Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Тақводорларга ҳидоят бўлган китоб. Бақара сурасининг 2-ояти

2595

Аллоҳ таоло бақара сурасининг 2-оятида шундай марҳамат қилади:

“(Ҳақ эканлигига) ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу Китоб тақволи кишилар учун раҳбар – йўлбошчидир”.

Ояти Каримадаги “заликал китаб” – “ушбу китоб” жумласидан мурод Қуръони каримдир. Аллоҳ таоло ушбу оятда Қуръони каримни “Китоб” деб номлади. Чунки “Қуръон” деганда ўқиладиган нарса назарда тутилади. “Китоб” сўзида эса нафақат ўқиб, қалбларда ёд олинадиган нарса, балки сатрларда ёзилган ва қиёматгача сақланиб қоладиган манба, каби маънолар тушунилади. 

Имом ибн Касир “залика” (анави, ушбу) калимаси гоҳида “ҳаза” (бу) калимаси ўрнида ишлатилишини айтиб ўтганлар. Имом Табарий эса “залика” – “анави” калимаси ишлатилишидан мақсад бу оятлардан олдин ҳам Маккада, Мадинада нозил бўлган бошқа сура ва оятларни қамраб олиш учун деганлар. 

“Ройб” калимаси эса “шак”, “шубҳа” каби маъноларни ифодалайди. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз “Ла ройба фийҳ” калимасини “Лаа шакка фийҳ” (Унда шубҳа йўқ) деб тафсир қилганлар. Яъни, Қуръони карим шундай китобки, унинг Аллоҳ томонидан нозил қилинганида шак шубҳа йўқ. Ёки унинг учида асло шак шубҳа йўқ.

“Ҳидоят” калимаси кишини бирор йўлга йўналтириб қўйиш, иршод қилиш маъноларини ифодалайди. 

Ояти каримада “ҳудан лилмуттақийн” яъни “Тақводорларга ҳидоятдир” дейилди. Демак, Қуръони карим фақат тақводорларгагина, фақат мўминларгагина ҳидоят, нур бўлар эканда, деган савол туғилиши табиий. Бу саволга Имом Табарий “Ҳа, шундай” деб жавоб берадилар. “Агар бундай бўлмаганда, яъни тақводорлардан бошқаларга ҳам бирдек ҳидоят бўлганда Аллоҳ “тақводорларга ҳидоятдир” деб таъкидламаган бўлар эди. Балки Умумий шаклда зикр қилиши мумкин эди. Демак, бу китоб тақводорларга ҳидоятдир, қалбида имони борларга шифодир. Қуръонни ёлғонга чиқарувчиларнинг қўлоғига эса қўрғошин, инкор қилувчиларнинг кўзларига тўсиқ, кофирларга ҳужжатдир. Мўмин Қуръон орқали ҳидоятланади. Кофир эса ожиз қолади”. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиздан ривоят қиладиларки: “Ҳудан лилмуттақийн” яъни, мўминларга ҳидоятдир. 

Ана энди “муттақин”лар ўзи ким деган саволга жавоб излаймиз. Имом Табарий ўз тафсирларида “Аллоҳ бажаришни ман қилган ишларини бажармай, гуноҳларидан четланиб, буюрган фарзларини бажарганлар”, тушунилади деганлар. Ибн Аббос айтадиларки: “Муттақинлар ширкдан ўзоқ бўлганлар ва Аллоҳнинг тоатида амал қилганлардир”. Ҳасан Басир эса “Муттақинлар Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан четланган ва фарз қилган ишларини бажарганлардир”, деганлар. Демак, булардан билиб оламизки, фақатгина ҳаромдан четланишни ўзи тақво ҳисобланмайди. Балки фарзларни ҳам адо этиш шарт ҳисобланади.

“Муттақин” калимаси ўзи “сақланган” деган маънони ифодалайди. Яъни, муттақинлар – охиратда ўзларига зарар берадиган нарсалардан сақланган кишилардир.

Имом Байзовий муттақинликнинг учта даражаси бор, дейдилар.

Биринчи даража охиратдаги абадий азобдан ўзини сақлаш. Бу ширкдан, куфрдан узоқ бўлиш орқали амалга оширилади. 

Иккинчи даража ҳар қандай гуноҳлардан, каттасидан ҳам, кичигидан ҳам сақланиш. Бу сиз-у, биз муомилада ишлатаётган тақво ҳисобланади. 

Учинчи даража эса ботини Ҳақ таолодан чалғитиб қўядиган ҳамма нарсадан узоқлашиш ҳисобланади. Мана шу тақвонинг энг юқори даражасидир. 

Аллоҳ барчамизни муттақин – тақводор бандалардан қилсин. 

Манбалар асосида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний идора “Жума табриги ва диний маърузаларни тарқатиш”га муносабат билдирди  

353 12:04 30.05.2023

Жума табриги ва диний масалаларни тарқатиш атрофидаги гап-сўзларга диний идора муносабати

117 12:01 30.05.2023

Косово шимолида серблар ўнлаб тинчликпарвар аскарларни жароҳатлади

290 09:29 30.05.2023

Хожа Аҳрори Валий, Али Қушчи, Амир Темурларнинг Истанбулга қандай алоқаси бор?

2855 14:14 29.05.2023

Чегарадаги отишма: Эрон ва Афғонистон ўртасидаги кескинлик нега кучайди?

3377 11:41 29.05.2023

Ўзбекистон Президенти Режеп Таййип Эрдоғанни Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклади

1659 22:17 28.05.2023
« Орқага