Афғонистон “Толибон” ҳаракати АҚШ делегацияси билан якшанба куни якунланган музокараларни муваффақиятли деб атаган.
«Афғонистон Ислом Амирлиги ва Америка Қўшма Штатлари делегациялари ўртасидаги икки кунлик мулоқот муваффақиятли ўтди. Учрашувда сиёсий масалалар батафсил муҳокама қилинди. Доҳа келишувининг тўлиқ бажарилишини “Толибон” муаммоларни ҳал қилиш йўлларининг энг мақбули деб билди. Шунингдек, гуманитар ёрдам сиёсий муаммолар билан боғлиқ бўлмаслиги керак», - дейилади Ҳаракат баёнотида.
Қайд этилишича, АҚШ вакиллари афғонларга гуманитар ёрдам кўрсатишга ва бошқа гуманитар ташкилотларга ёрдам етказиб бериш учун шароит яратишга ваъда беришган. “Толибон”, ўз навбатида, бу қарорни олқишлади.
«Дипломатик алоқаларни яхши ҳолатга қайтариш учун ҳаракат қилиш керак», - дейилади “Толибон” баёнотида.
Қайд этилишича, бундай учрашувларни келажакда «агар керак бўлса» яна ўтказишга қарор қилинган.
Аввалроқ АҚШ Давлат департаменти Дохадаги музокаралар якунлари бўйича баёнот берган эди. Улар учрашувларни «очиқ ва профессионал» деб таърифлашди. Қўшма Штатлар Афғонистондаги инсон ҳуқуқлари масаласига эътибор қаратган ва “Толибон” режимини унинг ҳаракатларига кўра хулоса қилинишини яна бир бор таъкидлаган. Бундан ташқари, музокараларда АҚШ «афғон халқига тўғридан -тўғри муҳим гуманитар ёрдам» кўрсатиши масаласи муҳокама қилинган.
Аввал хабар қилинганидек, “Толибон” музокаралар чоғида Вашингтонни ўз ҳукуматининг ҳар қандай заифлашуви «халқ учун муаммолар» келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. “Толибон”, шунингдек, ИШИД террорчиларига қарши «ўз кучлари билан» курашишини айтиб, бу мавзуда АҚШ билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган эди.
МАВЗУГА ОИД МАҚОЛА: