Куни кеча Тошкент шаҳрига Хитойда ишлаб чиқарилган 20 та электробус олиб келинди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, пойтахтимизга Хитойнинг "YUTONG BUS СО. LTD" компаниясида ишлаб чиқарилган экологик тоза, ҳар томонлама қулай ва замонавий бўлган "ZK6126BEVG" русумли 20 та электробус келтирилган. Ушбу янги, замонавий ва қулай электробуслар тез кунларда йўналишларга чиқарилиши қайд этилган.
Шунингдек, электробуслар билан бирга 10 та уларни қувватловчи ускуналар ҳам сотиб олинган. "Тошшаҳартрансхизмат" АЖда электробусларнинг техник ҳолатини кузатиш ва улар билан ишлаш учун ишчи гуруҳ ташкил қилиниб, унинг таркибига 56 нафар ходим киритилган.
Мазкур электробуслар қандай нархларда сотиб олингани ва нега айнан "YUTONG BUS СО. LTD" компаниясидан сотиб олингани бўйича "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ матбуот хизмати билан боғланганимизда, савдо масалалари бўйича ходим айни пайтда иш жойида эмаслиги, турли тадбирлар режалаштирилгани учун душанба куни маълумот бериш мумкинлиги билдирилди.