Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Тил йўқолса, эл йўқолади…

1870

Дунёдаги барча халқлар ўзининг миллий расмий тилига эга деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолиб бормоқда. Бу ўз навбатида ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг йўқолишини англатади. ЮНЕСКО вакилларининг сўзларига қараганда, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида  турибди. Бу асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонли миллатларнинг тилларидир. Бу тилларда сўзловчи аҳолининг  айримлари ёзувга эга бўлса, айримлари бундан бебаҳрадир. Масалан, Африка тилларида сўзлашувчи аҳолининг 80 фоизи ҳамон ўз ёзувларига эга эмас. Минглаб тиллардан таълим тизимида фойдаланишнинг имконияти йўқ. Интернетдан фойдалана олмайдиган тиллар ҳақида-ку айтмаса ҳам бўлади. Чунки янги технологияларнинг ривожланиши туфайли айрим халқлар ўз тилларидан кўра замонавий тиллардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Бугун Интернет тилининг 81 фоизи инглиз тилига тўғри келади. Тўғри, авваллари ҳам тиллар пайдо бўлган, муаммоларда бўлиб, маълум вақтдан сўнг йўқ бўлиб кетган. Лекин ҳозиргидек тилларнинг жадаллик билан йўқолиши тарихда кузатилмаган. Йўқолиб кетиш хавфида бўлган тилларнинг сақлаб қолиш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг асосий мақсади ҳам маданиятлар ва тиллар хилма-хиллигини таъминлашдан иборатдир. Чунки айнан тил туфайли халқ ва элатларнинг маданияти, урф-одатлари сақланиб қолади, сайёрамизда яшаётган халқларнинг ўтмиши ва маданияти ҳурмат қилинади. Тилшунослар йўқолиб кетиш арафасида турган тилларни сақлаб қолишнинг имкониятлари ҳозирча қўлдан бой берилмаганини айтишади. Тилларни сақлаб қолиш учун эса, БМТ экспертларининг фикрича, бу тиллардан таълим тизимида кенг фойдаланишни йўлга қўйиш керак.

Тил - миллатнинг маънавий бойлигидир. Тил нафақат муомала воситаси - балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Турли халқларнинг тилларига ҳурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишни, мулоқотларга имконият яратади. Тилларни сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарурдир. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва ҳурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир. Шу сабабли ҳам ҳар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади.

Лингвист олимларнинг фикрича, яна 25 йилдан сўнг ҳозир муомалада бўлган тилларнинг ўнтасидан биттаси сақланиб қолар экан.

Бугунги кунда дунёда 6809 та тил мавжуд бўлиб, уларнинг тенг ярми саккизта давлат - Мексика, Индонезия, Камерун, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой, АҚШ ва Россия ҳиссасига тўғри келади. Энг кўп тилли мамлакат сифатида Ҳиндистон тан олинади. Бу мамлакатда аҳоли 845 тил ва лаҳжада сўзлашади. Иккинчи ўринда эса 600та тил ва шевада сўзлашувчи Папуа — Янги Гвинея туради. Сайёрамизда энг кўп аҳоли сўзлашадиган тил сифатида хитой, инглиз ва испан тиллари тан олинган. Биринчи ўнликка ҳинди, бенгал, араб, португал, немис, рус ва  япон тиллари ҳам киритилган. Жаҳон тилларининг атиги 4 фоизи Европа қитьасига тўғри келса-да, энг кўп сўзлашувчи тилларнинг тенг ярми “кўҳна қитъа”да экани маълум бўлди. 341 миллион киши инглиз тилини она тили сифатида тан олади, бироқ яна 350 миллион киши бу тилни иккинчи она тили сифатида кўришини маълум қилган. Таҳлилчилар хитой ва инглиз тиллари фойдаланиш бўйича ўз мавқеини ошириб бораётганини айтишади. Вазиятни ўрганаётган кузатувчиларнинг фикрича, фойдаланувчилар сони бўйича айни дамда инглиз тили етакчилик қилаётган бўлса, XXI аср ўрталарига бориб, хитой тили асосий тил бўлиб олиши мумкин.

Мавжуд тилларининг 90%нинг ҳар биридан 100000 аҳоли фойдаланади. Мана шунинг ўзиёқ бу тилларнинг келажаги қоронғулигидан далолат беради. Бугунги кунда  357 тилда атиги 50 нафар киши сўзлашар экан. 46 тилдан эса атиги бир кишининг фойдаланиши айтилади. Уларнинг ўлими билан бу тиллар ҳам йўқолади. Олимларнинг фикрича, тил яшаб қолиши учун ундан камида бир миллон киши сўзлашиши керак экан. Бироқ бундай тиллар дунёда атиги 250 тадир. Ўзбек тили ҳам мана шу 250танинг ичида экани қувонарли, албатта. 

