Толибон мамлакат иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшиш мақсадида Афғонистон шимолидаги Бадахшон вилоятини Хитой билан боғлайдиган тарихий Ипак йўлини қайта тикламоқчи.
Пойтахт Кобулда бўлиб ўтган "Минтақавий алоқалардаги қийинчилик ва имкониятлар" конференциясида сўзлаган Толибон матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид Хитойнинг Афғонистон иқтисодиётининг ривожланишида муҳим ўринга эга эканлигини таъкидлади.
Толиблар Афғонистонда ҳозирда кўп йиллик можаро ва беқарорлик туфайли тугалланмаган йирик иқтисодий лойиҳаларни қайта тиклаш учун етарлича хавфсизлик мавжудлигини таъкидлаб:
"Вазирлар Маҳкамасининг сўнгги йиғилишида Афғонистонни Хитой билан боғлайдиган Ипак йўлини қуриш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу тарихий йўл мамлакат иқтисодиётида катта рол ўйнаши мумкин. Бизда хавфсизлик яхши. Катта иқтисодий лойиҳаларни бошлаш вақти келди", деди.
Мужоҳид ташқи сиёсатда холис сиёсат олиб борганликларини ва бундан кейин ҳам давом этишларини билдирди.
Афғонистон қўшнилари орасида энг қисқа чегарага эга бўлган давлат Хитой ҳисобланади. Афғонистон шимолий Бадахшон вилояти орқали Хитой билан тахминан 76 километр чегарага эга.
Толибон муваққат ҳукумати Савдо ва саноат вазирлиги матбуот котиби Охундзода Абдулсалом Жавад ўтган ҳафта Онадўли агентлиги мухбирига қўшни давлатлар, жумладан, Хитой билан тижорат шартномалари имзолашни исташларини ва Афғонистон делегацияларининг бу давлатларга ташрифи давом этаётганини айтди.
Толибон ҳокимиятга келиши билан аввал Афғонистон бюджетининг учдан икки қисмини молиялаштирган ғарбликлар барча ёрдамни тўхтатди. Аксарият халқаро институт ва ташкилотлар ҳам мамлакатни тарк этишди. Бу воқеалар мамлакатдаги гуманитар ва иқтисодий инқирозни янада чуқурлаштирди.
Ғарб давлатлари Афғонистонни тарк этаётган бир пайтда Хитой Афғонистонда, айниқса, инфратузилма ва тоғ-кон соҳаларига сармоя киритиш орқали кучли таъсирга эга бўлиши кутилган эди. Бироқ, бу нуқтада, сўнгги бир йилда Хитойнинг Афғонистонга кутилган даражада кучли иқтисодий сармоялари киритмади. Толибон расмийлари эса вазиятдан вақти-вақти билан норозиликларини билдиришди.
Толибон бошқаруви ҳозирча ҳеч бир давлат томонидан расман тан олинмаган.