Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

“СССРда ҳаёт яхши эди...” деганлар эътиборига

8210

Куни кеча фейсбук тармоғидаги бир постда собиқ Иттифоқни қўмсаган, “оҳ-воҳ” қилиб “қандай ажойиб даврлар эди, ҳамма бой, ҳамма бахтиёр эди” қабилидаги изоҳларни ўқиб ўзимнинг ҳам совет даврида яшаганим эсимдан чиқиб, “наҳотки шундай ажойиб замон бўлган бўлса-ю, биз сезмаган бўлсак”, деган ўй-хаёллар келди.

“Ошкоралик” ва 90-йилларда советларнинг ёпиб юрган барча жиноят, қилғиликлари очила бошлади. Улар қаторида халқнинг шўроларга қарши улкан империянинг турли шаҳарларида кўтарилган исёнлар, норозиликлар ҳақида мақолалар нашр этила бошлади. Улардан баъзиларини сизларга эслатиб, маълумот ўрнида берар эканмиз, ўша золим “ёвузлик империяси” ҳақида барча ҳақиқатни билиш ҳамма учун фойдадан холи бўлмас эди.

1962 йили Новочеркасскдаги “ишчилар қўзғолони” барчанинг ёдида: ўшанда “халқ ҳокимияти” оч одамларни автомат билан отиб ташлаган эди.

Баъзилар 1956 йили Тбилисида содир бўлган отишмани эслашади, унда ёш болакай, бўлғуси профессор Нурбей Владимирович Гулия “рухсатсиз митинг”ни кўришга келганида отилган ўқдан яраланган.

1956 йил Новороссийскдаги қўзғолон ҳақида эса ҳеч ким билмайди ҳисоб, ўшанда оломон милиция биносига бостириб кириб, уни ағдар-тўнтар қилиб, сўнг банкка ҳужум қилган эди. Қўзғолоннинг сабаби – милициянинг ўзбошимчалиги. Ейишга ҳеч вақо йўқлигидан ўша йили Оренбург ва Славянскда ҳам қўзғолон бўлиб, тартибсизликлар бошланган.

1957 йили Темиртау шаҳридаги очлик қўзғолонини ким эслайди? Ахир унда беш мингдан зиёд одам қатнашган! Қўзғолон бостирилгандан сўнг КГБ оммавий ҳибслар кетидан қатлларни амалга оширган... Худди ўша йили Подольскда ҳам қўзғолон бўлган? Қўзғолонда уч мингга яқин одам қатнашган. Сабаби яна ўша – милициянинг ўзбошимчалиги. Қўзғолон бостирилиб, ташкилотчилар судланган.

1959 йил. Қозоғистонда ишчилар, чўлқуварлар оғир шароитларга қарши қўзғолон кўтарган. СССРнинг қўриқ ерларни шудгорлаш лойиҳаси Совет ҳукуматининг режимни ўзгартирмасдан мамлакатни боқиш учун қилган яна бир муваффақиятсиз уринишидир. В. Козлов қўзғолон сабаблари тўғрисида “Номаълум СССР. Халқ ва ҳокимият ўртасидаги қарама-қаршилик 1953-1985” китобида шундай ёзади:

«Баъзан шаҳар аҳолиси 3-5 кун ювинолмай юришарди. Ёш ишчилар кирларини ичимлик суви тўла бачок ёнида ювишарди, қуритадиган жой йўқ, кўпинча одамлар нам кийимни кийишга мажбур бўлишарди. Чойшаблар баъзан 20 кун давомида алмаштирилмас эди. Ёритиш тизими ёмон ишларди, радио йўқ, газеталар мунтазам келмасди. Одамлар овқатдан қурт топиб, чириган гўшт, айниган овқатни истеъмол қилган вақтлари бўлган».

1961 йил. Бутун Чита шаҳрида варақалар билан ёпиштириб ташланган: “Вайсақи Хрушев, қани сенинг мўл-кўллигинг?” СССР бўйлаб фабрика ва заводларда оммавий иш ташлашлар. Сабаби ўша-ўша – ейишга ҳеч вақо йўқ. Краснодардаги қўзғолон. Қўзғолон раҳбарларидан бири комсомол аъзоси Симоненко одамларни “иккинчи Венгрия”ни қуриш ва ниҳоят Совет ҳокимиятини ағдаришга чақирган. Мамлакатни қақшатиб келган КПСС (Совет Иттифоқи Коммунистик Партияси)ни ағдариш керак. Қўзғолончилар ҳарбий комендатура идорасини йўқ қилиб ташлашган. Ҳужум пайтида мактаб ўқувчиси ўлдирилган.

