Тошкент шаҳар ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, 2022 йил 1 январь куни соат 17:15 ларда Яшнобод тумани, Махтумқули кўчасида «Матиз» русумли автомашина ҳайдовчиси, 1967 йилда туғилган Собиржон Н. спиртли ичимлик таъсирида бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналиш бўйлаб ҳаракатланиб келаётган, Элмурод Р.нинг бошқарувидаги «Нексия-2» русумли ҳамда Равшан К. бошқарувидаги «Нексия-2» русумли автомобиллар билан тўқнашув содир этган. ЙТХ натижасида қуйидагилар:
1) «Нексия-2» ҳайдовчиси Равшан К. (ташхис: бош мия ёпиқ жароҳати, БМЧ, чап болдир суягининг ёпиқ синиши, оёқнинг тўпиқ қисми ёпиқ синиши); 2) 2009 й.т. вояга етмаган йўловчи, 7-синф ўқувчиси З.Т. (ташхис: бош мия ёпиқ жароҳати, БМЧ);
3) 2012 й.т. вояга етмаган йўловчи, 2-синф ўқувчиси Ф.К. (ташхис: пешона тери қисми йиртилган жароҳати, бош мия ёпиқ жароҳати, БМЧ);
4) 2017 й.т. вояга етмаган йўловчи, боғча тарбийланувчиси И.К. (ташхис: бошнинг юқори қисмининг йиртилган жароҳати, бош мия ёпиқ жароҳати, БМЧ, чап оёқ болдир суяги ёпиқ синиши);
5) 1987 й.т.йўловчи Ф.К. (ташхис: чап оёқ очиқ синиб силжиши);
6) 2021 й.т. вояга етмаган йўловчи О.К. (ташхис: травматик шок);
7) «Матиз» русумли автомашина ҳайдовчиси Собиржон Н. (ташхис: бош мия ёпиқ жароҳати, БМЧ, ўнг болдир суягининг очиқ синиб силжиши, кўплаб шилинмалар, мастлик ҳолати)лар турли даражадаги тан жароҳатлари олишган. Барча жабрланганлар касалхонага ётқизилган, уларга ҳар томонлама тиббий ёрдам кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан, Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.