Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Суннийлар ва шиаларни бирлаштирган масжид

1843

Асрлар давомида ҳозирги Грузия пойтахти Тбилиси кўплаб халқлар, маданиятлар ва динларнинг кесишган жойи бўлиб келган. Шаҳарнинг тарихий маркази ҳанузгача уларнинг изларини сақламоқда. Бу ерда турли жамоалар ўз ибодат жойларини эркин қуришган. Бу бинолардан бири қадимги Тбилиси шаҳрининг ажралмас қисми бўлган мусулмонларнинг эҳтиёжлари учун қурилган Жума масжидидир. Бу масжид кўп жиҳатдан ўзига хосдир.

Грузияда исломнинг илдизлари узоқ даврларга бориб тақалади. Дастлабки ислом даврида бу ерда мусулмонларнинг амирлиги бўлган. Тбилиси мусулмон дунёси ва Шимолий Европа ўртасидаги муҳим савдо марказига айланди. Бу ерга турли халқларнинг вакиллари савдо карвонлари билан келишган. Тбилисининг этник ва диний хилма-хиллиги унинг архитектурасида акс этади. Бу ерда православ ва григориан черковлари, ибодатхона ва масжид бир -бирига уланиб кетган. Бу ибодатхоналар Грузия пойтахтида шу кунгача сақланиб қолган.

Янги тарихда Грузия ҳудудида Эрон ва Усмонлилар империяси манфаатлари бир-бирига тўқнашди. Тбилисида Усмонлилар 1723 йилдан 1735 йилгача қурган масжидни 1740-йилларда бу ерга келган форслар вайрон қилган эди. У XIX аср ўрталарида қайта тикланган. Лойиҳанинг муаллифи италиялик меъмор Жованни Скудиери эди. Аммо бу масжид ўша аср охирида вайрон қилинган. 1911 йилда янги масжид қурилди, у ҳозир ҳам мавжуд. Совет даврида, Жума масжидидан ташқари, Тбилисида яна тўртта масжид бўлган. Қолган тўртта масжид даҳрийлар ҳукмронлик қилган оғир йиллардан омон қолмаган ва шу кунгача фақат Жума масжидигина сақланиб қолган.

Бугунги кунда Грузия аҳолисининг 10 фоизга яқини мусулмон. Уларнинг аксарияти маҳаллий озарбайжонлардир. Шунингдек, мусулмон халқлар орасида бу ерда аджарлар, абхазлар, месхетияликлар, месхети турклари, доғистонликлар, татарлар, чеченлар ва лезгинлар яшайди. Грузия мусулмонлари ичида ҳам суннийлар, ҳам шиа мазҳаби вакиллари бор. Жума масжиди дастлаб суннийлар масжиди бўлган. Тбилиси шиалари, ўз навбатида, алоҳида Мовий масжидда намоз ўқишган. Аммо у 1951 йилда вайрон қилинган. Шиаларнинг ибодат қиладиган жойи қолмаганида, суннийлар уларни Жума масжидига қабул қилишди.

Дастлаб, икки жамоа ўртасида чегара сифатида парда тутилган эди. Аммо намозни бирдан ортиқ имом бошчилигида ўқиш мумкин бўлмаганидан 1996 йилда парда бутунлай олиб ташланди ва мусулмонлар бир жойда намоз ўқий бошлашди. Бироқ масжиддаги иккита меҳроб ва иккита минбар унинг бир вақтлар  икки жамоага бўлиниб ўқилганидан дарак бериб туради. Нима бўлса ҳам, бу шаҳарда, на «Жума» масжидида икки мусулмон оқими ўртасида диний зиддиятлар бўлмаган, бу маҳаллий мусулмонларнинг ғурурига сабаб бўлмоқда.

Масжид раҳбари Тахмез Ҳасанов бу мазҳаблар ўртасидаги зиддият сунъий равишда пайдо қилинади, деб ҳисоблайди: “Нега кўп асрлар давомида бизнинг орамизда ҳеч қандай низо келиб чиқмаган? Мана, кичкина жойда ҳар хил конфессияли черковлар кўп: православ черкови, арман апостол черкови ва синагога. Улар орасида ҳам ҳеч қачон диний низолар келиб чиқмаган. Бундай воқеани ҳеч қачон бўлмаган. Фақат коммунистларгина имон ва динга қарши курашди. Улар одамларнинг эътиқодини йўқ қилмоқчи бўлишди, чунки улар фақат худосизлар партиясига ишонишлари лозим эди».

Бу масжиднинг ноёблиги, фақат бу ерда ҳар хил исломий оқим вакиллари эркин ибодат қилишида эмас. Унинг ўзига хослиги архитектурасида ҳам намоён бўлади, бунда исломий нақшлар билан бирга неоготик унсурлар ҳам бор. Шунингдек, бу масжидда фақат битта минора бўлиб, масжиднинг ички қисми турли рангларда ишланган чиройли ҳуснихат ва нақшлар билан безатилган. Бино бир қанча бошқа гўзал тарихий биноларнинг ёнида жойлашган бўлиб, Тбилисига ўзига хос қиёфа бағишлайди.

Ёқуб Умар тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ироқлик сунний ва шиа уламолари Саудияда учрашди

1345 10:55 06.08.2021
« Орқага