САВОЛ: Мен тадбиркорман. Сотадиган нарсаларимизда одамларнинг расми бор. Шундай кийимлар орасида намоз ўқиймиз. Шу ишимиз тўғрими? Лекин намоз ўқиш учун бошқа жой йўқ.
Жавоб: Сотадиган нарсаларингизни олиб қўйиш машаққат бўлмаса, қибла томонидан олиб, ташқарига чиқариб қўясиз. Чунки намозхоннинг олдида, тепасида, ўнгида ва сўлида, ҳамда кийимида жонли нарса сурати бўлса, намозини макруҳ қилади. Гиламининг сажда қиладиган жойида тасвир бўлмаса, бошқа жойдагиларининг зарари йўқ.
Бу айтганларимиз намозхон қийинчиликсиз кўра оладиган даражадаги суратлар ҳақида эди. Агар сурат қийинчилик билан илғанадиган даражада кичик бўлса, намозда кароҳият бўлмайди. Шунингдек, расмдаги жонлининг боши кесилса ё тўсилса, макруҳлиги йўқолади. Макруҳликнинг энг ёмони – сурат намозхоннинг рўпарасида бўлишидир. Кейин тепасида, сўнг ўнгида, сўлида ва орқасида бўлишидир.
Жонсиз нарсаларнинг тасвири бўлиши намозни макруҳ қилмайди.
Аллоҳ янада билувчироқдир.
Устоз Мубашшир Ахмад