Бугун АОКАда Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, дон маҳсулотлари корхоналарида трансформация жараёнларининг натижадорлигини ошириш чора-тадбирларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Молия вазирлиги департамент мудири Тўлқин Мирзаев ғалла бозорининг эркинлашиши борасида ўз фикрларини билдирди:
«Буғдойни биржага чиқаришдан ваҳимага тушиш учун асос йўқ. Биринчидан етарли миқдор буғдой, ун захиралари мавжуд. 2019 йилда ҳам ун маҳсулотини биржага чиқарганимизда “нархлар кескин ошиб кетади”, деган ҳар хил ваҳималар бўлганди. Тажриба шуни кўрсатдики, нархлар ошиб кетмади. 2019 йилнинг октябридан то 2020 йилнинг апрел ойи ўртасигача бўлган даврда ун нархи бор-йўғи 10 фоизга ошган. Бу ҳисоб-китоблар тўғрилигини кўрсатди.
Ҳозир ҳам ҳисоб-китоблар қилинган. Бугунги кунда ички бозорда унни, нонни нархи ҳаммага маълум, бу сир эмас. Биз арзон деб айтадиган қолипли нон (буханка) нархи фақат Тошкент шаҳрида сақланиб қолган. Республиканинг бошқа ҳудудларида қолипли нон эркин нархларда сотилмоқда. Бозорларда 2800 сўмлик ун ҳеч қаерда йўқ. Давлат статистика қўмитасига кўра, уннинг ўртача нархи 5000 сўмдан юқори. Буни аҳоли билади. Эркинлаштириш бозордаги нархларни тан олиш дегани», деди у.
Шунингдек, Т.Мирзаев бозорларда ошган ун нархи юзасида ҳам муносабат билдирди.
«Ҳа, бозорларда ун нархи кўтарилгани ҳақиқат. Бироқ бу — вақтинчалик ҳолат.
Нарх ошишининг асосий сабаби — Россия ва Украина ўртасидаги сиёсий инқироз туфайли жаҳон бозорида юзага келган ҳолат ҳамда импорт қилинаётган ун нархига бевосита боғлиқ. Аммо Ўзбекистонда етарли равишда ун захираси мавжуд. Яқин кунларда бозорга қўшимча 50 минг тонна маҳаллий ун киритилади. Шу орқали нарх барқарорлашади.
Ун нархининг эркинлашиши — рақобат муҳитини юзага келтиради. Нархлар ошмайди, фақатгина Тошкент шаҳрида қолипли нон (халқ тилида — «буханка») нархида ўзгариш бўлишини кутяпмиз. Бозорларда эса, аксинча, нарх тушиши прогноз қилиняпти. Қўпол қилиб айтганда, бозор «ўпкасини босиб олишини кутяпмиз», — дея қўшимча қилди Молия вазирлиги департамент мудири.