«Толибон» ҳукуматининг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмагани Афғонистондаги иқтисодий муаммоларга сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Афғонистондаги иқтисодий масалаларга бағишланган анжуманда муваққат бош вазир Муҳаммад Ҳасан Охунд маълум қилди.
“Афғонистондаги иқтисодий муаммоларнинг сабаби “Толибон” ҳокимиятини тан олмаслик, мамлакатга қарши санкциялар ва хориждаги активларни музлатишдир”, – деди у.
Охунд халқаро ҳамжамиятни мамлакатнинг хорижий активларига қўйилган тақиқларни олиб ташлашга чақириб, улар ҳарбий мақсадларда эмас, балки афғон халқи манфаати учун ишлатилишига ваъда берди.
Шунингдек, муваққат ҳукумат раҳбари мусулмон мамлакатларни Афғонистондаги “Толибон” ҳукуматини тан олиш йўлида илк қадамларни ташлашга ундади ва “Толибон” ҳаракати тан олиниш учун барча зарур шартларни бажарганини таъкидлади.
“Толибон” ҳокимиятга келиши билан коррупцияга чек қўйилди. Мамлакатда хавфсизлик таъминланди, энди хорижий ишбилармонлар Афғонистонга сармоя киритишлари мумкин”, – деди у.