Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Тотализатор: ҳалокат сари ташланган қадам

530

Kun.uz сайтида «Молиявий зарар, қонунга зид ва ҳаром» – Тотализатор қурбонлари ва соҳа мутахассислари замонавий фирибгарлик ҳақида номли мақола чоп этилди. Мақолада сўнгги вақтларда ўзбекистонликлар ўртасида спорт ўйинларига пул тикиш ортидан ўз жонига суиқасд қилган, уй ва мол-мулкларини сотган ва бошқа ҳуқуқбузарликларга йўл қўяётганлар ҳақида кўплаб хабарлар тарқалаётганига қарамай, Ўзбекистонда бу турдаги ўйинларни қонунийлаштириш борасида ҳаракатлар бўлаётгани афсус билан ёзилган. Мақола ўта долзарб бўлганлиги сабабли айрим қисқартиришлар билан чоп этяпмиз.

Дарҳақиқат, юртимизда кўпчиликнинг хонавайрон бўлиши, умрбод қарздор бўлиб қолаётгани, ва ҳатто айримларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳоллари кўпаяётгани бор гап.

Мақолада бу машъум замонавий қимор гирдобига тушган одамларнинг ўз оғзидан айтган ҳикоялари мисол келтирилган. 

Бир фарғоналик аёл шундай деб ҳикоя қилган: 

“Бошида бир-икки танишларим менинг телефонимда ўйин программасини ўрнатиб олишди ва ўйнай бошлашди. Бошида оз-моз ютиб турганди, кейин ютқаза бошлади ва асабийлашди. Кейин унинг ўрнидан ўйнаб ютқазган суммасига тенг миқдорда пул ютиб бердим. Шу орада ўзим ҳам қизиқиб кетдим. Мен бунинг қимор эканини билмасдим. Бир-икки марта ютдим ва тўсатдан 1 млн сўм атрофида ютқаздим, кейин уни қайтариб оламан деб яна ўйинга кириб кетдим. Танишларим мени ўйинга жудаям берилиб кетганимни кўриб: “10-15 киши ўйнаганини биламиз, лекин уларнинг ютгани ютқазганидан анча кам”, деб қайтармоқчи бўлишди. Мен эса ҳар хил усулда ўйнаб кўришда давом этдим.Ўйинни бошлаганимга 5 ой ўтган бўлса, шу вақт ичида 50 млн сўм ютқаздим. Шу ўйинни ўйнаганимга роса пушаймон қиламан. Охири келиб шунча пул ютқазишимни билсам ўйнамас эдим. Болаларимнинг ризқини қиморга тикканимга афсусдаман”.

Бу қимор деган балонинг домига тушган одам аввалига ютса 5-6 сўм ютса, хурсанд бўлганидан бор-будини тикиб юборади. Бироқ қимор ўйини борки, уни ўйнаган одам фойда олмайди, даромад қимор ўйнатганда қолади. Хонумонидан ажраганидан сўнг эса, пушаймонликдан ўзини ўлдириш пайига тушади. Эллик, юз минг долларлаб ютқазиб қўйган ватандошларимиз ўз фарзандларининг ризқидан қийиб, аллақайдаги тотализатор эгаларига фойда келтирмоқдалар.

Тотализаторни ўйлаб чиқарган фирибгарлар ҳатто ўйнаган одам ютган тақдирда ҳам пулини бермаслик чорасини кўради. 

“Тотализаторга қизиқиб ўйнашни бошлаганимга 5 йилча бўлди. Биринчи марта Европа лигасидаги бир ўйинга танишим пул тикаётганини кўриб мен ҳам 400 доллар тикдим. Ўйин мен кутган натижа билан тугамади ва пулимни ютқаздим. Ҳаммаси шундан бошланиб кетди, чунки мен кетган пулимни жойига қўйиш учун яна ўйнадим. Мен тинмай ўйнар, зиён эса тобора катталашар эди.

