Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Таълим муассасалари қачонгача рўмол билан курашади?!

4282

Биз ҳамон юртимиздаги катта муаммолар бир четда қолиб, жамият равнақи учун халал бермайдиган аёлларимизнинг рўмолига осилиб юрибмиз. Ислом динимиз бу масалани қанча вақт олдин узил-кесил ечимини айтиб қўйганига ва юртимизда виждон эркинлиги тўғрисида қонун борлигига қарамай, баъзи масъулларнинг таълим муассасаларида қизларнинг рўмол ўрашига қарши чиқаётгани ўта ачинарлидир. Бу ҳол бугунги кунда бир эмас, бир нечта таълим даргоҳларида кузатилмоқда. Жумладан, ижтимоий тармоқларда яқин кунларда барчани эътиборини тортган Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети декани ўринбосари Равшан Омонов талабалар билан ўтказган мажлисда айтган гаплари бўлди:

“Ўқишга ибодат либосида келиш тақиқланади, бундай кийинганларни дарсга киритган ўқитувчиларга ҳам чора кўрилади. Ташқарида қандай юриш ўзингизнинг ихтиёрингиз, лекин университет ҳудудига кирган вақтда рўмолни орқа тарафга ўраб олишга мажбурсизлар. Агар университетнинг бу тартиби, қонун-қоидаси сизларга тўғри келмаса, марҳамат қилиб университет билан шартномани бекор қилишингиз ва шунга рухсат берган бошқа ОТМга ўтишингиз мумкин”, – деган у.

Биз Равшан Омонов билан телефон орқали боғландик ва юқоридаги масала юзасидан изоҳ сўраганимизда, бизга Facebook саҳифасида ҳолат бўйича изоҳ ёзганман, деб жавоб берди. Р. Омоновнинг Facebook саҳифасидаги изоҳи:

“Аввало ризқ Аллоҳдан. Бу университет ички тартиб-қоидалари ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184-1-моддаси талаби бўйича кечки таълим йўналишида ўқийдиган 1-курс талабалари билан ўтказилган профилактик суҳбат ва тавсиявий характердаги кўрсатма бўлган, холос. Лекин ҳеч бир талабага мажбурий равишда бу талабларга бўйсуниш шарти қўйилмаганини маълум қиламан. Қолаверса, ҳеч ким қизларнинг рўмол ўрашига қарши эмас. Мен топшириқ ижрочисиман. Яъни ички тартиб-интизом ва кодексини мен ишлаб чиқмаганман”, – дея ёзган Р. Омонов. (Кўп вақт ўтмай бу пост ўчириб ташланган).

Бу каби қизларни рўмол ўрашига тўсқинлик қилиниш жараёни Андижон давлат тиббиёт институтида ҳам кузатилган. Биз воқеага ойдинлик киритиш мақсадида Андижон давлат тиббиёт институти Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор М. Ботиров билан телефон орқали боғландик. Таълим муассасасида қизларнинг рўмол ўраб юриши ҳолатига ҳар икки олийгоҳ мутасаддилари ҳам деярли бир хил жавобни беришди. Умумий гап “талабаларга суҳбат ва тавсиявий характердаги кўрсатма бўлган” деган фикр билдирилди. Таълим муассасаларида бундай муаммони кўтарилиши бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ва кўплаб фуқароларнинг мурожаатлари бир қатор ижтимоий тармоқ кузатувчиларининг норозилигига сабаб бўлди. Лекин ачинарли томони, аёлларимизнинг ўқув даргоҳларида рўмол ўраб юришларига ўз юртдошларимиз, диндошларимиз қарши бораётгани кўнгилни хира қилади. Улар бир нарсани: бу ишлари билан фақат аёллар рўмолига эмас, Аллоҳнинг буйруғига ҳам қарши бораётганини тушунишмаяпти. Балки бу кишиларга ҳам кимлардир буюраётгандир, лекин нима бўлган тақдирда ҳам, ўзимизга ўхшаган оддий инсонни буйруғини бажараман деб, Яратганга қарши бориш керак эмас. Чунки бир кийим инсонни илм олиши учун ҳеч қандай тўсқинлик қилмаслиги барчамизга кундек равшан.

Юқоридаги муаммолар ижтимоий тармоқларда тарқалганига ҳам тўрт кун бўлди. Бу вақт ичида қизларнинг рўмол ўрашига эътироз билдирган, бўлган ишлардан, юртдошларимизнинг панд-насиҳатларидан хулоса чиқариб, бутун мусулмон биродарларимиздан узр сўраганлар ҳам бор. Булардан бири Равшан Омоновдир.

Р. Омонов бугун ижтимоий тармоқларда таълим муассасасида қизларнинг рўмол ўраши ҳақида гапирган сўзларидан афсусда эканлиги, бу гапларни қизиқ устида ҳиссиётга берилиб, ёшлик қилиб гапирганини, бу ишнинг орқасида ҳеч ким йўқлигини, ҳеч бир юқори ташкилотдан бу ҳақида топшириқ ҳам бўлмаганини айтиб мусулмонлардан узр сўради.

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Депутат: "Диний таълим ҳақидаги фикримни Кушербаев қўллади, холос!" 

2192 11:36 08.05.2021

“Диний таълим болаларни зомбига айлантиради деганимиз йўқ...”

2249 10:20 08.05.2021

Мубашшир Аҳмад: “Ўзбекистонда дин соҳасидаги энг катта муаммо – хусусий диний таълим”

1061 05:00 08.05.2021

Хитойнинг ёрдами беғаразми?

1429 17:00 07.05.2021

Диний таълим

805 16:00 07.05.2021

Дин соҳасидаги энг катта муаммо — шу!

1560 12:10 07.05.2021
« Орқага