Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Тарих

Советларнинг Арабистондаги биринчи элчиси ва унинг аянчли қисмати

4237

Совет Иттифоқининг мусулмонларни таҳқирлаши

1924 йилда Россия Федерал совет республикасининг ташқи ишлар халқ комиссари Георгий Чичерин шундай ёзади: “Маккага кириб олиш биз учун жуда муҳимдир: Шунинг учун биз мусулмонлардан Бош консулни танлаб, Маккага юборамиз”. Шу пайтдан бошлаб янги ташкил этилган Яқин Шарқ давлатида совет мамлакатининг мусулмон вакили иш бошлади. 

Большевизм Россияда ғалабали қадамлар ташлаб бошлаганда мусулмонларнинг бир қисми уларга қарши турмади. Аксинча, қўллаб-қувватлади. Тарғибот иш берган эди. Совет ҳукумати йўналишни тўғри олишни билар эди. Усмон Қуръонини, Қозондаги Суюмбека минорасини, Оренбург карвонсаройини қайтариб берди. Шахсан Сталиннинг ўзи – миллий масалалари бўйича халқ комиссари Шайхулислом Али ҳожи Акушинскийга Кавказда тўлиқ шариат қоидаларига амал қилинишини ваъда берди. Ва бу алдовлар иш берди! Чор ҳукуматига қарши бир қатор раҳбарлар ва гуруҳлар қизилларни қўллаб-қувватлай бошлади. Шу жумладан мусулмонлар ҳам. Хулоса ўзингизга ҳавола. Ўша йиллари большевиклар “Халқларга тинчлик!”, “Ер деҳқонларга”, “Фабрикалар ишчиларга!”, “Халқлар ўз тақдирини ўзи белгилайди!”, “Эътиқод эркинлиги амалда!” сингари шиорларни кўпайтириб мусулмонларни ўз тарафига оғдира бошлади. 

Карим Ҳакимов. Фаолиятининг бошланиши

Карим Ҳакимов бу воқеалардан анча йиллар олдин – 1892 йилда Уфа вилоятининг Дюсянов-Белебейский уездида татар оиласида туғилган. Ҳаким жуда қобилиятли бола эди. У мукаммал диний таълимни уч мадрасада таҳсил олиб ўзлаштирган. У татар тили билан бирга форс, араб, рус тилларини  яхши билар эди. Революция йиллари дастлаб оқ гвардияни қўллаб-қувватлади, сўнг большевиклар тарафига ўтиб кетди. Йўлбошчи бўлиб, Туркистон фронтининг мусулмон қисмига асос солди. Татар-бошқирд совет социалистик республикаси шаклланишида иштирок этди. 1920 йилда Ҳакимов РСФСРнинг Бухоро халқ республикасидаги вакили(замполпред) бўлди. Аммо тез орада унинг карьераси кутилмаган томонга ўзгариб кетди. 

Совет Иттифоқи имкон қадар ўз тарафдорларини йиға бошлади. Бундан ташқари Ислом дини масаласи нафақат ички, балки ташқи сиёсатга ҳам таъсир қилар эди. Большевиклар дунёда революция ўрнатишни ўйлай бошлади. Уларнинг режасида мусулмон халқлари алоҳида ўрин эгаллаган. Биринчи Жаҳон уруши натижаларига кўра, деярли бутун Ислом дунёси инглиз, француз, испан ва италиялик мустамлакачилар қўл остида эди. Мустамлакага айлантирилмаган Ислом давлатлари ҳам кўп жиҳатдан уларга бўйсунган. Айримларигина мустақиллигини асраб қолиш учун кураш олиб борган. Шунинг учун большевиклар “Биз дунё чўққисида туриб, буржуа оловини алангалатамиз!” деган шиорни эълон қилди. Улар мусулмон дунёсида буржуа империясига ва умуман капиталистик дунёга қарши иттифоқчиларни кўришган. Шундай қилиб, Қрим ва Тожикистондаги автономиялар чет эллар билан сиёсий мақсадларга қаратилди. 1921 йилда Карим Ҳакимовни РСФСРнинг Эрондаги бош консули этиб тайинлади.

Карим Ҳакимов Кремлнинг “араб” вазири

Мусулмон оммани ўз томонига жалб қилиш, улардан навбатдаги жаҳон инқилоби учун зарур кадрлар тайёрлаш учун туб сиёсат амалга оширилди. Бу сиёсатнинг асосий мақсади – маҳаллий аҳолини қўллаб-қувватлаш ва ресурс сифатида фойдаланиш эди.

Россия тарихида илк бор – иттифоқ ва автоном республикалар пайдо бўлди. Ҳаммасини бирлаштириб, яхлит механизм – Совет иттифоқига асос солинди. Айнан ўша пайтда “ислом социализми” ғояси дунёга келди. Бу ғоянинг муаллифи Мирсаид Султон-Галиев эди. Маркс-Энгельс-Ленин ғояларини мусулмонлар учун шу тарзда мослаштиришди. 