Ўзбекистондаги ўйинларга ҳам тикардим, ютқазганимда бирдан пулни ечиб оларди. Лекин шундай ҳолатлар бўлдики, ютган ўйинларимда мени “келишилган ўйин”, “фирибгарлик” деб блоклаб қўйишган. Ўйин орқали 4-5 минг, бир марта 6 минг доллар ютган вақтларим ҳам бўлган. Лекин яна ўйнаб бир соатда шунча пулдан айрилиб ҳам қолардим. Сал олдин ютган ўйинга қувониб ютса бўларкан деб янада ичига кириб борасиз, яна кимдандир қарз оласиз, яна аввал бўлган жараён такрорланади, яна ва яна... Тахминан ҳаммаси бўлиб 50 минг доллар атрофида пул ютқаздим”, – дейди яна бир юртдошимиз. 

Ижтимоий тармоқларда Дима Қаюм тахаллуси билан фаолият юритувчи блогер Дилшод Болтабоев ҳам ўз фикрларини билдирган.

“Менга кўплаб инсонлар ёзади, қолаверса, ўзим ҳам халқ орасида юрганим учун Риштонда бу каби ўйинларни ўйнаб қарзга ботганларни, қарзини узолмай жонига қасд қилганларни эшитиб тураман. Масалан, бир киши ижтимоий тармоқ орқали ёзиб, 7 минг долларга “тушганини” ҳикоя қилган, яна бирида 25 яшар йигитнинг 120 минг доллар пул ютқазгани, бу пулни тўлаш учун уйи, машинаси – барча нарсасини сотиб ҳам қутула олмаган ва ўз жонига қасд қилган, энг ёмони ортидан ёш оиласини бўзлатиб кетгани айтилган. Кўпчиликда бу ўйинларни тақиқлаш борасида ҳар хил фикрлар юради. Менимча, ҳукумат бунга эътибор қаратса ва тақиқлаш бўйича қарор чиқарса бўлади”, – дейди Дима Қаюм.

2019 йил 4 декабрдаги «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони асосида 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида лицензия олиш орқали букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш ва қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш назарда тутилди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига кўра, жорий йилнинг март ойига қадар Ўзбекистон ҳудудида букмекерлик ва тотализатор фаолиятини амалга ошириш учун бирон-бир хўжалик юритувчи субъектларга лицензия берилмаган. Ўзбекистонда букмекерлик компаниялари учун лицензия бериш ҳуқуқига эга Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги эса 2021 йил 1 майда тугатилган. Унинг ваколатлари Молия вазирлигига ўтказилган.

Бугунги кунда амалда бўлган қонун ҳужжатларига кўра, Ўзбекистон Республикасида қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191-моддаси ва Жиноят кодексининг 278-моддасига асосан жавобгарликка сабаб бўлади.

Ҳозирда бу тартибларга ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда. Хусусан, яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан букмекерлик фаолиятини қонун жиҳатдан тартибга солиш мақсадида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф этилганини билдирган.

Психолог Гулираъно Эролованинг фикрича, инсонларнинг бундай ўйинларга муккасидан кетишининг асосий сабаби улар ўйинларнинг ёмон оқибатлари ҳақида ўйламайди.

“Психологик жиҳатдан одамлар наздида у кучли, ҳамма нарсани эплайди, юта олади. Ваҳоланки, унинг ўйин экани ичдан ҳис этилмайди ва бу ўйновчи кишининг тасаввурига ҳам келмайди. Шунинг учун ҳам бу каби ўйинларда мағлуб бўлиш ёмон оқибатларга олиб келади. Инсон депрессияга тушади, стрессни бошдан кечиради. Одатда инсон ниманидир кутса стресс ҳолатига туша бошлайди. Ва натижа у кутмагандек чиққанидан кейин бош мияда депрессия кузатилади. Бу ҳолатда инсон ўзини бошқара олмайди. Натижада хатти-ҳаракатлари оқибати ҳақида ўйлаб кўрмайди. Ўзини суицид қилишгача бориши мумкин. Шунинг учун адашибми ё ўйламасданми тотализаторга кириб ўйнаб оғир вазиятларга тушиб қолган инсонларга, аввало, муаммони яқинларига айтишини маслаҳат берамиз. Чунки буни яшириш керак эмас”, – дейди психолог.

