АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп ўзининг бир вақтлар яқин иттифоқчиси бўлган Исроилнинг собиқ бош вазири Биньямин Нетаньяҳуни хиёнатда айблади ва уни сўкиб-ҳақоратлашдан тортиниб ўтирмади.
Трамп Нетаньяҳунинг Жо Байденни сайловдаги ғалабаси билан табриклаганидан ғазабланганини айтди. Шунингдек, у Қўшма Штатлар президенти лавозимида ишлаган вақтида Исроилни ўлимдан қутқариб қолганини таъкидлади.
Трамп бу баёнотларни жорий йилнинг апрель ва июль ойларида исроиллик журналист Барак Равидга берган интервьюсида тилга олган.
Дарҳақиқат, Трамп маъмурияти даврида Қўшма Штатлар ва Исроил ўртасидаги муносабатлар анча яқин эди. Трамп ва Нетаньяҳу бир-бирини омма олдида мақташдан тортинмаган.
“(Жо Байденни) биринчи табриклаган инсон Биби (Биньямин) Нетаньяҳу бўлди, мен у учун бошқалардан кўра кўпроқ иш қилганман. Биби жим туриши мумкин эди. Лекин у даҳшатли хатога йўл қўйди”, – деди Трамп.
“У шошиб қолди, деярли ҳаммадан олдинда эди. Ўшандан бери у билан гаплашмадим, – деди собиқ президент ва Исроилнинг собиқ бош вазирини сўкди. – Биби учун мендан кўра кўпроқ ҳеч ким иш қилмаган. Мен уни ёқтирардим. Мен уни ҳали ҳам яхши кўраман, лекин садоқатни ҳам қадрлайман”.
Нетаньяҳу 18 йил давомида Исроилнинг бош вазири бўлди, мазкур лавозимни жорий йил июнида тарк этди.
Дональд Трамп ўз интервьюсида Исроилни ҳалокатдан қутқарганини ҳақида ишонч билан гапирди. “Мен сизга айтаман – агар мен бўлмаганимда, Исроил йўқ қилинган бўларди. Ҳақиқатни билишни хоҳлайсизми? Демак, Исроил ҳозирги пайтда мавжуд бўла олмасди”, – деди у.
Дональд Трамп президентлик даврида Исроилга нисбатан араб дунёсини ғазаблантирган бир қанча қадамлар ташлади. Хусусан, унинг даврида Қўшма Штатлар Қуддусни Исроилнинг пойтахти сифатида тан олди, ҳолбуки, халқаро ҳуқуқда Шарқий Қуддус босиб олинган Фаластин ҳудуди ҳисобланади.
Трамп, шунингдек, Фаластин ҳудудидаги яҳудий аҳоли пунктларини қонуний деб эълон қилди ва БМТ босиб олинган Сурия ерлари деб ҳисоблайдиган Жўлон тепаликларида Исроил суверенитетини тан олди.
Бундан ташқари, Трамп президентлик даврида Исроил ва бир қанча араб давлатлари – Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари ва Судан ўртасида тинчлик шартномаси тузишда воситачилик қилди.