Шу мақсад йўлида РСФСР Ҳижоз маркази Жидда шаҳрида ваколатхона очишга қарор қилди.  Чичериннинг ўзи бу ҳақда: “Бизнинг мусулмонлар билан сиёсатимиз мақсади бўйича Ислом дунёсининг марказида ўз одамимиз бўлиши керак”, деб ёзган.

Карим Ҳакимов ўша одам бўлиб тайинланди. 1924 йил июнь ойида Москвадан Ҳижозга келди. Август ойида Макка подшосига ишонч ёрлиғини топширди. Ҳакимов СССРнинг янги араб мамлакатидаги биринчи расмий вакили бўлди. 

Ҳакимов ўзини намунали тутди. Шу одам туфайли СССР нафақат Ҳижозда, балки бутун Ислом дунёсида обрў қозонди. 1926 йил февралда  қирол Ибн Сауд билан учрашишга журъат қилди. У илк номусулмон давлат – СССР номидан  расмий нотани топширди. Шундай қилиб, янги давлат – Саудия Арабистони Совет Иттифоқининг яқин ҳамкори бўлди. Алоқалар тез ривожланди, савдо-сотиқ жадаллашди.

Ҳакимовнинг қатл этилиши ва Саудия Арабистони билан алоқалар бузилиши

Алоқалар маълум бир босқичга чиққач, совет раҳбарияти “яна бир мамлакатда социализм қуриш” ва жаҳон доимий инқилоби ғояларини рад этиш фикрига келди. Шу билан бирга Сталин инглизларни Яқин Шарқ сиёсати билан безовта қилмасликка қарор қилди. Шундан кейин ленинча федерализмни ягона, илдизи бақувват марказга алмаштирмоқчи бўлди. Совет ҳокимиятининг маҳаллий вариантларини, миллий шаклда, социалистик мазмунда, шу жумладан, ислом дини устида қуриш ғоялари пайдо бўлди. 

Аста-секин собиқ империя коммунистик белги остида ҳам ички, ҳам ташқи майдонга қайта борди. Ислом социализмининг асосчиси Султангалиев судланди ва отиб ташланди. 1926 йили Маккада ўтган Бутунжаҳон Ислом Конгрессида Совет Иттифоқи делегацияси раҳбари ўринбосари бўлган, СССРни барча мусулмонларнинг энг яхши дўсти деб билган Кашафутдин Таржимановни қамоққа олишди ва у ҳам қатл этилди.  Мусулмон жамоатчилигининг қизил ҳокимият ўртасидаги “кўприги”, муфтий Ризоуддин Фахриддин дин уламоларини оммавий ҳибсга олинишидан бир неча ой олдин вафот этди. Унинг ўлимида ҳам большевикларнинг қўли борлиги айтилади.

1935 йилда Карим Ҳакимов Совет Иттифоқининг Саудия Арабистонидаги ваколатли вакили бўлиб фаолиятини давом эттирди. Лекин энди у бошқарув штурвалида эмас эди. 1937 йил 6 сентябрда Москвадан телеграмма олади. Уни чақиришаётган эди. Подшоҳ Ибн Сауднинг кўнглига ғашлик тушади.  У анча яқин бўлиб қолган Ҳакимовни қолишга кўндирмоқчи бўлди. Ҳакимовда қолиш ҳақидаги фикрдан Ватан олдидаги бурч устунлик қилиб қайтиб кетди. Москвада уни қамоққа олишди ва 1938 йилда отиб ташлашди. Саудия Арабистони подшоси дўстининг ўлими учун Совет раҳбариятини кечирмади ва СССР билан барча алоқаларни узди. Бу алоқалар Горбачев вақтига келибгина тикланди.

Кўплаб имомлар, миллий кадрлардан чиққан раҳбарлар, Саудия, Эрон, Туркия ва Афғонистонда ишлаган дипломатик корпус вакиллари қамалди ва отилди. Масжидлар ёпилди, уларнинг имомлари, умуман, катта зиёли қатлам қатағон қилинди. Янги империя бунёд бўлди. Бу сафар Романовлар эмас, собиқ кўча ўғриси “барча халқларнинг ўлмас доҳийси” Иосиф Сталин раҳбарлигида қурилди. Бу қатағон урушгача  (1941 йил) давом этди. Бу энди бошқа давр, бошқа тарих.

Манзура Шамс тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Буюртмачининг пулидан ортса, олсам бўладими?

891 19:05 09.06.2023

Швециянинг терроризмга қарши қонунига Европа Иттифоқи “назаридан ўтиши” керак

566 17:41 09.06.2023

Мусо алайҳиссаломнинг ҳажлари

1120 16:55 09.06.2023

Душманимнинг душмани дўстимдир ёхуд Озарбайжон ва Исроил алоқалари ҳақида  

1173 14:03 09.06.2023

Япон аёл ота-онаси олдида иймон калимасини айтди

1958 11:03 09.06.2023

Тожикистонда Қатар амири иштирокида «Имоми Аъзам» жоме масжиди очилди

1083 09:46 09.06.2023
« Орқага