Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

СССР ҳақида ўша даврда яшаган одамнинг муносабати 

5512

1991 йилнинг охирларида “буюк ва қудратли” деб таърифланган Иттифоқнинг куни битди. Улкан империяни жиддий иқтисодий инқироз ютиб юборди, энг зарур товарлар, жумладан, озиқ-овқат тақчиллиги сезилди. Ҳозирги вақтда Совет Иттифоқини нафақат ўша даврда яшаган одамлар, балки ёш авлодлар ҳам идеаллаштирмоқда. Кўпчилик собиқ Иттифоқда таълим ва тиббиёт дунёдаги энг зўр бўлгани, одамларнинг эркин яшагани, иқтисодиётнинг барқарор бўлгани ҳақидаги чўпчакларни эшитиб, ўшанга ишониб ҳам қолади.

Бироқ буларнинг барчаси ҳам тўғри эмас. Бунақа тушунчалар мунофиқона тарғиботларнинг меваси эканини ўша даврда яшаган одамларнинг аксари жуда яхши билади. Совет ўтмишини ҳанузгача интиқлик билан эслаётганлар учун ўша даврнинг айрим жиҳатларни эслаб ўтиш етарли жавоб бўлади, деб ўйлаймиз.

“Совет халқи фаровонликда яшаган”

Биз СССРда текин уй-жой берилганлиги ҳақидаги ҳикояларни яхши эслаймиз. Дарҳақиқат, уй-жой бериларди, лекин кўпинча бу яшаш унчалик осон бўлмаган улкан коммунал квартиралар ёки ётоқхоналар бўлган. Шаҳар аҳолисининг аксарияти шундай шароитда яшаган. Бетондан қурилган “хрушчевка”лар муаммони қисман бартараф этишга ёрдам берган. Аммо ўша текин уйни олиш учун ҳам кимгадир пора берилиши керак бўлган.

Дўконларда арзимаган нарсаларга узундан-узун навбатлар пайдо бўлар, совет саноати ишлаб чиққан кийим-кечак, поябзалларнинг сифати яхши бўлмаганидан чет эл товарлари яширинча, устига пул қўйилиб сотилар эди. Чех туфлиси, румин мебели, хитой чиннисига ўхшаш товарлар фақат ишончли одамлар, сотувчилардан таниши борлар ёки партия-ҳукумат амалдорларига насиб қилар эди. “Дўконлар тўлиб-тошган эди”, дейилади. Ҳа, дўконлар ҳақиқатан “тўлиб-тошган”. Бироқ асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нон, шакар, балиқ консерваси, ароқ, бақлажон икрасидан ташқари ойлаб туриб қуртлаб кетган карамел конфетлари пештахталарни “тўлдириб” турарди, холос.

Сотувчилар халқ ичида “ҳурматга сазовор” касблардан бири эди. Бирор дўкондор билан таниш бўлсанги, қайсидир ноёб молни сотиб олишдек “имтиёз”га эришардингиз. Шахсан ўзим болалигимда оддий кроссовка “дефицит” мол бўлганини жуда яхши эслайман.

Автомобиль ёки уй олиш учун эса йиллаб навбатда туриш керак эди. Автомобиль ҳақида яна бир гап: ҳатто пули бор одамлар ҳам ўша пайтнинг энг олди машинаси “Волга”ни сотиб ололмасди. Чунки тегишли ташкилотлар томонидан дарров “текшир-текшир” бошланар, машина олган одамнинг қамоққа тушиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас эди.

“Дунёдаги бепул ва энг яхши таълим тизими”

Турли мамлакатлардаги таълим даражасини объектив таққослаш жуда қийин. Ижобий жиҳатлар қаторида физика ва математика соҳасидаги юқори билимларни ҳам айтиш мумкин. Совет типидаги олий ўқув юртларини тамомлаган мутахассислар бутун дунёда талабга эга эди.

Кўпгина олимлар СССРда илм-фан муваффақиятлари юқори даражадаги таълим тизими мавжуд экани учун эмас, балки акси бўлгани учун, деган фикрни билдирадилар. Инсон олим бўлиши учун жуда кўп тўсиқларни енгиб ўтиши керак эди. 