Спорт ўйинлари бўйича мутахассис Жамолиддин Бобожонов эса спорт ўйинларига пул тикишни легаллаштириш ҳеч кимга наф келтирмаслигини таъкидлаган. Тотализатор компаниялари тўлайдиган солиқ – профессионал спорт учун арзимаган пул, бу ишлар билан шуғулланувчи мутахассисларнинг бирортаси тотализаторни қонунийлаштириш ортидан катта пуллар спортга келмаслигини айтган. Казино ҳеч қачон ютқазмайди деганларидек, букмекерлар ҳам ҳеч қачон ютқазмайди, дейди у.

 

“...Ўзимизнинг одамлар чўнтагидан олиб, кимнидир қақшатиб олинган пулларни спортга йўналтириш тўғри эмас”, – дейди Жамолиддин Бобожонов.

Яна бир нарса, тотализатор фирмалар ўзбек футболига инвестиция киритиши мамлакат ичида қимор ўйнаётган одамлар ҳисобидан амалга оширилади.

Бу каби спорт ўйинларига пул тикишнинг Ислом динидаги ҳукми юзасидан савол билан Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво бўлими ходими Саиджамол Мирсайитов ҳам ўз фикрларини баён қилган.

“Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминлар ўрталаридаги молларини ўзаро розичилик билан ейиши кераклигини таъкидлаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам инсонларни ҳалол насиба топишга буюради. Ислом динида ҳар бир масала қатори бунда ҳам қоида берилган. Агар бир томон ютиб иккинчи тараф ютқизиши аниқ бўлса ёхуд кўпчилик ютқизиб, камчилик ютадиган бўлса, бу қимор деб аталади. Оятларга қараладиган бўлса, қимор жуда ҳам барвақт ҳаром қилинган, ҳаттоки, судхўрликдан ҳам аввал ҳаром бўлган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда қимор ҳақида шундай деб марҳамат қилган: Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва нафрат солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни истайдир. Энди тўхтарсизлар?! (Моида сураси, 91-оят)

Бу иллатнинг оқибати шундайки, инсонлар орасида нафратни кучайтиради, инсон қарзга ботиб яна бошқа жиноятларни қилишга мойиллиги ошади. Бировнинг молига, жонига тажовуз қилиши ҳолатлари учрайди, ҳаттоки қарзга ботиб ўз жонига-да қасд қилиш каби гуноҳларга олиб боради”, – дейди Саиджамол домла.

“Тотализатор ўйнаган одамнинг яқинларига муносабати ёмонлашади, боласи бўлса уларнинг тарбиясига эътиборсиз бўлиб қолади, фақатгина бир нарса – нима қилиб бўлса-да пул ютиш мақсадга айланиб қолади.

Бу ўйиндан ютқазишдан ҳам кўра энг алам қиладигани яқинларни, оилани, дўстларни йўқотишдир. Бир марта ўйнаб ютқазгандан одам бошқа бировдан қарз олиб яна ўйнашни давом эттиради: шунинг орқасидан яхши дўст ёмонга, қадрдонлар фирибгарга айланади. Ёлғон кетидан ёлғонлар тўқиб, дўстлардан қандай айрилиб қолганини ҳам билмай қолади киши. Ҳозир жуда кўп ёшлар мана шу ўйин туфайли аянчли ҳолатга тушиб қолган.

Бу ўйинда ютишнинг ягона йўли – уни ўйнамаслик. Чунки бугун бир марта ўйнаб 100 минг ютқазса ва бу ўйинни қайта ўйнамаслиги ўзининг миллионларини ютганлиги ҳамда қайта ютқазмаслигининг гаровидир.

Агар ҳаётни узун бир линейкага қиёс қилсак, ёшларга айтардимки, ҳозир неча ёшдасиз, 20 ёшми, балки, 35 яшардирсиз? Яна неча йил умрингиз қолди, кун келиб шу ўтказган умрга ачинмаслик учун ҳозир бу йўлдан қайтинг. Вақтингиз ва пулингизни илм олишга ёки ҳаётий ва ҳалол бизнесга сарф қилинг.

Хулоса қилиб айтаманки, дунёда ҳеч ким йўқки, конторадан ютиб плюс билан чиққан бўлсин. Унақа одам йўқ. Агар кимдир мен плюсга кирганман, деса унга ишонманг, ёлғон гапиряпти. Контора ҳеч қачон сиз уни ютиб юришингизга қўймайди”, деб насиҳат қилади кўп йиллар тотализаторда ўйнаб пушаймон бўлган бир ватандошимиз.

«Реклама тўғрисида»ги қонунга кўра, қонун ҳужжатлари билан тақиқланган маҳсулот тўғрисида ахборот тарқатиш тақиқланади. Бундан кўриниб турибдики, нафақат букмекерлик фаолияти билан шуғулланиш, балки уни реклама қилиш ҳам қонунларга зиддир. Шунга қарамай, ижтимоий тармоқларда кўплаб букмекерлик компаниялари фаол реклама қилинмоқда.

Бундан ташқари, Мусулмонлар идораси Фатво бўлимига кўра, бу каби ишларни тарғиб қилаётганларнинг барчаси баробар гуноҳкор ҳисобланади.

“Бу каби ҳаром ишларни тарғиб қилаётганлар: хоҳ ОАВ орқали, хоҳ ижтимоий тармоқлар ёки бошқа усулда бўлсин – барчасининг ҳукми ўша ишни қилаётганлар билан баб-баравар бўлади, улар каби гуноҳкор ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ гуноҳ ва зулм йўлида бир-бирингиз билан ҳамкорлик қилманглар, дея инсонларни ёмонликдан қайтарган. Бу нарсаларни тарғиб қилаётганлар Аллоҳдан қўрқишсин.

Хулоса қилиб айтганда, турли номлар билан букмекерлик компанияларида ишлаётган ёки тотализаторлик билан шуғулланаётган ширкат ёхуд якка шахслар бўлсин, барчасиниг ишлари шаръан ҳаром ҳисобланади, бу орқали топаётган мол-дунёлари ҳаром бўлади. Агар ҳаёти дунёсида бу ишларини тўхтатиб тавба қилмайдиган бўлса, охиратда Аллоҳнинг қаттиқ азобига дучор бўлиши мумкин. Аксинча, Аллоҳнинг йўлида ҳалол касб қилиб тўғри йўлда юрсалар, силайи раҳм қилсалар, Аллоҳнинг раҳматига эришишлари мумкин”, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили.

Нима ҳам дердик, халқимиз, айниқса, ёшларимиз ҳаётини барбод қилиб, уларни яна ҳам камбағаллик ботқоғига ботираётган бу иллатга рухсат беришдан аввал ҳурматли халқ вакиллари – депутат ва сенаторларимиз ўзи бундай қонунга эҳтиёж бор-йўқлигини яна бир ўйлаб кўришлари керак!

Бундан ташқари осон пул топиш илинжида юрган инсонлар ҳам бу нарсадан пул топишнинг умуман иложи йўқлигини, ютганлар ҳам аслида мағлуб эканлигини тушунишлари лозим.

Манба: Kun.uz

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Андижонда қиморхона очилдими?

2178 06:00 01.05.2021
« Орқага