Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Тарбия – буюк неъмат

1166

Фарзанд – инсонга берилган бебаҳо неъматлардан бири. Боланинг вояга етиши ва қандай инсон бўлиши кўп жиҳатдан ота-она тарбиясига боғлиқ. Аммо шундай болалар борки, ота-онаси тирик бўла туриб, уларнинг меҳрига, тарбиясига муҳтож. 

Яқинда ЮНИСЕФнинг болаларни ҳимоя қилиш бўйича ўтказилган йиғилишда болаларни интернатларга жойлаштиришнинг асосий сабаблари юзасидан олиб борилган тадқиқот натижалари таҳлил қилинди. 

Аслида инсонга ота-она тарбияси бутун умр давомида керак бўлади. Лекин болаликда уларнинг меҳри ўрнини босиб бўлмас эҳтиёж даражасида бўлгани сабабли ана ота-она шу даврда фарзандини доимий қўллаб-қувватлаши, ёнида бўлиши керак. Тадқиқот натижалари эса юртимизда бунинг акси бўлаётганини кўрсатган. 

Қайд этилишича, Ўзбекистонда интернат муассасаларида яшовчи болаларнинг нисбати ҳар 100 минг нафар болага 255 тани ташкил қилади, бу дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан икки бараварга кўп. Ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг энг катта қисми 7 ёшдан 17 ёшгача, лекин бу каби болалар орасида икки ёшгача бўлганларининг сони яна-да кўп эканлиги маълум қилинган.

Шунингдек, бир ота-она берган тарбия етти авлодгача таъсир қилиши айтилган. Ота-она тарбиясини кўрмаган боланинг келгуси авлоди ҳам шунинг таъсирида тарбияланмаслигига ким кафил бўла олади?

Тўғри, интернатларда ҳам болаларга ёмон муносабатда бўлишмайди. У ерда ҳам тарбияга жиддий эътибор қаратилган. Лекин оиладаги тарбиянинг ўрни барибир бошқача бўлади.

ЮНИСЕФ ўтказган тадқиқотга кўра, болаларни интернатга жойлаштиришнинг асосий сабаблари қашшоқлик, оилавий муаммолар, миграция ва ажралиш эканлиги маълум қилинган. Демак, эр-хотин келиша олмай қолса фарзандни шунчаки интернатга топшириб, ажрашиб кетаверади. Бунда оиланинг муқаддаслиги қаерда қолади? Ахир оила жамиятнинг асосий бўғини. Оилада муаммо бўлиши жамиятга таъсир кўрсатади. Шунинг учун муаммоларни қуйидан ҳал қилиб бориш керак.

Оила қураётган ёшларга унинг муқаддаслигини, аҳли оила, фарзандлар келажагига жавобгар эканликларини тушунтириш лозим. Оиланинг муқаддаслиги, фарзанднинг азиз эканини англаган оила боласининг тарбиясини бегоналар қўлига ташлаб қўймайди.

Яна бир жиҳатга эътибор қаратадиган бўлсак, кимлардир ўз фарзандини болалар уйига топшираётган бир вақтда савоб умидидаги бошқа ҳамюртларимиз ана шундай болаларни ўз қарамоғига олиб, жонбозлик кўрсатмоқда. Яқинда бир вақтнинг ўзида олти нафар етим болани ўз оиласига қабул қилган қорақалпоғистонлик оиладан ўрнак олса арзийди.

Ҳамидуллоҳ Али

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ота-онани эъзозлаш жаннат калитидир!

829 21:05 13.01.2022

«Айрим хатти-ҳаракатларимиз аёлларимизга маънавий ноқулайлик келтирмоқда»

1309 12:05 15.12.2021

Бола ўзиники бўлса, истаганча калтаклаш мумкинми?

1349 21:32 29.11.2021

«Ярамас келгиндилар, йўқолинглар бу ердан» ёхуд шведларга ҳам ёқмаган «одатларимиз»

5396 18:30 17.11.2021

Аёл уй бекаси, зиндонбанд эмас...

1121 12:05 16.11.2021

Қизлар муҳтож қолмасин

3955 21:05 11.10.2021
« Орқага