Биринчидан, олий ўқув юртига киришда порахўрлик авжига чиққан эди. Москвадаги Халқаро иқтисодий муносабатлар университети каби “элита” таълим даргоҳларида фақат юқори табақали партия ходимларининг фарзандлари ўқиган, холос. Собиқ совет республикаларидан бирининг раҳбари тиббиёт институти ректорини чақириб: “Беш-олтита ҳақиқий илми бор абитуриентларни ҳам ўқишга олинглар, қариганимизда бизни даволайдиган шифокорлар ҳам бўлсин”, дегани тилдан тилга ўтиб юрган. 

Таълим тизими ўта сиёсийлаштирилган: мутахассислик фанларидан кўра КПСС тарихи каби фанларга кўпроқ урғу берилган. Советларга “ёқмаган” буюк адиблар мактаб дастурига киритилмаган.  Пастернак, Гумилёв, Цветаева, Мандельштам, Ахматова каби дунё таниган шоир ва ёзувчиларни совет ўқувчиси билмаган.

Рус бўлмаган миллатлар адибларига ундан ҳам қийин бўлган. Арзимаган чақув, “учлик”нинг “гувоҳлиги” билан Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носирлар каби минглаб ойдинларимиз отиб ташланиб, номлари китоблардан ўчириб ташланган.

“Дунёдаги энг яхши ва бепул тиббиёт”

Дарҳақиқат, СССРда тиббий ёрдам бепул эди. Аммо унинг сифати ҳақида гапирадиган, беихтиёр арзоннинг шўрваси татимас деган мақол эсга тушади. 

Аввало, барча соҳалар каби тиббиёт ҳам дунёдан узилиб қолган. Шунинг учун дори-дармонларнинг тури кўп бўлмаган, уларнинг аксарияти хорижий мамлакатларда сотиб олинган. Ўша давр учун замонавий усуллар ва технологияларга келсак, улар фақат партия элитаси учун мавжуд эди, холос. Ҳатто бир марта ишлатиладиган асбобларга келсак (шприцлар, венага қуйиш тизимлари, катетерлар) бошқа мамлакатларга қараганда анча кеч пайдо бўлган.

Ҳамма соҳада бўлганидек, тиббиётда ҳам порахўрлик “гуллаб-яшнаган”. Газеталарда даволаш  ёки операция учун пул олган “оқ халатга доғ туширган шифокорлар” ҳақида мақолалар бот-бот чиқиб турарди.

Қизиғи, пора олишни истамаслик кўпинча совет фуқаролари томонидан шифокорнинг ўз қобилиятига ишонмаслиги сифатида тушунилган. “Пул олмаса, совға олмаса, демак у ўз меҳнатини қадрламайди ёки яхши даволашига ишончи комил эмас, демак, ёмон шифокор бўлса керак” деб ўйлашган.

Шу тариқа, совет халқи “бепул” тиббий хизмат учун пул тўларди ва Брежнев турғунлиги даврида соҳа бутунлай коррупция ботқоғига ботган эди. Шу билан бирга, порахўрлик даволашнинг илғор усулларидан фойдаланиш имкониятини ёпиб қўйган. Стоматологияда, 30-йиллардан бери Ғарбда қўлланилмайдиган, хорижий моделлардан кўчириб ясалган бормашиналар, металл тожлар, асаб толаларини ўлдириш учун ишлатилган мишяк ва цемент пломбалар ишлатилган. На тегишли ускуналар, на мутахассислар бўлмаганидан бошқа сифатли хизмат  кўрсатилишининг иложи ҳам йўқ эди.

1987 йилдаги бир мақолада шифокорлар ва тиббиёт талабалари билан ўтказилган кўплаб интервьюларга асосланиб, шифокорларнинг иштиёқсиз эканлиги ва ўз ишидан қониқиш ҳис қилмайди деган хулосага келинган. Шифокорларнинг маоши озлиги, иш ҳақининг даволанганлар сонига боғлиқ эмаслиги учун кўп шифокорлар деярли ўз билимларини чуқурлаштиришга интилмаган. Поликлиникаларнинг вазифаси, асосан, одамга касаллик таътилини бериш ёки бермасликни баҳолаш эди. Беморлар шифокорларга унчалик ишонмасдилар, эҳтимол шу сабабли, 1980 йилларнинг охирида гомеопатия ва халқ табобати, экстрасенслик каби «муқобил тиббиёт» жуда машҳур бўлиб кетган эди.

