Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

Такаббури йўқ одам қанақа бўлади?

1657

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«У киши: 

«Сенда такаббур бор дейсизларми? Батаҳқиқ, мен эшак минганман, шамла кийганман ва қўй соққанман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ким шуни қилса, унда кибрдан бирор нарса бўлмайди, деганлар», деди». 

Шарҳ: Демак, такаббурлик кишилар билан бўладиган муомалада кўринар экан. Хусусан, камтар, мутавозеъ киши оддийроқ, одмироқ маркабни минишдан орланмас экан. Масалан, улов сифатида эшак миниб юрган одам мутакаббир бўлмас экан. 

Шунингдек, такаббури йўқ одам оддий кийимларни кийиб ҳам юраверади. Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳу ўзларининг камтарликлари далили сифатида шамла кийганларини айтмоқдалар.

Шамла елкадан ёпиниб юрадиган оддий кийим. 

Камтар одам қўй боқишни ўзига ор деб билмайди. Уни ушлаб, қўрага қамаб, уни ўзи соғиб келган киши ҳам кибрли одам бўлмайди. 

Бу ҳақиқатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари таъкидлаганлар. 

  “Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага