Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Танзания: минг йиллик масжидлар диёри

2234

Танзания, расмий номи Танзания Бирлашган Республикаси — Шарқий Африкадаги давлат. Миллатлар Ҳамдўстлигига аъзо. Шимолда Кения ва Уганда, ғарбда Руанда, Бурунди ва Конго Демократик Республикаси, жанубда Замбия, Малави ва Мозамбик билан чегарадош. Ҳинд океани шарқий чегарасидир.

Пул бирлиги - Танзания шиллинги.

Материкнинг Танганьика қисмини ҳамда Занжибар ва Пемба оролларини ўз ичига олади. Майдони 945,1 минг км². Аҳолиси 61 млн. Пойтахти — Додома шаҳри. Танзания маъмурий жиҳатдан 30 вилоятга бўлинади.

Давлат тузуми

Танзания — республика. Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибига киради. Амалдаги конституцияси 1977 йилда қабул қилинган. Давлат бошлиғи – президент, у умумий сайлов йўли билан 5 йил муддатга сайланади ва яна 1 муддатга қайта сайланиши мумкин. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни бир палатали парламент — Миллий мажлис, ижрочи ҳокимиятни президент ва бош вазир бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади. Мамлакат орол қисмининг 1979 йил тасдиқланган ва 1985 йил кучга кирган конституциясига биноан Занжибар ва Пемба ороллари Танзания таркибидаги мухторият ҳисобланади.

Танзанияда 120 дан ортиқ халқ яшайди. Аҳолининг кўпчилиги бенуеконго тилларида сўзлашувчи шарқий банту халқларига мансуб. Уларнинг аксариятини нямвези, суахили, хехе, бена, погоро, маконда ва бошқа элатлар ташкил қилади. Давлат тиллари — суахили ва инглиз тиллари. Шаҳар аҳолиси 24,4%. Йирик шаҳарлари: Доруссалом, Занжибар, Танга, Мванза, Аруша, Додома.

Мустамлака даври

1885 йилда Танзания соҳилларига 29 ёшли немис Карл Петерс тушган. У тезда 12 та қабила раҳбарлари билан васийлик тўғрисида, яъни уларни немислар тобелигига ўтиши тўғрисида шартномалар тузди ва 1888 йилда ҳозирги Танзаниянинг бутун қирғоқбўйи қисмини Занжибар султонидан 50 йилга ижарага олди.
Бундан хавотирга тушган инглизлар 1890 йил ноябрда Занжибар султони билан васийлик шартномасини имзолади. 1891 йилда Петерс Германиянинг Шарқий Африкаси императорлик мустамлакаси яратилганини эълон қилди.

Биринчи жаҳон урушидан сўнг Танзания Буюк Британия қарамоғига ўтди. Инглизлар плантация хўжалигини, биринчи навбатда пахта ва қаҳвани ривожлантиришни давом эттирди.
1961 йил 9 декабрда Англия ҳозирги Танзаниянинг материк қисми бўлган Танганьикага ва 1963 йил 10 декабрда султонлик бўлган Занжибарга мустақиллик берди. Бироқ, 1964 йил 12 январда Занжибарда қўзғолон бошланиб, султон ҳокимияти ағдарилди, 1964 йил 26 апрелда Танганьика республикаси ва Занжибар ва Пемба Халқ республикалари раҳбарияти Танганьика ва Занжибар Бирлашган Республикасининг ташкил этилганлигини эълон қилди. 1964 йил 29 октябрда бу ном қисқартирилди ва мамлакат Танзания деб номланди.

"Танзания" топоними ушбу мамлакат таркибига кирган иккита собиқ мустамлака номлари қоришмаси сифатида шаклланган: Танганьикадан -тан ва Занжибардан -зан олиниб Танзания шаклига келтирилган. Мамлакатнинг иккита пойтахтга бор: маъмурий марказ - тарихий пойтахт Доруссалом ва қонун чиқарувчи марказ - Додома, у ерда ҳукумат асосий идораларни 1970 йилларда кўчирган.