Худди шу йили Бийск ва Муромда ҳам қўзғолон кўтарилган. Болта ва тошлар билан қуролланган исёнчилар милиция бўлинмасига бостириб кириб, 68 та тўппонча ва пулемётларни қўлга киритишди. Энди уларда қурол бор! Аммо, қўзғолон бостирилиб, унинг иштирокчилари қатл этилган...
Ушбу қўзғолонни бостирилишига жавобан Ковровда “Муромда вафот этган биродарлар учун қасос олиш” ва “коммунистик режимни ағдариш”ни мақсад қилган “Ёш гвардия” ташкилоти пайдо бўлган... Қўзғолон Александров шаҳрига ҳам тарқалди. Исёнчиларнинг мақсади - қатл қилинган муромликлар учун қасос олиш. Генерал-майор Кроженконинг қўшинлари шаҳарга кириб келади. Қўзғолонни бостириш пайтида бир неча ишчи автомат билан отиб ўлдирилади.

1962 йил. Оммавий иш ташлаш ва тартибсизликлар ўнлаб туман ва вилоят марказларини қамраб олади. Артемьевск, Краматорск, Омск, Донецк, Кемерово, Иваново, Одессада. Охота денгизидаги “Чернишевский” сузувчи балиқ заводида иш ташлашлар бўлиб ўтди. Новочеркасскдаги озиқ-овқат билан боғлиқ вазиятни ўрганган Владимир Козловнинг “Номаълум СССР” китобида қуйидаги иқтибосларни ўқийсиз: “Бозорда картошка учун тунги соат бирда навбат олинарди. Картошканинг қовурилган пўстлоғи бўлса ҳам майли эди”. Шу билан бирга, нархлар кўтарилиб, иш ҳақи пасайиб борарди! Ишчиларда болаларини боқиш учун ҳеч вақо қолмаган эди...

Социалистик давлатнинг душманларидан бири 38 ёшли фаррош М. Залетина эди. Учта фарзанднинг онаси бўлган бу бахтсиз аёл оломон орасида “иш ҳақи 30 рубль, эрим ўлган, болаларни боқишга ҳеч нарса йўқ” деган “антисовет шиорлар” билан бақирарди.

Қўзғолон тажрибасиз амалга оширилганига қарамай, ишчилар орасида ҳар хил ғоялар чақмоқдек тарқалди: “Банк, телеграфни эгаллаб олиб, Совет ҳукуматини ағдариш учун бутун мамлакатга мурожаат қилиш ...”

Новочеркасскдаги ишчилар қатли ва оммавий ҳибслардан кейин, Ростов-Донда ҳам нотинч бўлиб қолди: деворларда “Вива, Новочеркасск!” деган ёзувлар пайдо бўла бошлади.

1963 йил. Сумгаитдаги қўзғолон. Минглаб ишчилар марказий майдонга йиғилиб, қичқиришарди: “Нон! Гўшт! Нон! Гўшт!” Аммо маҳаллий ҳокимият ҳатто республика пойтахти Бокуда ҳам озиқ-овқат етишмовчилиги бўлиб турган бир пайтда уларга нон билан гўштни қаердан топиб берарди? Қўзғолон бир неча кун давом этиб, бостириш пайтида 4 киши ҳалок бўлган...

Кривой Рогдаги қўзғолон келиб-келиб 7 ноябрь – Буюк Октябрь инқилоби куни бўлганига нима дейсиз! Нега уни ишчилар байрам қилиб нишонлашмади? Ахир, 1917 йил айнан шу куни большевиклар қуролли тўнтариш уюштириб, “ҳаммаси ишчилар учун” шиори остида энг катта халқ ҳокимиятини ўрнатишмаганмиди?! Нима учун ишчилар байрам дастурхони атрофида эмас? Сабаб битта – ейишга ҳеч вақо йўқ.