“Совет Иттифоқида барқарорлик бор эди”

Дарҳақиқат, қатъий белгиланган иш ҳақи, нархлар устидан қаттиқ назорат тизимни барқарор қилди. Бироқ худди шу нарса иқтисодни  олға силжитишга имкон бермади. Дунёнинг бошқа мамлакатларида тадқиқотлар олиб борилган, фаолиятнинг барча соҳаларида янги технологиялар ва усуллар жорий этилганда, СССРда тўлиқ «турғунлик» кузатилди. Бу охир-оқибат шундай кучли империянинг қулашига олиб келди.

1985 йилдаги маош ва пенсия пулига тахминан 2016 йилдагидек миқдорда сут, нон ва сариёғ сотиб олиш эҳтимол мумкиндир. Лекин асосий муаммо – илгари сут, нон ва сариёғдан бошқа сотиб оладиган ҳеч нарса йўқ эди.

СССР аҳолисининг катта қисми қашшоқликда яшаган, каллорияли овқатланмаган, уларга тўғри муносабатда бўлинмаган, чет элга чиқишга рухсат берилмаган, улар ҳокимият томонидан қабул қилинган қарорларга таъсир кўрсата олмаган.

“Социалистик лагерь”

Совет Иттифоқи Иккинчи Жаҳон урушидан кейин оккупация қилиб турган Шарқий Европанинг кўпгина давлатларида зўрлик билан социалистик тузумни қуришга киришди. Нафақат Германия, балки унинг пойтахти Берлин ҳам иккига бўлинди. Советлар қўл остида қолган Шарқий Берлин билан мустақил Ғарбий Берлин орасида ер билан осмонча фарқ бор эди. Шу туфайли шаҳарнинг ўртасидан ўтган девор устидан ёки ер остидан ғарбга қочувчилар кўпайди. Уларнинг баъзилари аскарлар ўқига дучор бўлиб, бегуноҳ ўлиб кетган. 

Совет раҳбарияти, айниқса, Брежнев даврида Африка ва лотин Америкасида давлатларига “социализм ғояларини ривожлантириш” учун триллионлаб доллар сарфлаган. Бу эса иқтисодиётдаги танқисликни кучайтириб, империянинг қулашини тезлатди.

Совет қўшинлари Африканинг ўнлаб давлатлари, Куба, Никарагуа, Вьетнам, Шимолий Корея мамлакатларидаги жанговар ҳаракатларида қатнашди. 1979 йилда бошланган ўн минглаб совет аскарларининг ёстиғини қуритган Афғон уруши советлар тарихининг охирги ҳарбий ҳаракати бўлиб қолди.

“Социалистик лагерь”нинг мустаҳкамлиги ҳақидаги афсоналар бугунги кунга келиб чиппакка чиқди. Бир вақтлар Совет Иттифоқи Варшава шартномасида зўрлаб ушлаб турган давлатларнинг кўпчилиги НАТО альянсига қўшилди ёки қўшилиш ниятида.

“Совет сўми қадри баланд валюта эди”

Совет даврида марказий газеталарда онда-сонда, охирги бетнинг бир бурчагидаги кичкина колонкада совет сўмининг халқаро валюталарга нисбатан қиймати берилар эди. Ўшанда кўпинча бир доллар 65-80 тийин атрофида кўрсатиларди. Айримлар ўшанга асосланиб: “Мана совет сўми жуда қадрли бўлган экан” деган янглиш фикрга боришади. Аслида бундай эмас. Совет давлатида долларни эркин сотиб олишнинг иложи бўлмаган. Ҳатто чет элга давлат хизмати билан кетаётганларга ҳам 30 доллар алмаштириб берилган. Доллар ўта яширин ҳолатда, “қора бозор”да сотилиб, бир АҚШ долларига 8-10 сўм алмаштирилган. Валюта сотиш совет давлатида ўта оғир жиноятлардан ҳисобланган ва ҳатто “валютачилар иши” бўйича 1961 йилда бир неча киши отиб ўлдиришга ҳам ҳукм қилинган. 