ЮНЕСКО томонидан нашр қилинадиган “Йўқолиб кетиш хавфи арафасида турган жаҳон тиллари атласи”да Европадаги 50та, Тинч океани минтақасида эса 200та тил йўқолиб кетиш арафасида экани таъкидланади. Африкадаги 1400та тилдан 600таси келажакда, 250таси эса яқин орада бутунлай йўқолиши хақида бонг урилмоқда. 

АҚШ ҳудудларига европаликлар қадам қўйганларида бу минтақада минглаб тиллар мавжуд эди. Айни дамда Шимолий Америка ҳиндуларнинг камида 150та тили сақланиб қолган. Лейпциг  университети ходими Бальтазар Бикелянинг сўзларига қараганда,  Кавказда атиги 3-4 киши сўзлашувчи тиллар бор.

ЮНЕСКО ҳомийлигида Лейпцигда бўлиб ўтган лингвистларнинг халқаро анжуманида кам сонли халқларнинг тиллари йўқолиб кетишига глобализация айбдор экани айтилди. Бироқ айрим Таҳлилчилар, тилларнинг йўқолишига  глобализациядан ташқари айрим ҳукуматлар олиб бораётган сиёсат ҳам айбдор эканини эслатиб ўтишди. Бу каби вазият асосан Африка мамлакатларида учрамоқда.

Олимлар инсоният тарихида 9000 мингдан ортиқ тил йўқ бўлиб кетганини айтишади. Нафақат босиб олинган ҳудудлардаги халқларнинг тиллари, балки фотиҳларнинг тиллари ҳам йўқолиб кетгани тарихдан маълум. Бу борада қадимги юнон, оромий, лотин, санскрит, ведий, ассурий, қадимги форс тилларини мисол сифатида келтириш мумкин. ЮНЕСКО мутахассислари ўлиб ва йўқолиб бораётган тилларни қутқариб қолиш мумкинлигини айтишади. Мисол тариқасида ўтган асрнинг 80 йилларида атиги 8 киши сўзлашган Япониянинг Хоккайдо оролидаги айн тилини келтириш мумкин. Бугунги кунда тикланган бу тилда бир неча минг киши гаплашмоқда. Икки минг йил давомида ўлик тил ҳисобланиб келинган иврит тили ҳам қайта истеъмолга киритилди. Бугунги кунда иврит тилида 9 миллион киши суҳбатлашади.

Қадимда халқлар ўз тураржойларидан мажбуран кўчирилганлари боис улар бошқа минтақаларда сўзлашувчи халқлар билан қоришиб кетиб, уларни тилларини ўзлаштиришга мажбур бўлган. Лотин  Америкасидаги айрим халқлар эса алкогол ва гиёҳванд моддалар истеъмоли туфайли  йўқ  бўлиб  кетган. Эндиликда эса кичик бир халқ ёшларининг келажаги порлоқ сифатида кўриладиган иккинчи халқ тилидан фойдаланишга уринаётгани боис тиллар йўқолмоқда.

Қачонки болалар ўз она тилларида ўқишни тўхтатар экан, ўша тил йўқолиб кетиш арафасига келиб қолади. Тилларни сақлаб қолиш бу ўша халқнинг маданияти, урф-одати, расм-русумларининг сақланиб қолинишини   англатади. Чунки, халқ тақдири тил тақдири билан бевосита боғлиқ. Тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. Шу сабабли ҳам тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, аньаналарини сақлайди. Шундай экан, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашимиз керак бўлади. “Хорижий тилларни билиш инсоннинг маданиятидан, зиёлилигидан дарак беради. Она тилини билиш эса ҳар бир фуқаро олдидаги муқаддас бурч”, деганида донишмандлар минг марта ҳақ фикрни айтишган.

Шарофиддин Тўлаганов

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Халқаро шарҳловчилар кенгаши раҳбари

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Толибон» Термиз яқинига тушган снарядлар ҳақида муносабат билдирди  

304 23:18 06.07.2022

Маккаи мукаррама: бугун зиёратчилар Тавофи Қудумни адо этишди

51 23:18 06.07.2022

Ташқи ишлар вазирлиги Нукус воқеалари бўйича махсус баёнот берди

193 22:47 06.07.2022

Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари бир-бирларини байрам билан табриклади

563 21:45 06.07.2022

Украина Европа Иттифоқига қўшилса нима бўлади?

277 21:30 06.07.2022

Хорижда ишга жойлаштириб қўяман деган ҳар кимга ҳам ишонманг!

173 20:45 06.07.2022
« Орқага