1964 йил. Бронницадаги қўзғолон. Сабаби – милициянинг бебошлиги. Халқ милиция бўлинмасини ҳужум билан босиб олди. Формадаги каламушлар тумтарақай бўлишди. Ставрополдаги қўзғолон. РОВД ҳужум қилиниб, эгалланди. Шаҳарга қўшин киритилди. Ҳибсга олиш ишлари бошланиб кетди.

1967 йил. Фрунзе шаҳридаги қўзғолон. Учта милиция бошқармаси эгаллаб олинган. Қўзғолон бостирилган, ҳибсга олишлар бошланган. Чимкентдаги қўзғолон. Одамлар яна ИИБга ҳужум қилишмоқда. Шаҳарга яна қўшин киритилган, яна қурбонлар - етти киши ўлдирилган, элликка яқин киши яраланган, яна оммавий ҳибсга олишлар – ўн саккиз киши қамоққа ташланган. Степанакертда қўзғолон кўтарилган. Прилуки шаҳрида одамлар милиция бўлимига ҳужум қилишган... Слуцкда суд биноси ёқиб юборилган, беш минг исёнкор ўт ўчириш машиналарини бинога яқинлаштиришмаган... Тула шаҳридаги қўзғолон...

1968 йил. Тўрт минг исёнчи Нальчикдаги милиция бўлинмасига ҳужум қилишган.

1969 йил. Кишинёвдаги иш ташлаш.

1972 йил. Днепродзержинскдаги қўзғолон. Оломон “Горкомга!” дея қичқириб, шаҳар компартияси биносининг деразаларини синдириб, ичкарига ёпирилиб кирган. Бунинг ортидан ГОВДга ҳужум бошланган. Шаҳарга қўшинлар киритилган. Бир неча юз киши ҳибсга олинган.

1974 йил. Рубцовскдаги қўзғолон. Юзлаб исёнчилар ҳужум қилиб, РОВДни босиб олишган.

1975 йил. Бу йили коммунистлар учун “иккинчи” “Потемкин” ҳарбий кемаси рўй берди. Катта “Сторожевой” денгиз ости кемаларига қарши қўлланиладиган крейсерда учинчи даражали капитан, кема капитани ўринбосари Саблин бошчилигида денгизчи ва офицерларнинг советларга қарши қўзғолони бошланди. Исёнчилар Ленинградга кириб, “Сторожевой”ни “Аврора” ёнига қўйиб, халққа душман ҳукуматни йўқ қилиш ҳақида халққа мурожаат қилишни режалаштиришганди. Қўзғолон қуролли кучлар томонидан бостирилган.

1977 йил. Новомосковскдаги қўзғолон. Яна милицияга ҳужум... Каунас ва Иваново тўқимачилик фабрикаларида иш ташлаш. 

1980 йилда Тартуда ишчилар иш ташлаган, бир йилдан сўнг Орджоникидзедаги қўзғолон кўтарилиб, кўчаларда минглаб одамлар йиғилган эди.

Бу каби норозилик намойишлари советлар империясида доим бўлиб турган, ҳукумат уларни бостириб, қатнашганларни қамаган, ҳатто ўлимга ҳукм қилишгача борган. Совет давридаги ёпиқлик, матбуотнинг ягона компартияга бўйсундирилгани сабаб, бу маълумотлар номаълумлигича қолиб келган эди.
Совет даврини қўмсаётганлар, шу маълумотларни ҳам билишармикан? 

Интернет манбалари асосида Фахриддин Расул ўғли тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

СССР бетараф Швецияни ҳам бомбардимон қилган эди

1713 21:00 21.05.2021

“Улар камарларини ейишган, ўликларни яширишган...“

5975 20:35 23.02.2021

Шайх Абдулазиз Мансур Собиқ Иттифоқдаги вазият ҳақида: “Халқимиз динсиз яшамади, аммо...”

1748 07:00 12.02.2021

Араб Давлатлари Лигаси янги “совуқ уруш” хавфидан хавотирда

2018 11:00 27.12.2020

Ўлим ҳақида гапириш мумкинми?

2111 22:20 16.12.2020
« Орқага