(давоми, боши бу ерда)
1. Қуръоннинг зоҳирига мувофиқ келиши сабаб таржиҳ қилиш:
Бунда икки хабардан бири Қуръоннинг зоҳирига мувофиқ бўлади ва хабар мана шу сабаб таъкидланади. Чунки Қуръоннинг зоҳири қувватлаган ҳадис маъносида зонн ғолиб келишини таъкидлагани учун бошқасидан кўра авлороқ ҳисобланади. Бундан ташқари, мазкур хабарга амал қилиш унинг муқобилида бўлган битта далилга мухолиф келишни тақозо этади. Акси эса икки далилга мухолиф келишни тақозо этади. Битта далилга мухолиф келадиган нарсага амал қилиш, иккита далилга мухолиф келадиган нарсага амал қилишдан кўра авлороқдир.
Мисол: Тағлис (бомдод намозини ғира ширада ўқиш)лик ҳадиси исфор (бомдод намозини ёриштириб ўқиш) ҳадисидан муқаддам қилинади. Чунки тағлис ҳадиси Аллоҳ таолонинг: وَسَارِعُوا إِلَى مَغْفِرَةٍ مِنْ رَبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَوَاتُ وَالْأَرْضُ أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ
“Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг” оятига мувофиқ.
Татбиқ: Бунинг татбиқи очиқ‑ойдин кўриниб турибди.
2. Хулафойи рошидинлар ёки улардан бирининг амали билан таржиҳ қилиш:
Бунда хулафойи рошидинлар: Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳулар ёки улардан бири икки ҳадисдан бирига амал қилган бўлади. Мана шундай ҳадис бошқасидан таржиҳ қилинади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга эргашиш ва иқтидо қилишга буюрганлар. Қолаверса, улар Қуръонни, ваҳий ўринларини ва таъвилни яхши билишган. Зеро, улар иккинчи нассни ҳузурларида ҳужжат бўлсагина тарк этишган. Шунинг учун ҳам улар амал қилган хабар бошқасидан муқаддам қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: عَلَيْكم بِسُنَّتِي وَسُنَّةِ الْخُلَفَاءِ الرَّاشِدِينَ الْمَهْدِيِّينَ من بعدي عَضُّوا عَلَيْهَا بِالنَّوَاجِذِ “Суннатимни ва мендан кейинги рошид халифаларнинг суннатини ўзингизга лозим тутинг. Уни тишларингиз билан маҳкам тишлангиз”, дедилар”.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: اقْتَدُوا بِاللَّذَيْنِ مِنْ بَعْدِي مِنْ أَصْحَابِي أَبِي بَكْرٍ وَعُمَرَ “Менинг саҳобаларимдан мендан кейинги иккиталари: Абу Бакр ва Умарга иқтидо қилинглар”, дедилар.
Айюб Сахтиёний айтади: “Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (ривоят қилинган) ихтилоф келиб, унда Абу Бакр ва Умарни (амал қилаётганини) кўрсанг, қўлингни маҳкам боғла (яъни, ўшани маҳкам тут). Зеро мана шу ҳақ ва мана шу суннатдир”.
Мисол: “Икки ийддаги такбирлар” ҳадиси “Етти такбир” деб ривоят қилинганга муқаддам қилинади.
Татбиқ: Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳулар: “Жаноза (намози)нинг тўрт (такбири) каби тўрт (такбир)”, деб ривоят қилган кишининг хабарига мувофиқ келишган.
Шунингдек, Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг хабарида ҳам: “Ийд (намозининг) аввалги ва иккинчи (ракати)да тўрт такбир айт”, деб ривоят қилинган.
Айтаманки, “Аслида, таржиҳ йўллари жуда кўп. Хулосаси, таржиҳнинг асоси – таржиҳ қилувчининг назарида шаръий йўлларга мувофиқ тарзда зиёда қувватланиш эканидир. Мана шу ҳолат топилса, таржиҳ эътиборли ҳисобланади”.
(Давоми бор)
Таржимон: Абдулҳодий Ғиёс