АҚШ яқин ўртада «Толибон» ҳаракатини Афғонистоннинг янги раҳбарияти сифатида тан олмоқчи эмас. Бу ҳақда Америка президенти Жо Байден маълум қилди.
Оқ уйда журналистлар билан учрашган Байденга бу ҳақда савол берилди. «Йўқ. Бунга ҳали анча бор», – дея жавоб қайтарди президент.
Ўтган ҳафтада Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки АҚШ маъмурияти «Толибон» ҳаракатини Афғонистоннинг янги раҳбарияти сифатида эътироф этишни шошилич ҳал қилиниши керак бўлган масала деб ҳисобламаслигини айтган эди.
АҚШ Афғонистондан қўшинларини олиб чиқишни бошлаши билан “Толибон” ҳаракати мамлакат бўйлаб ҳужумларни орттирди ва ҳудудлардан бирин-кетин назорат ўрната бошлади. 15 август куни Афғонистон президенти мамлакатни тарк этди, толиблар эса пойтахт Кобулни жангсиз эгаллади.
Ўтган ҳафтада АҚШ қўшинлари йигирма йиллик миссиясини тугатиб, Афғонистондан тўлиқ чиқиб кетди.