Франция ва АҚШ томонидан тақдим этилган. Скандинавия мамлакатлари яширинча ёки ошкора Финляндияга пул ва қурол билан ёрдам беришди. Уруш пайтида Финляндияга бошқа мамлакатлардан 11 000 дан ортиқ кўнгиллилар келган. 

Шунингдек, уруш пайтида Финляндияда 300 нафар хорижий журналист ишлаган. Уларнинг нашрлари айниқса АҚШга ёрдам беришга чақириқлари тўлқинига сабаб бўлди. Хельсинки Буюк Британия ва Франциянинг урушга киришини кутмаган бўлсада, етакчи оммавий ахборот воситалари иттифоқчиларнинг Финляндия шимолига келиши ҳақида маълумотлар тарқатилган эди. 

1940 йил 12 мартда СССР тинчлик шартномасини имзолашга рози бўлди. Совет қўшинлари Финляндиядан чиқиб кетишди. Тўғри, бу финларга катта йўқотишлар, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 11 фоизи ишлаб чиқарилган ва аҳолисининг 12 фоизи истиқомат қиладиган 40 минг квадрат километр ҳудудни қўлдан чиқариш эвазига бўлди. 400 минг фин эса мажбурий муҳожирга айланди.

Финляндия ҳудудий йўқотишлар бўлган эса-да мустақилликни сақлаб қолишга муваффақ бўлди ва агрессор Финляндия ҳудуди  учун катта нарх тўлашини исботлади. 

Россия тарихчиларининг фикрича, финлар Совет-Фин урушини қўзғатган ва мағлубиятга учраган. 

Аммо унда нима учун Россия бу уруш билан фахрланмайди,  парадлар ўтказилмайди ёки 12 март куни Финляндия устидан ғалаба кунини нишонламайди? Бунинг жавоби: ҳар бир нарсани ўз номи билан аташ учун жаворат бўлиши лозим. Советлар шимолдаги қўшнисидан яхшигина сабоқ олган. Фин халқи эса, босқинчиларига қаршилик кўрсатишнинг илҳомлантирувчи намунаси бўлиб қолган.

Ёқуб Умар тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Украинадаги вазият ва Путиннинг Марказий Осиёга ташрифи

468 21:50 01.07.2022

ИВВ Нукусдаги вазият ҳақида ахборот берди

776 21:45 01.07.2022

Нажосатлар ва уларни поклаш ҳақида (давоми)

182 21:30 01.07.2022

Турк тадбиркорлари Ўзбекистонга қайтмоқда

274 21:00 01.07.2022

Хотира

296 20:30 01.07.2022

Стэнли кубогини олган биринчи мусулмон хоккейчи

251 20:00 01.07.2022
« Орқага