Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Тарихнинг номаълум саҳифаси ёхуд подшо Пётрнинг туркларга асир тушгани ҳақида

3069

 

Пётр I нинг Прут юриши тарихи. Ноқулай ҳақиқат

1709 йил Полтава жангида швед армияси мағлубиятга учрагач, Швеция қироли Карл XII Усмонлилар империяси тасарруфидаги Бендери шаҳридан паноҳ топди. Подшо Пётр ғалабадан руҳланиб Карлни усмонийлар ҳудудидан чиқариб юборишни, акс ҳолда поляк қироли билан бирга ҳарбий ҳаракатлар бошлашини пўписа қилди. Бунга жавобан Султон Аҳмад III 1710 йил 20 ноябрда Россияга уруш эълон қилди. Россия элчиси Толстой етти минорали қасрга ҳибс этилди. 

Рус элчиси П.А.Толстой

1711 йил апрелда Россия Молдавия ҳукмдори Дмитрий Кантемир билан иттифоқ тузди, 27-30 май кунлари Борис Шереметьев ўз отлиқларини Днестр орқали Молдова ҳудудига юборди ва Дунай бўйлаб дарёдан ўтиш жойларини эгаллаш учун Исакчу шаҳрига юрди. Бироқ усмонли қўшинларининг Дунайга яқинлашгани ҳақида маълумот олгач, Яссига қайтди. У ерга 25 июнь куни Пётр I қўмондонлиги остидаги рус армиясининг асосий кучлари ҳам етиб келди.

Буюк вазир Балтажи пошо

18 июнь куни буюк вазир Балтажи пошонинг Усмонли қўшини Дунай дарёсини Исакчу яқинида кесиб ўтди ва Прутнинг чап қирғоғида Қрим хони Девлет II қўл остидаги отлиқ қўшинларига қўшилди. Усмонлилар Фалчи деган жойда Прут дарёсини кечиб ўтди ва 8 июль куни Станилешти жанубидаги рус авангардига ҳужум қилди.

Рус қўшинлари 9 июль куни Янги Станилешти яқинидаги мустаҳкамланган лагерга чекинди, бироқ душман томонидан қуршаб олинди.

Турк аскарлари

Пётр I хотини деб ҳисобланган, бироқ ҳали никоҳланмаган аёли  Екатерина Алексеевна билан қўшин бошида эди. Бундан олдинроқ, князь Голицин 10 та драгун полки билан Молдова чегараларига юрган бўлса, шимолдаги Ливониядан фельдмаршал Шереметьев 22 пиёда полки билан унга қўшилиш учун йўлга чиқди. Русларнинг режаси қуйидагича эди: Валахиядаги Дунайга бориш, турк қўшинларининг дарёдан ўтишининг олдини олиш, кейин эса Усмонли империясига бўйсунган халқларнинг қўзғолонини кўтариш.

18 июль куни рус авангарди катта турк қўшинининг Фалчи шаҳри (замонавий Фелчиу) яқинида Прутнинг ғарбий қирғоғига ўтаётгани  ҳақида билиб қолди. Турк отлиқлари кундузи соат 2 да генерал Янус фон Эберштедтнинг илғор қўшинларига ҳужум қилди. Руслар туркларда артиллерия йўқлиги туфайли қутулиб қолди. Турк отлиқларининг кўпчилиги фақат камон билан қуролланган эди. 19 июлда турк отлиқлари рус қўшинини ўраб олди. 21 июлда турклар рус армиясини ўраб олди. 160 га яқин замбарак рус позицияларига доимий равишда ўқ узар эди. Россия армиясининг мавқеи умидсиз эди. Кўпгина зобитларнинг хотинлари лагерда баланд овозда йиғи, бақир-чақирни бошлашди. Пётр I нинг ўзи ҳам умидсизликка тушиб, тарихчиларнинг ёзишича, «лагерь бўйлаб югуриб, кўкрагига урар ва бир оғиз ҳам сўз демас эди».

Бригадир Моро де Бразенинг сўзларига кўра, 18-21 июлдаги жангларда рус армияси генерал-майор Видманни йўқотди, 4800 киши, Браиловни қўлга олиш пайтида 200 киши ҳалок бўлди. Шундай қилиб, қочиб кетган, қўлга олинган ва ҳалок бўлганлар сони 37 минг кишидан ошиб кетди.

Бригадир Моро-де-Бразе ўз эслатмаларида Прут кампанияси бошланишидан олдин рус армиясида 79 800 аскарни ҳисоблаган. Урушнинг яна бир муҳим натижаси Азов флотининг (деярли беш юзта кема) йўқ бўлиши эди.

Эрталабки ҳарбий кенгашда Пётр I генераллар билан турк султонига сулҳ таклиф қилишга қарор қилди; Руслар таслим бўлишган эди.