Совет сўмининг “қадри” туфайли уни халқ “ёғоч валюта” деб атаган.

“Динга эътиқод қилиш эркин эди”

Советларнинг Конституциясида ҳар кимнинг виждон эркинлиги ҳақида баландпарвоз гаплар ёзилган бўлса-да, дин ҳар томонлама, баъзан ўта шафқатсиз равишда таъқиб қилинди. “Дин – афюндир” деган ёзувлар ҳамма жойда осилган, диний адабиётлар нашр қилиш деярли йўқ даражада, диний таълим чекланган эди. Чет элга чиқиш ҳақида орзу ҳам қила олмайдиган совет мусулмонлари учун ҳаж ибодатини бажариш Марсга учишдек гап эди. Советларнинг аввалги йилларида миллионлаб турли динга мансуб фуқаролар қамоққа ташланди, сургун қилинди, қатл этилди. Ўтган асрнинг нисбатан тинч бўлган 70-80 йилларида ҳам юртимиз масжидларида ёшларнинг бўлиши ноёб ҳодиса бўлган. Рўза тутган болалар мажбуран оғзига сув қуйилиб рўзаси очтирилган.

1917 йил ноябрда Совет ҳукумати «Россия ва Шарқнинг барча меҳнаткаш мусулмонларига» мурожаати қабул қилди. Унда шундай дейилган эди: “Россия мусулмонлари, Волгабўйи ва Қрим татарлари, Сибир ва Туркистон қирғизлари ва сартлари, Кавказорти турклари ва татарлари, Кавказнинг чеченлари ва тоғликлар! Россия подшолари ва золимлари томонидан оёқ ости қилинган, масжидлари ва ибодатхоналари вайрон бўлган, эътиқодлари ва урф-одатлари бузилганларнинг барчаси! Бундан буён сизларнинг эътиқод ва урф-одатларингиз, миллий ва маданий муассасаларингиз эркин ва дахлсиз деб эълон қилинади”. 

Аммо 1929 йилдан кейин вазият кескин ўзгарди. Масжидлар оммавий ёпила бошлади. 1930 йилда фақат Татаристонда 12 минг масжиднинг 10 мингдан ортиғи ёпилди, мулла ва муаззинларнинг 97 фоизигача ўз вазифаларини бажариш имкониятидан маҳрум этилди. Ислом дини кўп тарқалган бошқа ҳудудларда ҳам шундай эди. Биргина мисол, 1960 йилларга келиб Туркманистонда биронта ҳам масжид қолмаган эди.

 СССРни сақлаб қолишнинг иложи бормиди?

Айримлар империянинг қулашида айбни Горбачёвга ёки у бошлаган “қайта қуриш” кампаниясига боғлашади. Аслида Горбачёвнинг “қайта қуриши” ҳам Иттифоқни сақлаб қолиша бўлган сўнгги уриниш эди. Иқтисодиёт издан чиққан, ҳамма томондан қарзга ботган мамлакатни сақлаб қолишнинг имкони йўқ эди. 

Ўн беш республикадан иборат “халқлар турмаси”да тенглик ва адолатнинг йўқлиги, иқтисодий буҳроннинг кучайиши билан қўшилиб империянинг ич-ичидан емириб бораётган эди.

Ёқуб Умар

Azon.uz мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Украинадаги вазият ва Путиннинг Марказий Осиёга ташрифи

443 21:50 01.07.2022

ИВВ Нукусдаги вазият ҳақида ахборот берди

741 21:45 01.07.2022

Нажосатлар ва уларни поклаш ҳақида (давоми)

169 21:30 01.07.2022

Турк тадбиркорлари Ўзбекистонга қайтмоқда

262 21:00 01.07.2022

Хотира

285 20:30 01.07.2022

Стэнли кубогини олган биринчи мусулмон хоккейчи

247 20:00 01.07.2022
« Орқага