Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Талабалар турар жойи фаҳш ўчоғи бўлмасин!

19013

Ижтимоий тармоқларда Миллий университетнинг талабалар турар жойида яшовчи бир йигит ва қизнинг интим муносабатлари акс этган видео тарқалди.

Аввал ҳам талабаларнинг зиммасидаги асосий вазифа таълим олиш эканлигига кўп бора тўхталганмиз. Олий таълим муассасаси йигит-қизларнинг кўнгилхушлик қиладиган эмас, билим оладиган маскани эканлиги такрор-такрор айтилади. Лекин тарқалган видео бу насиҳат ва жон куйдиришларнинг аксини кўрсатмоқда.

Талабаларнинг аксарияти доимий турар жойидан узоқда яшаб, ўқишга мажбур. Чунки Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларининг кўпчилиги пойтахтда ёки вилоят марказларида жойлашган ва талабаларнинг катта қисми вилоятлардан келган бўлади. Бу эса уларнинг Тошкентда яшаб, ўқиши кераклигини англатади. Бироқ ҳеч бир университет ўзининг барча талабаларини ётоқхона билан таъминлай олмайди. Шу сабаб айримлар ижарада ёки танишларининг уйида яшайди. Ётоқхонага эса маълум бир чиғириқлардан ўтган, белгиланган талабларга мос тушадиган талабаларгина олинади. Талабалар турар жойида яшаш истагида бўлган талабгорлар кам таъминланган, ота-онаси ёки уларнинг бири вафот этган, университетда аъло баҳоларга ўқиб, ўзини кўрсатган ва умумий айтганда намунали талаба бўлиши керак. Лекин бу видеони кўриб бир савол юзага чиқади: намунали талабалар шундай бўлса, қолганларнинг ахлоқи қандай экан?..

Жорий йил аввалида ҳам айнан Миллий университетнинг ётоқхонасида қизлар ва йигитларнинг биргаликда яшаши масаласи муҳокама қилинган эди. Ўшанда талабалар турар жойида қизлар ва ўғил бола талабаларнинг бир қаватда яшаб, битта ошхона ва ҳожатхонадан фойдаланаётгани айтилиб, кейинчалик таълим йўналишида фаолият кўрсатувчи блогерлар вазиятни ўрганиш учун борганида, бу ҳолат қизларга ноқулайлик туғдирмаётганини маълум қилишганди.

Ўша вақтда университет маъмурияти томонидан берилган маълумотга кўра, пандемия сабабли талабалар сарсон бўлмасин деб, қизлар яшайдиган қаватдаги бўш хоналарга ҳам ўғил болалар жойлаштирилгани айтилган эди. Лекин карантин чекловлари юмшаб, коронавирус билан боғлиқ ҳолат барқарорлашган бўлса-да, ҳалигача улар бошқа жойга кўчирилмагани тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Тармоқда тарқалган видеодаги ҳолатнинг сабаби аввало йигит-қизларнинг диний, миллий урф-одатлардан, маънавиятдан узоқлиги бўлса, бошқа сабаби қизлар ва йигитларнинг бир қаватда аралаш яшаётганидир, эҳтимол.

Лекин нима бўлганда ҳам, ҳар қандай инсон нафсини тийиши керак. Ота-оналар фарзандининг билим олиши учун меҳнат қилиб, уларни моддий таъминлаб турса, дуоларида фарзандининг комил инсон бўлиши, унинг бахту камолини кўришини сўраб ибодат қилса-ю, фарзанд дегани бу каби ахлоқсизликларга қўл урса... Айниқса, қиз бола учун бу жуда ёмон ҳолат. Чунки аёл киши шарм, ибо, ҳаё бобида ўрнак бўлиши керак.

Тарқалган видеода йигитни ҳам, қизни ҳам таниб бўлмайди. Агар кимлиги маълум бўлса, уларнинг ота-онаси не аҳволга тушиши мумкинлигини тасаввур қиляпсизми? Оқ ювиб, оқ тараган, «менинг болам илм оляпти», деб кўкрак кериб юрган ота-она ўз фарзандининг бу каби фаҳш ишлар билан машғул эканини билса, улар учун бундан ёмон хабар бўлмаса керак. Шу сабаб ҳар бир талаба, ҳар бир ёш ва ҳар бир инсон уларнинг ўрнида ўзи бўлиши мумкинлигини ҳис этган ҳолда ахлоқ-одоб доирасидан чиқмаслиги, асл мақсади йўлидан чалғимаслиги керак. Чунки бизнинг одобимиз, бизнинг амалларимиз фақатгина ўзимизнинг эмас, яқинларимизнинг ҳам юзи, обрўси ҳисобланади.

Шерали Солиев


 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Кўзбўямачилик кимга керак ёхуд Самарқанддаги сохта йиғилишлар

57 12:31 08.12.2021

Халқаро суд Арманистоннинг Озарбайжонга қарши даъвосини рад этди

182 11:30 08.12.2021

Жамол Қошиқчини ўлдиришда гумонланувчи Парижда ҳибсга олинди - ОАВ

298 10:46 08.12.2021

Бухоро: қадимий мадрасага гўзаллик салони рекламаси ўрнатилган

400 10:12 08.12.2021

Афғонистон: ўрмонларни ҳимоя қилиш учун ҳарбий бўлинма тузилди

230 09:39 08.12.2021

БААда дам олиш кунлари ўзгаради

829 09:15 08.12.2021
« Орқага