Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

«Толибон» ҳукумати тан олинадими? — Таҳлил

876

AzonTV маърифий онлайн телеканали "Таҳлил" кўрсатувининг навбатдаги сони толиблар бошқарувидаги Афғонистон ва унинг тан олиниши, шунингдек, Ўзбекистон билан муносабатлари, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлигига бағишланди.

Мамлакатлар бир-бирига хайрихоҳ бўлиши учун нималар талаб этилади? Ички ва ташқи омиллар ва сабаблар.

Камолиддин Раббимов, сиёсий таҳлилчи:

— Инсонлардан фарқли ўлароқ давлатларда қўшни танлаш ёки ёқмаса бошқа жойга кўчиб кетиш имконияти йўқ. Қолаверса, Афғонистонни бизга дўст ёки душманми, деган категорияда ўлчаш тўғри бўлмайди.

Афғонистон тарихига тўхталадиган бўлсак, ўтган кўп асрлар мобайнида ва яқин тарихда ҳам у ерда марказлашган миллий давлатчилик шаклланиб улгурмади. 2021 йил августда қулаган Афғонистон Ислом Республикасида ҳам марказий ҳокимият вилоятларда чекланган эди. Кобулдан ташқарида маҳаллий лидерлар билан муроса қилиши, келишиши керак эди. Миллий давлат ҳозир ҳам мавжуд эмас.

Бугунги кунда толибларнинг бошқарув модели пуштун миллати призмасидаги Ислом мафкураси ва куч ишлатиш ҳуқуқига қурилган. Ўзларининг таъкидлашича, тарихий жараён давомида пуштун ўзлиги, қарашлари асосида шаклланган исломий қадриятлар орқали ҳеч кимдан сўрамасдан куч ишлатиш ҳуқуқига эга. Лекин куч билан бошқариш узоқ муддат давом этмайди, бу яна бир бор фуқаролик урушига олиб келиши мумкин.

Ҳамид Содиқ, сиёсий таҳлилчи:

— Давлатларнинг ўзаро дўстона алоқа қилиши учун маълум бир шартлар керак бўлади. Давлатларда ички хоҳиш бўлса ҳам, дўстликни таъминлайдиган сиёсий институтлар шакллантирилмаган бўлса, муносабатлар ўрнатилмайди. Афғонистон ҳозирда қандай бошқарув шаклида экани аниқ эмас. 

Давлатда сиёсий-ҳуқуқий институтлар шаклланмаган бўлса, у билан ҳеч қандай сиёсий, иқтисодий ҳамкорлик олиб бориш имконияти бўлмайди. Бу ўз навбатида сиёсий институтлар нуқтаи назардан дўстликнинг йўқлигини кўрсатади.

Сиёсий дўстлик деганда маълум бир сиёсий субъектнинг хатти-ҳаракатларини башорат қила олиш тушунилади. Шу маънода Афғонистон сиёсий элитаси хатти-ҳаракатлари башорат қила олинсагина дўст бўлинади. Ҳозир нафақат бизда, балки бутун дунёда башорат қилиш имконияти йўқ.

Ўзбекистонга Афғонистоннинг дўстлиги керакми?

Камолиддин Раббимов:

— Дунё иқтисодий ривожланиши минтақа бўйича белгиланади. Сармоя киритмоқчи бўлган тараф сармоя киритилаётган давлатнинг қўшниларидаги вазиятга эътибор қаратади. Дейлик, Ўзбекистонда тинчлик, лекин унинг минтақадаги қўшнисида фуқаролик уруши, бу ҳам иқтисодий ривожланишга таъсир қилади. Шунингдек, Ўзбекистон денгизлардан энг кўп узилган давлат, яъни денгизга чиқиши учун камида иккита давлатдан ўтиши керак. Демак Афғонистонда барқарорлик бўлиши, толиблар давлати босқичма-босқич нормал давлатга айланиши бизнинг манфаатларимизга тўғри келади.

Ҳайратон – Мозори Шариф темир йўл кўприги бўйича

Камолиддин Раббимов:

— Толибларнинг ҳам ўз ички гуруҳлари мавжуд: тинчликсеварлар ва барча нарсани қайта кўриб чиқишни талаб қилувчи "бургут"лар. Айнан шу радикал қанот инклюзив ҳукуматга рози бўлмаяпти ва ички келишувларни бузиб ташламоқда. Улар асосан ҳарбийлар бўлиб, мамлакат ичида жангларда қатнашган, яъни дипломат эмас. 

