Бугун Шавкат Мирзиёевнинг навоийлик сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтмоқда. Унда ЎзЛиДеПдан президентлик сайловига кўрсатилган номзод Афғонистондаги вазият ҳақида гапирди:
“Афғонистондаги вазиятни ҳаммамиз кўриб турибмиз. Қўшни танланмайди-ку, қўшнимизда вазият ёмон деб қаергадир кўчиб кета олмаймизку. Бундан икки йил аввал мен “Толибон” раҳбарияти билан музокаралар олиб борганимда ҳамма ҳайрон бўлганди. Лекин бугунги кунга келиб тўғри йўл танлаганимиз маълум бўлди. Мен тинчлик бўлиши, жафокаш афғон халқига ҳам енгиллик бўлиши учун аввалги раҳбарияти билан бир йилда олти марталаб учрашдим, гаплашдим.
Албатта, ҳамма давлат раҳбари биринчи навбатда ўз давлати ҳақида ўйлайди. Мен ҳам биринчи навбатда ўз халқимни ўйлашга мажбурман, менга кафолатланган тинчлик керак! Бирорта ўқ отилмайдиган, барча масалалар музокаралар билан ҳал бўладиган тизим керак”.