CАВОЛ:
Қаттиқ совуқ бўлганидан сувлар музлади. Натижада балиқлар ҳам музлаб ўлиб қолди. Сувда музлаб ўлган балиқни еса бўладими?
ЖАВОБ:
Бирор бир ташқи сабаб яъни қаттиқ иссиқ, ёки қатиқ совуқ сабабли сувда ўлган балиқ ҳалол бўлиб, уни ейиш жоиз. Албатта, ҳеч қандай ташқи сабабсиз сувда ўлиб, сув юзасига қалқиб чиқиб қолган балиқни ейиш ҳалол бўлмайди. Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Денгиз (соҳилга) чиқариб ташлаган ёки ундан сув пасайганларини еяверинглар. Аммо унда ўлган ва сув юзига қалқиб чиққанини еманглар” (Абу Довуд, Ибн Можа ва Дорақутний ривояти).
Бу ҳақда мазҳабимиз фуқаҳолари шундай дейишган:
“Балиқнинг ҳалоллигидаги асл қоида, бирор бир ташқи офат сабабли ўлган бўлса, уни ейиш жоиз бўлади. Офатсиз, ташқи сабабсиз ўлган бўлса, ейиш жоиз бўлмайди” (“Раддул мухтор” китоби, 5-жуз, 248-бет).
Хулоса қилиб айтганда қаттиқ совуқда музлаб ўлиб қолган балиқларни ейиш жоиз. Валлоҳу аълам.
Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази