АҚШ президенти Жо Байден Эронга қарши 1994 йилда жорий этилган санкциялар муддатини яна бир йилга узайтирди. Оқ уй сайтида жума куни қечқурун эълон қилинган баёнотда айтилишича, «Эрон ҳукуматининг ҳаракатлари ва сиёсати ҳали ҳам Қўшма Штатларинг миллий хавфсизлиги, ташқи сиёсати ва иқтисодиёти учун ғайриоддий ва фавқулодда хавф туғдирмоқда».
АҚШ томони Эроннинг «ракеталар, бошқа асимметрик ва оддий қуроллар ишлаб чиқариши ва тарқатиши, минтақавий зўравонлик кампанияси, террорчи гуруҳларни қўллаб-қувватлаши ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси фаолиятини» ўзи учун хавф деб билмоқда.
Вашингтон Теҳронга қарши санкциялар муддатини ҳар йили узайтириб келади. Айни пайтда АҚШ Эрон билан тузилган халқаро ядровий келишувга қайтмоқчи, Теҳрон эса бунинг учун санкциялар бекор қилиниши истаяпти.
Эрон ҳукумати АҚШнинг ядровий келишувга қайтиши учун музокара ўтказиш ҳақидаги таклифни рад эди. «Чунки Вашингтоннинг позициясида ҳеч қандай ўзгариш бўлмади», – деди Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Саид Хотибзода.