Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

«Топган – топалоқники!» ёхуд Кореяда пулини йўқотган ўзбек воқеаси

7915

–  Яқинда кўчада кетаётсам, олдимда кетаётган икки йигит ердан қанчадир пул топиб олди, – деб ҳикоя қилади бир савдогар укамиз. – Иккаласи хурсанд, пулни олиб “Кимники, кимники? Энди бўлди меники”, деб хохолаганча йўлида давом этди. 

Мен ҳайрон бўлдим. Ахир ўша йўлакнинг олдида, яқинида жойлашган дўкон ёки одамлардан сўраб, эгасини топиш керак эмасмиди?! Наҳотки ўзганинг ҳақидан ҳазар қилмайдиган, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормайдиган авлодни етиштирган бўлсак?!

Ўй-хаёлларим билан ўз дўконимга етиб бордим. Қўшни дўконда ишлайдиган йигитлар Кореяда ишлаб келишган. Улар менинг гапларимни эшитгач, шу мавзудаги ўз ҳикояларини айтиб беришди. 

“Мен Кореянинг йирик шаҳарларидан бирида ишлаганман. Бир куни катта супермаркетдан уйимга борсам чўнтагимда пулим йўқ. Бир неча кун ўтиб яна ўша супермаркет томонга йўлим тушиб қолди. Ичкари кириб, масъул ходимларининг биридан “фалон куни пулимни йўқотгандим, мабодо биров топиб олмадими?”, деб сўрадим. Ростини айтсам, унга гапиряпману, лекин ичимда, “аҳмоқ, бу пулни кимдир олиб маза қилиб ишлатворганда” деган ўй бор эди. Масъул менга қараб столининг тортмасидан менинг пулим солинган ҳамёнимни олиб берди. Мен таажжубда олиб ичини очдим. Пулим қанча бўлса, ўшанча турибди.

Ака, карислар мусулмон эмас, лекин бировнинг ҳақини емас экан”.

Унинг гапини эшитган шериги ҳам бошидан ўтказган воқеани гапириб берди.

“Мен ҳам йўқотганман. Йўқотгандаям нафақат пулимни, балки ҳужжатларимниям қўшиб йўқотганман. Қизиғи мен кўчада тушириб қўйган эканман. Ҳужжатларимни қандай тўғирлайман, деб бошимни чангаллаб қолдим. Бир неча кун ўтгач ётадиган жойимизнинг эшик қўнғироғи жиринглади. Чиқсам битта полициячи турибди. Мусофирнинг, айниқса, ўзбек мигрантининг қўрққани полис. Ҳужжати бўлсаям, бўлмасаям полициянинг кўзига кўринмасликка ҳаракат қилади. Полициячи менинг кимлигимни сўраб-суриштиргач, қўлимга ҳужжатларим солинган елимхалтани тутқазди. Кейин билсак, кимдир топиб олиб полицияга элтиб берган экан. Ичидаги ID-картамдан менинг манзилимни аниқлаб, қидириб келишибди. Ажабо, халта ҳам меники, ичидаги пуллардан бирор вон камаймаган, ҳужжатларим ҳам турибди. Ташаккуримни айтиб, ўзимда йўқ хурсанд бўлиб чиққанман. Агар шу ҳолат бизда бўлгандами, топиб олган одам пулини олиб қолганини бирор чуқурга ташлаб кетворарди”.

Албатта, бировнинг ҳақига хиёнат қилмайдиган юртдошларимиз ҳам кўплаб топилади. Аммо масала умумий қилиб олинганда йигитларнинг гапи тўғрироққа ўхшайди.

Ўзи топиб олинган нарса кимники бўлади? Топилмани топган одам уни ўзлаштирса бўладими? Бунинг ҳукмлари қандай? Биз бу саволлар билан устоз Мубашшир Аҳмадга мурожаат қилдик.

–  Топиб олинган нарса авваллари масжидлар ёки жамоат жойларида эълон қилинган. Ҳозир интернет ёки бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Агар ўша эълон бўйича кимдир топилмани аниқ белгиларини тасвирлаб берса, қайтариб берилади. Агар эгаси топилмаса, топилиши мумкин деган вақтгача кутилади. Ўша муддат ўтгандан кейин ҳам эгаси топилмаса, топилма бирор муҳтож одамга берилади. Топган одам муҳтож бўлса, ўзи олса ҳам бўлади. Фақат битта шарти: эгаси чиқса, бировга берган бўлсаям, ўзи ишлатган бўлсаям, жавобгар бўлади, яъни қайтариб бериши керак. Мабодо эгаси чиқмаса, топилма эҳсон ўрнида ҳисоб бўлади, – деб масаланинг шаръий ҳукмини билдирди устоз Мубашшир Аҳмад.

Ёқуб Умар

Azon.uz мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Пандемия халқаро можароларга туртки берди – эксперт

103 21:34 30.01.2023

Бувижон, мен барибир келаман

430 19:40 30.01.2023

Қуръони карим борасида 25 та ҳақиқат

667 18:40 30.01.2023

Кўнгилли аскарларни Мудофаа вазирлиги таъминлайди

401 17:20 30.01.2023

Washington Post: АҚШ Украинага Абрамс танкларини юборилиши ҳақида маълумот берди

447 16:40 30.01.2023

Покистон масжидида портлаш: ўнлаб киши ҳалок бўлди

418 15:58 30.01.2023
« Орқага