Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Тунис: давлат тўнтариши ва диктатура борасида хавотирлар

1753

«Араб баҳори» муваффақият билан якунланган ягона давлат деб ҳисобланувчи Тунис сўнгги кунларда яна бир сиёсий инқирозга саҳна бўлмоқда. Президент Қайс Саид 25 июль куни Бош вазир Ҳишом Машишийни, кейинроқ бир неча вазирни ишдан олди. Парламент фаолияти ўттиз кунга тўхтатилди, депутатларнинг чет элга чиқиши тақиқланди, мамлакатда комендантлик соати жорий этилди.

Парламентни ўраб олган аскарлар спикер ва “Наҳда” (“Тирилиш”) партияси етакчиси Рашид Ганнуший ҳамда депутатларни ичкарига киргизмади. Устига-устак, “Наҳда”нинг офисларига ҳужумлар уюштирилди. Парламентдаги энг йирик партия сифатида “Наҳда” мамлакат бош вазирини тайинлаш ҳуқуқига эга бўлса-да, бу ишни президент амалга оширмоқчи.  

Қолаверса, президент Саид агар норозиликлар чоғида қурол ишлатилса, бунга қурол билан жавоб қайтарилишини маълум қилди. Президентга мухолифлар мазкур ҳодисаларни давлат тўнтариши сифатида баҳоламоқда. Устига-устак, парламентнинг тарқатиб юборилмай, балки фаолиятининг бир муддатга тўхталиши ҳам шубҳаларга сабаб бўляпти. Зеро, парламент тарқатиб юборилганида, ҳам парламент сайловини, ҳам президент сайловини қайтадан ўтказишга тўғри келган бўларди. Президент Саид эса ўз қарорларини ҳукуматнинг иқтисодий сиёсат ва коронавирус эпидемиясини бошқаришда муваффақиятсизликка учрагани билан изоҳлаяпти. 

Хўш, ўзи Тунисда нималар бўляпти? Қайс Саид чиндан ҳам давлат тўнтариши уюштирдими, у ўз қарорларини қандай изоҳлаяпти? “Мўътадил исломий партия” деб таъриф берилувчи “Наҳда” муваффақиятсизликка учрадими?..

Тунис ҳақида қисқача

Расман Тунис Республикаси деб аталувчи ушбу аграр-индустриал мамлакат Африканинг шимолида жойлашган бўлиб, аҳолиси 12 миллион атрофида. Пойтахтининг номи мамлакат номи билан бир хил – Тунис. Аҳолисининг аксар қисми араблардан ва мусулмонлардан иборат. Тунис ўз даврида Рим ва усмонийлар салтанатлари таркибига кирган, Франциянинг мустамлакаси бўлган. 1957 йилда монархия тугатилди ва Ҳабиб Бургиба мамлакатнинг илк президенти сифатида иш бошлади. У Тунисни нақ ўттиз йил бошқарди ва 1987 йилдаги инқлобда ағдарилди. Бургибанинг ўрнига ҳокимиятга келган Зайнулобидин ибн Али эса “араб баҳори” пайтида, 2011 йилнинг январида мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. 

2014 йилда Тунисда янги конституцион ва сиёсий тизимга ўтиш якунлангани эълон қилинди, ўша йилнинг январига янги конституция тасдиқланди, 2019 йилнинг кузидан бери мамлакатни президент Қайс Саид бошқариб келмоқда. У сайловда мустақил номзод сифатида қатнашган.

1981 йилда асос солинган “Наҳда” мамлакатнинг йирик сиёсий партияларидан бири ҳисобланади. У “исломий партия” деб аталса-да, дастурида демократия ва либерал иқтисодиётни ўзига устувоз вазифалар этиб тайинлаган. Собиқ президент Зайнулобидин ибн Али даврида “Наҳда”нинг фаолияти тақиқлаб қўйилган эди, партия етакчиси Рашид Ганнуший 2011 йилда чет элдан қайтиб келди. Ганнушийнинг сўзларига кўра, унинг партияси фаолият нуқтаи назаридан Туркияда Ражаб Тоййиб Эрдоған бошчилишидаги Адолат ва тараққиёт партияси билан ўхшашдир.  