Тинчлик таклифи билан туркларга элчи юборилди. Вазир Балтажи Меҳмет Пошо русларнинг таклифига жавоб бермай, яничарларга ҳужумларини давом эттиришни буюрди. Шереметьев вазирга яна мактуб юборди, тинчлик таклифига қўшимча равишда дунёдаги энг қиммат тақинчоқлар тақдим этилди. Пётрнинг аёли Екатерина Алексеевна барча заргарлик буюмларининг баҳридан ўтди. Турк вазири 48 соатлик сулҳ тузишга ва музокарага киришишга рози бўлди.

Россия армиясининг умидсиз аҳволини Пётр I рози бўлган ва у элчиси Шафировга кўрсатмада айтиб берган шартларда ҳам кўриш мумкин:

–  Туркларга Азов ва илгари босиб олинган барча шаҳарлар берилади.

–  Азов туркларга аввалги ҳолатида қайтарилади.

–  Таганрог ва Азов денгизи атрофидаги руслар томонидан босиб олинган бошқа шаҳарлар қайтарилади.

–  Россия Польша ва Запорожье казаклари ишларига аралашмайди.

–  Шведларга Ливония ва Петербург қурилган Ингриядан ташқари ерлар, Ингрия ўрнига Псков берилади.

–  Швеция қиролининг Швецияга бемалол ўтиши ва савдогарлар учун бир қатор кичик шартлар таъминланади. Шартнома шартлари бажарилгунга қадар Шафиров ва фельдмаршал Шереметьевнинг ўғли Туркияда гаров сифатида қолади.

23 июль куни тинчлик шартномаси имзоланди ва соат 18:00 да рус армияси жанговар тартибда, байроқлар очиб, барабан чалиб, Ясси шаҳрига йўл олди.

Турклар рус армиясини Қрим татарлари ҳужумдан ҳимоя қилиш учун отлиқ аскарларини тайинлаганлар. 

Карл XII музокаралар бошланганидан хабар топиб, дарҳол Бендеридан Прутга йўл олди. 24 июль куни тушдан кейин турк лагерига келиб, турклардан шартномани бекор қилиш ва русларни тор-мор қилиш учун унга қўшин берилишини сўради. Буюк вазир буни рад этиб:

“Хоҳласангиз, ўз қўшинингиз билан уларга ҳужум қилаверинг, биз тузилган сулҳни бузмаймиз”, деган.

Прут шартномасидан Султон Аҳмад III ҳам норози бўлган ва вазир Меҳмет Балтажини амалидан тушириб, Родос оролига сургунга жўнатади.

1712 йил охирида Туркия яна Россияга уруш эълон қилди ва Султон элчи Толстой ва Шафировни яна Етти минорали қалъага қамаб қўйишни буюрди. Аммо Россиянинг катта ҳудудий ён беришлардан кейин Султон Истанбулда Россия билан сулҳ тузди. Руслар, шунингдек, Речь Посполита ҳудудидан қўшинларни олиб чиқиб кетишга ва унинг ишларига аралашмасликка ваъда берди. Азов тўлиқ ва ҳатто 60 замбараги билан Усмонлиларга топширилди. Россиянинг ўнг қирғоқ казакларининг ишларига ҳар қандай аралашуви тақиқланди; Черкасск ва Азов ўртасида янги қалъалар қуриш мумкин эмаслиги таъкидланди. Султон рус қўшинларини Польшадан ўз вақтида олиб чиқиб кетишни ва Пётрнинг у ерга қўшинсиз ҳам кирмаслигини талаб қилди.

Бу шартлар султоннинг Россияга янги уруш эълон қилганда қўйган шартларига тўғри келар эди.

Кўпгина турк ва ғарб тарихчилари: Пётр I туркларга таслим бўлгани ва сарой аёлларини султон ҳарамига берганини ёзишади. Шунингдек, ғарб тарихчилари подшо Пётрни асирликдан озод қилиш учун унинг вазнига тенг олтин тўлов тўлангани ҳақида хабарлар беришган. Боярлар подшонинг яланғоч ҳолатида камроқ олтин тўланишини ҳисобга олиб уни кийимсиз олиб кетишгани ҳақида ҳам маълумотлар бор. Бироқ бу маълумотлар рус тарихчилари томонидан инкор қилинади ва тарих китобларида ёзилмайди. 

Усмонли империяси ва Россия якуний тинчлик шартномасини тузишди.

Ўша пайтдан бошлаб Пётр вафотигача Россиянинг Туркия билан муносабатлари тинч бўлган.

“Руслар таслим бўлмайди” деган ибора қаёқдан чиққан? Бекор гап! Кези келса, улар ҳам таслим бўлади. Ҳатто подшолари ҳам!

Ёқуб Умар тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Украинадаги вазият ва Путиннинг Марказий Осиёга ташрифи

410 21:50 01.07.2022

ИВВ Нукусдаги вазият ҳақида ахборот берди

684 21:45 01.07.2022

Нажосатлар ва уларни поклаш ҳақида (давоми)

154 21:30 01.07.2022

Турк тадбиркорлари Ўзбекистонга қайтмоқда

245 21:00 01.07.2022

Хотира

274 20:30 01.07.2022

Стэнли кубогини олган биринчи мусулмон хоккейчи

239 20:00 01.07.2022
« Орқага