Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Таяммум қандай қилинади?

3516

Ислом дини инсонларга фақатгина енгилликни хоҳлаб келган. Бунга кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Масалан рамазон ойида узрли кишига бериладиган имкониятлар, мусофир кишининг намозларни қаср қилиб ўқиши, имкони йўқларга ҳаж ва закот амаллари вожиб бўлмаслиги ва ҳокозолар. Агарда динимиздаги енгилликлар ҳақида фикр юратадиган бўлсак уларни нақадар кўп эканлигини кўрамиз. Таяммум ҳам мўмин инсонга берилган мана шундай енгилликларнинг биридир. Келинг энди таяммум ҳақида келган ҳужжатларни бирма-бир кўриб чиқайлик.

Аммор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

У киши: «Мен таяммум ояти нозил бўлган вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдим. Ва шундан сўнг биз бир ҳаракат билан юзимизга ва яна бир ҳаракат билан елкамизнинг ташқи ва пастки томонигача масҳ қилдик» дедилар.

Аммор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда у киши шундай дейдилар: «Биз Расулуллоҳ алайҳиссалом билан бирга бир сафарда эдик. Шунда Оиша розияллоҳу анҳонинг бўйниларидаги тақинчоқлари йўқолиб қолди. Саҳобалар уни то эрта тонгача қидирдилар. Ўшанда уларнинг бирортасида ҳам сув йўқ эди. Шундан сўнг пок тупроққа таяммум қилишга рухсат этувчи оят нозил бўлди. Мусулмонлар туриб, қўлларини ерга урдилар ва юзларига масҳ қилдилар ва яна қўлларини ерга уриб, ички ва ташқи томони ила то елкаларигача масҳ қилдилар».

Имом Таховий роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

Ибн Маслама, Аммор, Зуҳрий ва унинг шогирдларидан иборат бўлган бир гуруҳ имомлар шу ҳадисларни олдилар ва таяммум ҳудди мана шундай бўлади, дейишди. Бунга бир гуруҳ имомлар хилоф қилдилар ва улар ҳам икки гуруҳга бўлиндилар. Улардан бўлган биринчи тоифа яъни Абу Ҳанифа, имом Шофий, имом Саврий ва Шаъбийлар таяммум юз ва икки қўлнинг тирсаклари билан бўлади деса, ўшалардан бўлган иккинчи тоифа Ато, Ибни Мунзир, Абзоий ва бир гуруҳ ҳадис соҳиблари эса таяммум юз ва икки кафт учун бўлади, дейишди.

Кейинги келган икки тоифа аввалгиларига қарши ҳужжат келтиришиб, айтишдики: «Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу, Расулуллоҳ алайҳиссалом уларга худди мана шундай таяммум қилишга буюрганларини зикр қилмадилар балки, у киши саҳобалар қандай таяммум  қилганларини хабар бериб қўйдилар холос». Бундан ташқари таяммум ояти нозил бўлган вақтда фақатгина «таяммум қилинглар» деган мазмундаги оят нозил бўлган, лекин уни қандай қилиш ҳолати айтилмаган. Шунинг учун ҳам уларнинг баъзилари елкаларигача таяммум қилиб юришарди. Кейин эса таяммумни қандай қилиш ояти нозил бўлди. Бу оят ўшандай қилиб юрган одамларнинг таяммумини бекор қилди.

Бир киши Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келиб айтдики:

«Мен сафарда эдим жунуб бўлиб қолдим ва сув топа олмадим», деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу унга қараб: «Намоз ўқимайсан», дедилар. Бу гапни эшитиб турган Аммор розияллоҳу анҳу: «Эй Амирул мўминун эсламаяпсизми мен ва сиз бир сарияда эдик сўнг жунуб бўлиб қолдик, сув топа олмадик сиз намоз ўқимадингиз мен эса тупроқда тозаландим. Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдик ва бўлган воқеани айтиб бердик. Сўнгра У Зот айтдиларки сенга кифоя қилар эди деб, икки қўли билан уради ва қўлига пуфлайди ва яна икки қўли билан юзи ва икки кафтларига масҳ қилади, деб, таяммумни ўргатдилар».

Аммор розияллоҳу анҳу юқорида айтиб ўтилган воқеада қилган ишлари билан таяммумни ирода қилган эканлар. Агар у кишининг ишлари оят нозил бўлгандан кейин бўлганда эди таяммуми таяммум ўрнига ўтарди. Бу бизнинг наздимиздадир яна ҳам Аллоҳ билгучироқдир.

Чунки Аммор розияллоҳу анҳу фақат жанобат учун таяммум қилинади таҳоратсизликни кетгазиш учун эмас, деб ўйлардилар ҳатто Расулуллоҳ унга иккиси ҳам бир хил деб ўргатмагунларигача.

Хулоса ўрнида Жобир розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятни айтиб ўтамиз.

Бир киши Жобир розияллоҳу анҳунинг олдиларига борди ва айтдики: «Мен жунуб бўлиб қолдим ва тупроққа ағанадим» деди. Шунда Жобир розияллоҳу анҳу, «Эшакка ўхшадингми» дедилар. Ва у зот икки қўлини тупроққа урди ва юзига масҳ тортди ва яна ерга урди ва икки қўлини тирсакларигача масҳ тортдилар ва айтдиларки, таяммум шундай бўлади.

Мана шу ҳадисни ҳанафий мазҳаби уламолари олдилар ва тайммум худди мана шундай бўлади, деб зикр қилдилар.

Холмуродов Ҳамидуллоҳ
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом Институти талабаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўз маконини озода сақлаш — умматнинг вазифаси

556 10:40 29.05.2021

Поклик ҳақида

3380 16:00 17.04.2021

Ҳалол ва поклик ҳақида биласизми?

562 19:30 08.03.2021

Кийимларни нажосатлардан поклашнинг усуллари

1610 21:55 11.02.2021

Қалбни қандай поклаймиз? (Шайх Бутий)

1977 05:05 30.08.2019

«У жойда мен кўрган нарсани сизлар кўрмадингиз»

2084 17:00 20.07.2019
« Орқага