«Араб баҳори»дан кейин

Аслида оммавий норозилик намойишлари бошланган 2011 йилдан бери Тунисда ҳаёт ўз изига тушди деб бўлмайди. Зайнулобидн ибн Алидан кейин мамлакат бир неча бор инқироз, ҳатто сиёсий суиқасд билан тўқнашди. Эски бюрократларнинг маслаҳатлари билан сиёсий жараёнларнинг йўли тўсилди, оқибатда янги тузилган ҳукуматлар тарқалиб кетди. Бироқ бу инқирозларни бартараф этишнинг уддасидан чиқилди. Айниқса хавфсизлик секторида амалга оширилган ислоҳотлар ва ўзгаришлар провокациялар ва терактларнинг олдини олишда ўз таъсирнини кўрсатди. Аммо иқтисодий ҳолат 2011 йилдан бери ўнглангани йўқ. 

2019 йилнинг июнида пойтахт Тунисда рўй берган терактлар ҳам ўзгаришларни тўхтатиб қололмади. Ўша йилнинг октябрида ўтказилган президент ва парламент сайлови ўтиш даври якунига етгани ва тинч йўл билан янги сиёсий тизимга ўтилганининг илк ишоралари эди. Парламент сайловида “Наҳда” партияси қарийб 20 фоиз овоз тўплаб, биринчи бўлди. Президент Қайд Сибсийнинг вафоти ортидан ўтказилган сайловининг иккинчи турида эса “Наҳда”нинг ҳам қўллови билан Қайс Саид 72 фоиз овоз билан ютиб чиқди. “Наҳда” етакчиси Рашид Ганнуший эса парламент спикери лавозимини эгаллади. 

Бироқ Илёс Фаҳфаҳ бошчилигидаги ҳукумат атиги олти ой ишлай олди, холос. Ҳукуматнинг олдида бир қатор жиддий муаммолар турар эди – ижтимоий-сиёсий парокандалик кучайиб кетишининг олдини олиш, иқтисодий қийинчиликларни ва ишсизлик масаласини ҳал қилиш. Бироқ коронавирус пандемияси иқтисодий муаммоларга ечим топишни қийинлаштириб юборди. Айниқса мамлакат ички ялпи маҳсулотида 8 фоизлик улушга эга туризм секторининг деярли фалажланиб қолиши иқтисодий мувозанатларни бузиб юборди. Пировардида 2020 йилнинг августида собиқ Ички ишлар вазири Ҳишом Машиший бошчилигида технократлардан иборат янги ҳукумат тузилди, аммо эски муаммолар давом этаверди, бу эса сиёсий мулохифатга қўл келди.  

Инқирознинг минтақавий ва халқаро контексти

Тунисдаги инқирозни 2011 йилдан бери минтақада рўй бераётган ўзгаришлари эътиборсиз қолдирган ҳолда изоҳлаш тўғри бўлмайди. Халқнинг хоҳиш-иродасига таянган ўзгаришларга интилиш ҳамда статус-квони ҳимоя қилувчи, қайтадан авторитар тузумларни тиклашни истовчи зеҳният ўртасида жиддий рақобат мавжуд. Айниқса, Мисрда 2013 йилда юз берган давлат тўнтаришидан кейин тўнтаришни қўлловчи зеҳният ва халқнинг истакларини ифодалаган ирода ўртасида тўқнашув-рақобат давом этиб келмоқда. Бундай рақобат ўн йилдан бери турли мамлакатда турлича кўринишларда намоён бўлди. Тунисда ҳам давлат тўнтариши мамлакатни яна аввалги замонларга қайтармаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Тунисда 2011-2019 йиллар орасида тузилган ҳукуматлар минтақавий масалаларда одатда бетараф бўлишни маъқул кўрди ва асосий эътиборини ички муаммоларга қаратди. Ушбу бетарафликни Жазоирдаги намойишлар пайтида ҳам, Ливиядаги ҳодисалар чоғида ҳам кўриш мумкин эди. Шу ўринда Ливия борасида Туниснинг позициясига эътибор қаратиш жоиз. 

