Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Тарихда бугун: Туркистон мухторияти ташкил топгани эълон қилинди

868

1917 йилнинг 26-28 ноябр кунлари Туркистон ўлка мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойи бўлиб ўтди. Қурултойнинг 27 ноябр куни қабул қилинган қарорида шундай дейилган эди: “Туркистонда яшаб турган турли миллатга мансуб аҳоли Россия инқилоби даъват этган халқларнинг ўз ҳуқуқларини ўзлари белгилаш хусусидаги иродасини намоён этиб, Туркистонни Федератив Россия Республикаси таркибида ҳудудий жиҳатдан мухтор деб эълон қилади”.

28 ноябрда ташкил топаётган давлатнинг номи аниқланиб, “Туркистон Мухторияти” деб аталадиган бўлди. Бутунроссия таъсис съезди чақирилгунга қадар ҳокимият тўла равишда Туркистон Муваққат Кенгаши ва Туркистон Халқ (Миллий) Мажлиси қўлида бўлиши ҳақида қарор қабул қилинди. Муваққат кенгаш аъзоларидан 12 кишилик ҳукумат тузиладиган бўлди. Қурултой жараёнида Туркистон Миллий Мажлиси 32 кишидан иборат қилиб сайланди.

Туркистон Мухториятининг Муваққат ҳукумати таркибига мухториятчилик ҳаракатининг фаол иштирокчилари, жумладан, қуйидагилар хукумат аъзолари бўлдилар:

Муҳаммаджон Тинишбоев – Бош вазир, ички ишлар вазири, 2-чақириқ Давлат Думасининг аъзоси, Муваққат ҳукумат Туркистон комитетининг аъзоси, темир йўл муҳандиси.

Ислом Султон Шоаҳмедов – Бош вазир ўринбосари, Бутунроссия Мусулмонлари Кенгаши Марказий қўмитасининг аъзоси, ҳуқуқшунос.

Мустафо Чўқай – ташқи ишлар вазири, Муваққат ҳукумат Туркистон комитетининг аъзоси, Туркистон ўлка Мусулмонлар Шўросининг раиси, ҳуқуқшунос.

Убайдулла Хўжаев (Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев) – ҳарбий вазир, Бутунроссия Мусулмонлар кенгаши Марказий қўмитасининг аъзоси, ҳуқуқшунос.

Ҳидоятбек Юрғули (Юрали) Агаев – ер ва сув бойликлари вазири, агроном.

Обиджон Маҳмудов – озиқ-овқат вазири, Қўқон шаҳри думасининг раис ўринбосари, жамоат арбоби

Абдураҳмон Ўрозаев – ички ишлар вазирининг ўринбосари, ҳуқуқшунос.

Соломон Абрамович Герцфельд – молия вазири, ҳуқуқшунос.

Янги ҳукумат фаолияти фақат Қўқонда ёки Фарғона водийсида эмас, балки бутун Туркистон минтақасида яшаётган туб ер аҳолиси томонидан қизғин қўллаб-қувватланганлиги боис Туркистон Мухторияти ҳукумати қисқа муддат ичида халқ орасида катта эътибор қозонди. Шунинг учун ҳам маърифатпарвар Фитрат Мухторият эълон қилинган тунни “Миллий лайлатулқадримиз” деб атади.

Аммо большевиклар Туркистон Мухторияти ҳукуматига катта хавф деб қаради. 1918 йил 30 январда Мухторият ҳукуматини тугатиш учун ҳарбий ҳаракатлар бошланди. Туркистон большевиклари бунинг учун қизил аскарлардан ташқари арманларнинг “Дашноқцутюн” партияси аъзоларидан тузилган бешафқат қуролли дружиналаридан ҳам кенг фойдаланди.

19 февралда Қўқон шаҳрида фаолият кўрсатаётган Туркистон Мухторияти ҳукумати большевикларинг қонли ҳужумлари натижасида ағдариб ташланди. Ҳукумат бошлиғи Мустафо Чўқай шаҳарни тарк этиб, яширинишга мажбур бўлди. Вазирларнинг айримлари ҳалок бўлди, айримлари қўлга олинди. Даҳшатли жанглар ва талон-тарожлар натижасида минглаб қўқонлик ўлдирилди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тарихда бугун: Мурод Вильфрид Хофманн вафот этди

957 09:54 13.01.2022

Тарихда бугун: Теҳронда Украина самолёти уриб туширилди

402 10:05 08.01.2022

Тарихда бугун: эронлик генерал Қосим Сулаймоний АҚШ ҳужумида ўлдирилди

612 09:35 03.01.2022

Тарихда бугун: Исроил Ғазода қирғин бошлади

787 14:05 27.12.2021

Тарихда бугун: Кипрда турклар қирғин қилинди

1615 10:59 21.12.2021

Тарихда бугун: Фаластинда Биринчи интифада бошланди

589 16:00 09.12.2021
« Орқага