Дональд Трамп 2024 йилда АҚШ президентлигига номзодини қўйиш нияти борлигини маълум қилди.
Аризонада кўплаб тарафдорлари олдидаги нутқи чоғида у охирги сайловдаги мағлубиятни тан олмаслигини яна бир бор таъкидлаб, Демократик партияни исёнда айблади ва амалда давлат раҳбари Жо Байденнинг сиёсатини Америка учун "фалокат" деб атади. «Бу йил биз Вакиллар палатасини қайтарамиз. Сенатни қайтариб оламиз. Ва биз Американи қайтариб оламиз, бу жуда муҳим. 2024 йилда эса Оқ уйни қайтарамиз», – деди Трамп.
Аризонадаги митингда сайловолди кампанияси расман бошланди, унинг доирасида Трамп штаби 2024 йил ноябрь ойига қадар сайловчилар билан мунтазам учрашувлар ўтказишни ваъда қилмоқда.
Трампнинг номзодини қайта кўрсатиш имкониятини изоҳлар экан, Жо Байден бу уни иккинчи президентлик муддати учун курашишга ундаши мумкинлигини айтди.
Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп президентлиги даврида АҚШнинг Исроилдаги элчихонасини Тель-Авивдан Қуддусга кўчирди ва у Қуддусни Исроилнинг пойтахти деб тан олди. Бундан ташқари, Сурия билан баҳсли бўлган Жўлон тепаликларини ҳам Исроил ҳудуди сифатида эътироф этди. Исроил билан айрим араб давлатлари ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилишига воситачилик қилди.