Жулиус Нерере бошчилигида Танзанияда давлат қуриш йўналиши эълон қилинди. Бутун мамлакат бўйлаб ёшлар, аёллар, кексаларни жамоат объектлари, йўллар, кўприклар қурилишида иштирок этиш бўйича "ихтиёрий кампания" бошланди. Ушбу вазифа ҳарбий тайёргарлик билан бирлаштирилди. Шу билан бирга, ҳукмрон ТАНУ (Танганьика Африка миллий иттифоқи) партиясининг кўплаб раҳбарлари шахсий бойлик йиғишга берилиб кетди. 1966 йилда мажбурий меҳнатдан бош тортган талабалар томонидан норозилик намойишлари бошланди. Танзания ҳукумати ушбу намойишларни ҳарбий куч билан бостирди.

1967 йил январ ойида ТАНУ раҳбарияти Танзанияда коммунизм қуриш дастурини эълон қилди. Шундан сўнг мамлакатда банклар, саноат корхоналари, ташқи савдо ташкилотлари, шунингдек қишлоқ хўжалиги плантациялари, шу жумладан чет элликларга тегишли бўлганлар миллийлаштирилди.

Қишлоқ жойларда танзаниялик коммунизм “ужамаа” концепциясига мувофиқ колхозлар ташкил этила бошланди. Ушбу янгиликлар мусулмонлар кўп бўлган Занжибарда алоҳида қаршиликка дуч келди, у ерда 1972 йилда асосий партия етакчиси ўлдирилган эди. Қасос сифатида Танзания ҳукумати ўнлаб фуқарони қатл этди.

Ўтган асрнинг 70-йиллари ўрталарида мамлакатдаги барча чакана савдони тўлиқ миллийлаштириш учун "Мадука" операцияси бўлиб ўтди, аммо у муваффақиятсиз тугади.

Ўша йиллардан бери мавжуд бўлган бир партияли бошқарув тизими 1995 йилда сайловлар кўп партиявийлик асосида ўтказилгандан сўнг ўз фаолиятини тўхтатди.

Дин

Танзанияликларнинг ярмидан бир оз кўпроқ қисми (55-60%) христианлардир. Мусулмонлар расман 30-32% дейилса-да, 50 фоизгача етиши айтилади. Этник озчиликлар орасида ҳиндлар, баҳоийлар, буддистлар, сикхлар, жайнлар ва бошқалар бор.

Мусулмонлар Занжибарда (97%), кўплаб қирғоқбўйи ҳудудларда, шунингдек мамлакат ички қисмидаги шаҳарларда кўпчиликни ташкил қилади. Деярли барча мусулмонлар суннийлардир (80 дан 90% гача), шунингдек, шиа озчилиги ҳам мавжуд.

Милодий биринчи минг йилликнинг бошларида ҳозирги Танзания соҳилида форс савдогарлари пайдо бўлди, ундан кейин араб савдогарлари келишди. Улар замонавий Танзания ҳудудига Ислом динини олиб келишди. Ўшанда янги этник жамоа - суахили ташкил топган. X асрда ўз таъсирини Шарқий Африканинг қирғоқларигача етказган Килва султонлиги пайдо бўлди. 

1107 йилда Унгужа оролида Шероздан келган муҳожирлар томонидан жанубий яримшардаги биринчи масжид – Кизимкази масжиди қурилган. 

Танзаниянинг материк қисмида Ислом мусулмон савдогарлари томонидан тарқатилди. Бироқ, Исломнинг кенг тарқалиши XIX асрга тўғри келди. Ушбу даврда бир қатор Африка қабила бошлиқлари Исломни қабул қилди. Икки жаҳон уруши ўртасидаги даврда ислом дини кенг тарқалди. XX асрнинг иккинчи ярмида мусулмонлар жамоасига Ҳиндистон ва Покистондан келган муҳожирлар қўшилди. 1969 йилда Мусулмонлар ишларини бошқариш ва муфтийни сайлаш учун Танзания миллий мусулмонлар кенгаши ташкил этилди.