Ҳозирда Афғонистон ҳукумати Ҳайратон–Мозори Шариф темир йўли борасида ўз манфаатлари ҳисобга олинмаганини таъкидлаяпти ва келишувларни қайта кўриб чиқишни сўраяпти. Радикал қанотнинг келишувларни шубҳа остига олиши биринчи марта бўлмаяпти, лекин ташқи дунё ҳам анойи эмас. Адашмаётган бўлсам, бу темир йўлни қурган — Ўзбекистон, яъни унинг лойиҳаси. Агар толиблар қайта кўриб чиқишни талаб қилар экан, Ўзбекистон билан ҳамкорлик шубҳа остига олинади. Ва кейинги амалга оширмоқчи бўлган лойиҳалари шу заҳоти тўхтайди. Аслида дунё шунақа тартибдаки, кимнинг қўлидан иш келадиган бўлса, унга ишониб ишни топшириш керак ва йиллар ўтиб ундан ҳамма фойда кўради. 

Толибларнинг амирлигини дунё давлатлари тан оладими? 

Ҳамид Содиқ:— Толиблар ҳокимиятининг тан олиниши демократик давлатлар билан алоқаларига боғлиқ. Демократик тузумдаги давлатлар тан олгани муҳимроқ. Чунки одатда автократик давлатлар қонунчилигида тақиқ бўлса-да, ҳамкорлик қилиши мумкин, лекин демократик давлатлар бундай қилмайди. Масалан, Россия қонунчилигига кўра “Толибон” террористик ташкилот, лекин Москвада уларнинг ваколатхонаси очилмоқда. Демократик давлатлар эса конкрет позицияни ушлайди. 

Бунинг учун эса бир қанча талаблар бор. Масалан, дунё ҳамжамияти тушунишни хоҳлайдики, бу бошқарув шаклига кўра қандай давлат, қандай қонунлари бор ва нима асосда бошқарилади, у ўзининг функциларини қандай бажаради, у билан қандай мулоқот ўрнатиш мумкин.

Тан олмаса қандай салбий оқибатларга олиб келади?

Камолиддин Раббимов:

— Аввало, олдинги толиблар давлати тан олиниши ва ўша даврдаги глобал сиёсат билан қиёсан олиш тушунишни осонлаштиради. 90-йиллар охирида толиблар давлатини Покистон, Саудия Арабистони ва БАА тан олган эди. Ўша пайтда янги бир исломий давлат пайдо бўляпти ва уни қўллаш керак, деган кайфият бор эди. Лекин бугунга келиб геосиёсий кайфият мутлақ ўзгарди. Шу сабаб ўзаро ишончли муносабатлар бўлса-да, ҳеч ким толибларни тан олишга шошилаётгани йўқ.

Покистонда кўпроқ Бош вазирга қараб ташқи сиёсат ўзгариб туради. Саудия, БАА ва Қатар ташқи сиёсатда АҚШга мўлжал оладиган давлатлар саналади. Ва бугунги кунда “Толибон”ни ўзбошимчалик билан тан олмаслик бўйича келишув мавжуд.

Ўзбекистоннинг нуқтаи назарига келсак, “Толибон”ни легитимлаштиришдан манфаатдор, бу толибларни ёқтиргани учун эмас, балки қайта фуқаролик уруши бошланмаслиги сабаб. Агар бу яна такрорланадиган бўлса, “Толибон” ҳокимиятдан кетиши мумкин, лекин сиёсий куч сифатида йўқолмайди.

Тан олмайдиган бўлса нима бўлади? Биринчидан, Афғонистоннинг ташқаридаги музлатилган пуллари қайтмайди. Афғонистон сиёсий режимига бевосита ва муттасил иқтисодий-гуманитар ёрдам бериш қийин бўлади. Учинчидан, ташқи дунёнинг Афғонистон билан ҳамкорлик даражаси паст бўлиб қолаверади. Натижада фуқаролик уруши қайтадан авж олиб кетади.

Бунга йўл қўймаслик учун нормаллаштириш йўлини топиш керак.

Ҳар қандай янги ҳокимият мўътадиллашиши учун 5-10 йил кетади. Ҳокимиятларни нормаллаштиришнинг энг яхши йўли халқнинг ижтимоий, иқтисодий, маиший муаммоларини унинг бўйнига юклаш. Ҳокимият учун курашаётган “Толибон” бошқача, халқнинг муаммоларини гарданига олган “Толибон” бошқача бўлади.

Афғонистонда жуда оғриқли, зиддиятли жараён кетяпти. Унинг издан чиқиши Ўзбекистоннинг манфаатларига тўғри келмайди. Демакки, куч билан йўқотиб бўлмас экан, уларни нормаллаштириш йўлини топиш керак.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Украинадаги вазият ва Путиннинг Марказий Осиёга ташрифи

401 21:50 01.07.2022

ИВВ Нукусдаги вазият ҳақида ахборот берди

677 21:45 01.07.2022

Нажосатлар ва уларни поклаш ҳақида (давоми)

149 21:30 01.07.2022

Турк тадбиркорлари Ўзбекистонга қайтмоқда

245 21:00 01.07.2022

Хотира

271 20:30 01.07.2022

Стэнли кубогини олган биринчи мусулмон хоккейчи

239 20:00 01.07.2022
« Орқага