Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Тафсир илмига кириш

1989

“Тафсир” сўзи арабча “фассаро” сўзидан олинган бўлиб, “баён қилиш, очиб бериш ва равшан қилиш”, деган маъноларни англатади. 

Истилоҳда эса “тафсир — шундай илмки, унда Қуръон оятларидан Аллоҳ Таъоло нимани ирода қилганини инсоний нуқтаи назардан ўрганилади”.

Абу Ҳайённинг таърифларига кўра “Тафсир — шундай илмки, бу билан Қуръон лафзларининг қандай нутқ қилинишини (қироат илми), сўзлар нимага далолат қилишини (луғат илми), ҳар бир сўз ва жумланинг ҳукмларини (сарф, наҳв, баён ва бадийъ илмлари), жумланинг ўзидан бевосита тушуниладиган маъноларни (ҳақиқат ва мажоз илми), шунингдек, носих ва мансух оятлар, оятларнинг нозил бўлиш сабаблари ҳамда тарихий қиссалардан кўзланган мақсадлар ўрганилади”.

Тафсир илмининг пайдо бўлиши

Қуръон оятлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил мобайнида бўлак-бўлак ҳолда нозил қилинган. Оятлар нозил бўлиш жараёнида Пайғамбаримиз уларнинг ўқилишини ва маъноларини саҳобаларга тушунтириб берарди. Аслида Қуръон мумтоз араб тилида нозил бўлгани учун унинг маъноларини тушунишда саҳобалар унчалик қийинчиликка дуч келишмаган. Аммо шу билан бир қаторда, асл мақсади нозик бўлган Қуръон оятлари бор эдики, уларни тушунишда саҳобалар ҳам қийналишарди. Улар бундай ҳолларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга бу оятларнинг асл моҳиятини баён қилиб берар эди.

Масалан, Аллоҳ таоло Кавсар сурасининг илк оятларини нозил қилганида саҳобалар “Кавсар” нима эканини тушунмадилар. Шунда Набий алайҳиссалом: “Кавсар – Роббим менга ваъда қилган анҳордир (ҳовуздир)”, дея шарҳлаб, кавсар сўзини тафсир қилиб берган. Ҳудди шундай ҳолат бошқа бир қанча оятлар мисолида ҳам содир бўлган. Демак, тафсир илмига қўйилган илк пойдевор Пайғамбаримизнинг даврларига бориб тақалади ва илк муфассир сифатида, Қуръони Каримни ўргатувчи муаллим сифатида Пайғамбаримизни эътироф этсак, хато бўлмайди. 

Пайғамбаримиз Қуръони Карим оятларини шарҳлаб берганида айрим саҳобалар у зотнинг ҳар бир сўзини қунт билан тинглаб, ёдлаб ола бошладилар. Ана шундай саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Али ибн Абу Толиб, Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳум) кабилар тафсир илмининг асосчилари бўлиб хизмат қилишди. Ислом диёрларининг кенгайиши сабабли юқорида санаб ўтилган тўрт саҳобадан учталари турли шаҳарларда истиқомат қилишларига тўғри келди. Масалан, Абдуллоҳ ибн Аббос Маккада, Убай ибн Каъб Мадинада, Абдуллоҳ ибн Масъуд эса Куфада яшадилар. Қуръон оятларини тушунишга қийналган кишилар аввал бевосита пайғамбаримизга мурожаат қилишган бўлса, у кишидан сўнг мана шу  саҳобалардан сўрай бошладилар. Бу ҳолат эса ўз-ўзидан Макка, Мадина ва Ироқ тафсир мактабларининг пайдо бўлишига олиб келди. 

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу асос солган Макка тафсир мактабида у кишининг шогирдлари сифатида Саъид ибн Жубайр, Икрима, Товус ибн Кайсон, Мужоҳид, Ато ибн Абу Рабоҳ кабилар етишиб чиқишди. 

Мадина тафсир мактабида эса Абул Олия Рофийъ ибн Миҳрон, Муҳаммад ибн Каъб, Зайд ибн Аслам кабилар Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан тафсир илмига доир билимларни эгалладилар. 

Ироқ тафсир мактабида эса Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бошчиликларида Масруқ ибн Аждаъ, Қатода, Ҳасан Басрий каби олим тобеъинлар етишдилар. 

Бу давргача Қуръони Каримнинг тушуниш мушкул бўлган оятлари дастлаб бошқа оятлар орқали, агар оятдан топилмаса Пайғамбаримизнинг сўзлари орқали, агар ундан ҳам топилмаса, саҳобанинг сўзлари орқали тафсир қилинар эди. Шу билан бирга, тафсир илмига доир билимлар ҳали ёзиб борилмасди, фақатгина ёдлаб қолиш ва шогирдларга оғзаки етказиш орқали сақланиб келган.

Тафсир илмининг кенг тарқалиши ва ёзиб борилиши ҳижрий иккинчи асрга тўғри келади. Яъни ҳадис илми билан баробар бошланган. Яъни,  ҳар бир муҳаддис ўзининг ҳадис китобида алоҳида тафсир учун боблар ажрата бошладилар ва шу тариқа тафсир илмига оид маълумотлар қоғозга туша бошлади. 

Юқорида айтиб ўтганимиздек, саҳобалар ва тобеъийнлар асрида тафсир оғзаки ривоят ва нақл шаклида бўлиб, таълиф қилиб алоҳида китоб ёзилмаган эди. Тафсир илми борасидаги биринчи китоб Абдулмалик ибн Журайжга тегишли экани айтилади. Кейинчалик Муҳаммад ибн Жарир Табарий, Яҳё ибн Салом, Абу Бакр Нисобурий ва бошқа муфассирлар бу борада китоб ёзиб, шуҳрат топдилар. 

Тафсир турлари

Биринчи тур – “Тафсир бил маъсур”. Бу турдаги тафсирда муфассир Қуръони карим оятларини аввало бошқа оят билан, кейин ривоят қилинган саҳиҳ ҳадислар ва саҳобаларнинг қавллари билан тафсир қилади. Бу услубда ёзилган тафсирларнинг машҳурлари қуйидагилардир: Муҳаммад ибн Жарир Табарийнинг “Жомиъул баён фи тафсирил Қуръон”, Абу Муҳаммад Ҳусайн ибн Масъуд ибн Муҳаммад Бағавийнинг “Маъолимут танзил”, Имодуддин Исмоил ибн Касирнинг “Тафсирул Қуръонил азим”, Жололиддин Суютийнинг “ад-Дуррул мансур  фит-тафсири бил маъсур” китоблари. 

Иккинчи тур – “Тафсир бир рай”. Бу турда муфассир Қуръон оятларини  ўз фикри ва ижтиҳоди ила тафсир қилади. Аммо ўз фикри ва ижтиҳоди ҳам соф эътиқод, шариъатнинг асосий мақсадлари ва ғоялари чегарасидан чиқиб кетмайди. Рай билан қилинган тафсирлардан: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайн Фахриддин Розийнинг “Мафотиҳул ғайб”, Насриддин Абдуллоҳ ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Али Байзовийнинг “Анворут-танзил ва асрорут-таъвил”, Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафийнинг “Мадорикут-танзил ва ҳақоиқут таъвил” китобларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Учинчи тур – “Тафсири ишорий”. Бу қисмда муфассир оятнинг зоҳирий маъносига қарамай, унинг махфий ишоралари тақозаси билан тафсир қилади. Бу асосан сулук ва тасаввуф арбобларининг услубидир. Бу қисмга доир тафсирларга: Низомиддин Ҳасан ибн Муҳаммад Ҳусайн Хуросоний Найсобурийнинг “Ғароибул Қуръон ва рағоибул Фурқон”, Шерозийнинг “Ар роисул баён фи ҳақоиқил Қуръон” китобларини мисол қилишимиз мумкин. 

Манбалар асосида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўзбекистон Президенти Режеп Таййип Эрдоғанни Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклади

992 22:17 28.05.2023

Туркияда президентлик сайлови қизғин давом этмоқда

1367 15:03 28.05.2023

Озарбайжонда Мустақилликнинг 105 йиллиги нишонланмоқда

1234 12:50 28.05.2023

Диний қўмита «Ҳаж-2023» мавсуми қачондан бошланишини эълон қилди

1915 11:22 28.05.2023

Тумор, кўзмунчоққа ўхшаш нарсаларни машинага осиб қўйиш ҳақида

3263 09:20 28.05.2023

Туркияда сайлов. Эртага ким ғалаба қозонади, Эрдоғанми ё Қиличдорўғли?

4566 18:45 27.05.2023
« Орқага