Материкда мусулмон жамоалари қирғоқбўйи минтақаларида тўпланган, баъзи йирик мусулмон жамоалари шаҳарларда, айниқса, аввалги карвон йўллари бўйлаб жойлашган. Занжибар архипелаги аҳолисининг 99% дан ортиғи мусулмонлардир.

Танзаниядаги аксарият мусулмонлар Шофеий мазҳабини тутган бўлса-да, ҳанафийлар ҳам бор. Танзанияда яшовчи чет элликлар ва муҳожирлар орасида кўплаб шиалар (исмоилийлар ва имомийлар) мавжуд; 1934 йилдан бери Танзанияда Аҳмадия мусулмонлар жамоаси ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Кизимкази масжиди

Kizimkazi

Эҳтимол, бутун Шарқий Африкадаги энг қадимий масжид бўлган бу гўзал бино соҳил яқинида жойлашган. У Занжибарнинг чеккасида 1100-йилларда Шероздан келган одамлар томонидан қурилган. Ушбу кичик ва тинч масжид минг йил ичида кўп нарсаларни кўрди. Бу ерда узоқ ўтмишда маржонларга ўйиб ёзилган ёзувлар ва нақшларни топишингиз мумкин, аммо  XVIII асрда деярли қайта тикланган.

Моши Масжид

Moshi Masjid

Моши шаҳри машҳур Килиманжаро тоғига яқин жойлашганлиги сабабли ҳар йили кўплаб сайёҳлар ташриф буюради, аммо шаҳарнинг ўзи у қадар эски эмас. Аслида, у 1800 йилларнинг охирларида немис лагери сифатида ташкил этилган. Бугунги кунда шаҳарда мусулмонларнинг катта қисми яшайди, шунинг учун бу ерда масжидлар ва ҳалол ресторанларни топиш қийин эмас. Моши  масжиди шаҳарнинг марказида жойлашган. Баланд миноралари бўлган оппоқ масжид ақлни шоширади.

Каддафи масжиди

Gaddafi Mosque

Танзаниядаги энг машҳур масжидлардан бири бўлган масжид мамлакатдаги энг катта масжиддир. Шунингдек, у бутун қитъа бўйича иккинчи ўринда туради. Масжидга уни қуриш учун маблағ ажратган Ливиянинг собиқ раҳбари Муаммар Каддафи номи берилган. Ушбу масжиднинг архитектураси ва улуғворлиги жуда ажойиб, шунинг учун Танзанияга келган сайёҳлар ушбу гўзал масжидни зиёрат қилишади.  Масжид Додома шаҳрининг марказида жойлашган бўлиб, уч мингга яқин намозхонни сиғдира олади.

Иджумма (Жума) масжиди

Ijumma Mosque

Жума номи билан аталган бу гўзал масжид йигирма йил олдин тўлиқ таъмирланган. 1994 йилда қайта қурилганидан сўнг, масжид арабча услубда безатилди ва араб меъморчилигининг таъсири масжид устунлари орқали билиниб туради. Бу шаҳардаги энг катта масжидлардан бири бўлиб, айниқса жума кунлари намоз ўқиш учун узоқлардан келган одамлар билан тўлиб кетади.

Абу Акбар тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Танзанияда Халқаро Қуръон мусобақаси бўлиб ўтди

1278 11:05 18.04.2022

Танзанияда илк бор аёл киши президент бўлади

1313 12:35 19.03.2021

Африкада чигиртка балоси: Танзания шошилинч чоралар кўряпти

1363 17:30 25.02.2021

Танзанияда номаълум касаллик ўлимларга сабаб бўляпти

1599 10:42 08.02.2021

Танзаниядаги қорилар мусобақасига 60 минг киши йиғилди

1821 17:20 20.05.2019
« Орқага