Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Суриялик доктор: “Онамнинг саккиз ёлғони”

1564

Марҳум суриялик режиссёр доктор Мустафо ал-Аққад ўз ҳаётидан шундай ҳикоя қилади. 

"Илгари мен оналар ёлғон гапирмайди, деб ўйлар эдим, аммо менинг онам менга саккиз марта ёлғон гапирганидан сўнг, гумоним нотўғри эканлигини тушуниб етдим.  

Мана, онамнинг менга ёлғонларини айтиб бераман.

Ёлғонлар тарихи менинг туғилганимдан бошланган. Мен жуда камбағал оиланинг ёлғиз фарзанди бўлганман. Уйимизда ҳеч қачон қорин тўядиган егулик бўлмаган. Мабодо очликдан ўлмаслигимиз учун, қаердандир озгина бўлсада гуруч олиб келинса, онам ўзининг ҳаққини ҳам емасдан, менга берар эди.

Ўзининг косасидаги гуручни менинг косамга ағдараётиб; "Болам, сен егин, менинг қорним тўқ"- дер эди. 

Бу унинг биринчи ёлғони эди. 

Ёшимга бироз ёш қўшилганидан сўнг, онам кичкина бир ариқдан зўрға бир дона майдагина балиқ тутиб келса, очлигимдан балиқни тезда еб қўяр эдим.

Мабодо, Аллоҳнинг марҳамати билан икки дона тутиб келса, мен еган балиқнинг чиқиндиларини ўзи ер, иккинчи балиқни ейиш учун қўл чўзганимда, менга иккинчи балиқни ҳам берар ва менга бемалол ейишимни ва у оч эмаслигини айтар эди. 

Бу онамнинг иккинчи ёлғони эди.

Ёшим мактаб ёшига етганида ҳам бизда ҳеч қанақанги пул йўқ эди. Мактаб харажатларига пул топиш учун онам бозордаги кийим-кечак дўкони эгаси билан ишлашга келишди. 

У кечга бозордан қаттиқ чарчаган ҳолда уйга зўрға келар, шундай бўлса-да, менга қараб: "Болагинам чарчаганим йўқ", – дер эди.

Бу унинг учинчи ёлғони эди.

Ўқув йили охирига етгач, имтиҳон топширадиган бўлдик. Шунда онам ҳам “Сен билан бирга бораман”, деб қаттиқ туриб олди. У чидаб бўлмас жазирама офтоб остида имтиҳондан чиқишимни кутиб ўтирди. Имтиҳондан чиққанимда, онам мен учун бир чашкада сув сотиб олган эди.

Мен сувни чанқоқлик билан ича бошладим. Шу пайт кўзим онамнинг юзига тушди. Иссиқ таъсиридан унинг юзларидан тер оқар, лаблари сувсизликдан қақшаб қолган эди. Мен дарҳол қўлимдаги сувни унга тутқаздим. Онам эса;: "Болагинам, чанқаганим йўқ, ўзинг ичавер", - деди.

Бу унинг тўртинчи ёлғони эди.

Отамнинг вафотидан сўнг, онам беванинг ҳаётини кечира бошлади. Оиладаги жавобгарлик унинг бошига тушди, ҳаётимиз қийинлашди ва энди бизни ҳақиқий очлик қийнай бошлади.  

Бизнинг аҳволимизни кўрганлар, онамга "Ҳали ёшсан, икковингизни ҳам боқиши учун яна турмуш қургин", – деб маслаҳат беришди. Аммо онам: "Бошқа турмуш қурмасам ҳам бўлаверади, менга эр керак эмас", – деб жавоб берди.

Бу онамнинг бешинчи ёлғони эди.

Мактабни тугатганимдан сўнг, университетда ўқидим, уни ҳам тугатиб, яхшигина даромадли ишда ишлай бошладим.

Шундан сўнг ўз-ўзимга: "Энди онамнинг менга қилган хизматлари, ҳаётда тортган қийинчиликлари учун роҳатини кўрадиган пайт келди. Бундан кейин рўзғор масъулиятини ўз бўйнимга оламан", – деб ўйладим.

Бу пайтга келиб онам соғлигини йўқотган, шундай бўлса-да, ҳар куни эрталаб бозорга чиқиб сабзавот сотар эди. Мен онам ишламаслиги учун унга ўз иш ҳақимнинг маълум миқдорини ажратишга қарор қилдим. Аммо онам бу сафар ҳам: "Болагинам, менинг пулим ўзимга етарли, пулинг ўзингда қолаверсин"- деб жавоб берди.

 Бу унинг олтинчи ёлғони эди.

Иш давомида магистрлик ўқишини ҳам тугатдим. Бу менинг иш ҳақим янада ошишига сабаб бўлди. Энди мен ишлаб юрган немис компанияси менга бу ердаги филиалида эмас, балки Германиянинг ўзида жойлашган асосий ишхонасида ишлашга имкон берди. 

Бундан мен жуда бахтиёр эдим. "Ҳақиқий бахтли ҳаётим энди бошланди", – деб қувона бошладим. 

Германияга бориб, яшаш шароитларимни жойига қўйганимдан сўнг, онамга келишини таклиф қилиб, қўнғироқ қилдим. У эса мени нотинч қилиб қўйишни хоҳламади ва менга: "Йўқ, болам, мен унақа ҳаётда яшаб ўрганмаганман", – деб жавоб берди.

Бу унинг еттинчи ёлғони эди.

Орадан йиллар ўтди. Онам қариб, саратон касаллигига чалинган эди. Мен бор-йўғимни ташлаб уйимизга – унинг олдига жўнаб кетдим.  

Келганимда, у амалиётдан чиқиб, уйимизда – чойшабга ўралганича бир аҳволда ётар эди. 

Мени кўргач, мен томонга зўрға қараб, жилмайишга ҳаракат қилиб кўрди. Унинг бу аҳволда кўриш мен учун жуда оғир эди, аммо онагинам яна мени тинчлантиришга ҳаракат қилиб: "Болам, йиғлама, мен оғриқни сезмаяпман", – деди. 

Бу унинг саккизинчи ёлғони эди. 

У менга шундай деди-ю, кўзларини юмганича бошқа очмади"... 

Обидхон Абдулҳамидхон таржима қилди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Канада 10 000 мусулмон уйғурни кўчиришни таклиф қилмоқда

686 22:10 02.02.2023

Самарканд Эрон ва Мовароуннаҳрнинг форс тилли шоирлари шеърларида

313 21:35 02.02.2023

Масхаралашми ёки сўз эркинлиги?

489 21:07 02.02.2023

Юрагини бўйсундиролмаётган аёл

905 20:05 02.02.2023

Тазйиқ ва қўрқув: Моди даврида ҳиндистонлик мусулмонлар ҳаёти

665 18:45 02.02.2023

Қуръон сура ва оятларини кириллчада ёзиб ёдласа бўладими?

1457 17:20 02.02.2023
« Орқага