Ҳукумат қарори билан Тошкент шаҳар иссиқлик таъминоти Франциянинг Veolia Central & Eastern Europe компаниясига 30 йилга давлат — хусусий шериклик тамойили асосида берилмоқда.
Бунинг учун Veolia Energy Tashkent махсус лойиҳа компанияси ташкил этилаяпти. Асосий маслаҳатчи – Осиё тараққиёт банки. Компания иссиқлик таъминотидаги исрофгарчиликларнинг олдини олиш, авария ҳолатларини қисқартириш, иссиқлик сув ҳисоблагичлар ўрнатиш, энергия ва сув тежамкорлигига эришиши керак бўлади.
Дастлабки икки йилда Бектемир ва Сергели туманларидаги қозонхоналар орқали 118 кўп қаватли уй ва 43 та ижтимоий объектнинг иссиқлик таъминоти модернизация қилинади.
Veolia Central & Eastern Europe компанияси 20 млн евро миқдорида инвестиция киритиши керак. Лойиҳа доирасида 181 та иссиқлик иншооти ва қозонхона модернизация қилинади, 575,6 км иссиқлик тармоқлари қурилади, 841,1 км иссиқлик тармоқлари реконструкция қилинади, 51,5 минг дона иссиқлик энергияси ўлчов ускунаси ва 2 млн 464 минг 600 дона иссиқлик сув ҳисоблагич ўрнатилади. 391 та махсус техника харид қилади.