Ҳам қуруқликда, ҳам денгизда Ливияга қўшни ҳисобланувчи Тунис геосиёсий нуқтаи назардан қўшни давлатдаги инқирозга таъсир кўрсата оладиган позицияга эга. Ливиялик генерал Халифа Ҳафтарнинг қўлловчи давлатлар, хусусан, Франция вақти-вақти билан Тунисга босим ўтказишга уринди. Бироқ президент Қайд Саид бетараф қолишни маъқул кўрди. БМТ бошчилигида янги Ливия ҳукумати тузилганида эса Тунис ҳукумати буни маъқуллади. Худди шу паллада “Наҳда”га душман эканлигини яшириб ўтирмайдиган баъзи мухолифлар мамлакатдаги барча муаммоларга “Наҳда”ни айбдор қилиб кўрсата бошлади. Ҳолбуки, 2020 йилнинг февралида тузилган ҳукумат ҳам, ўша йилнинг августида тузилган ҳукумат ҳам коалицион бўлиб, уларда “Наҳда”нинг улуши катта эмасди. Ушбу партия институционал даражада бошқарган энг юқори орган Тунис парламенти бўлди.

Шунга қарамай, Бирлашган Араб Амирликлари ҳамда унинг минтавий масалалардаги позициясини маъқулловчи Эркин конституция партияси етакчиси Абир Мусининг охирги бир йилдаги баёнотларига қараладиган бўлса, вазият ойдинлашади. Амир Мусининг парламентдаги нутқлари ва унинг парламент фаолиятига тўсқинлик қилишга уринишлари яхши маълум. Охирги пайтда аксилҳукумат намойишлари, айниқса, президент Саиднинг баёнотлари ортидан бўлиб ўтган намойишларга бош-қош бўлгани сир эмас. 

Шундай экан, Тунисдаги охирги ҳодисаларни минтавий ўзгаришлардан алоҳида баҳолаб бўлмайди. Бу ҳодисаларнинг бир учи Туркияга ҳам бориб тақалади. Зеро, “Наҳда” партияси Туркия билан яқин алоқалар тарафдори, БААнинг эса Анқара билан муносабатлари яхши эмас. 

Энди нима бўлади? 

Айрим таҳлилчиларнинг фикрича, Тунисдаги охирги ҳодисалар президент, бош вазир ва парламент спикери ўртасида анча вақтдан бери давом этиб келаётган қарама-қаршиликнинг кульминацион нуқтасини кўрсатмоқда. 

Президент Қайс Саид армия ва хавфсизлик кучларининг қўллови билан қабул қилган сўнгги қарорлар мамлакатнинг яқин келажагини шакллантирадиган даражада аҳамиятга эга. Бу жараёнда энг муҳим ролга эга бўла оладиган томонлар орасида, шубҳасиз, Тунис армияси ва халқ қўллаб-қувватлайдиган партиялар, жумладан, “Наҳда” бор. Минтақанинг бошқа давлатлари армияларидан фарқли равишда Тунис армиясининг сиёсий мотивацияси озроқ ва сиёсатга фаол равишда аралашмасликни маъқул кўради. Армия 2011 йилдаги намойишлар чоғида Зайнулобидин ибн Алининг намойишчиларни тўхтатиш ҳақилаги буйруғини бажармаган эди. Бироқ айни пайтда президент Саиднинг буйруқларини бажариб келяпти, масалан, парламентни ўраб олди, спикер Ганнушийни ичкарига киритмади. Бироқ армия ҳодисаларнинг қонли тус олишини, мамлакатда фуқаролар уруши бошланишини истамаслиги ҳам аниқ. 
“Наҳда”дан ташқари Туниснинг собиқ президенти Мунсиф Марзукий, Меҳнат партияси ва Республика партияси ҳам Қайс Саиднинг қарорларига қарши чиқди. 

Реалист нуқтаи назардан қараладиган бўлса, Саиднинг қарорларидан воз кечиши даргумон. Эҳтимол янги бош вазир тайинланиб, энг қисқа муддатда парламент сайлови ўтказилади. Бироқ бунинг учун ўттиз кунлик фавқулодда ҳолатнинг муддатини узайтиришга тўғри келади, бу эса мухолифатга ёқмайди ва вазият янада кескинлашиши мумкин. 

Президент Саид сиёсий партиялар билан бамаслаҳат янги ҳукумат тузиши эҳтимоли ҳам бор. Энг ёмон эҳтимол эса – худди Мисрда бўлгани каби ҳарбийларнинг давлат тўнтариши ўтказиши ва ҳокимиятни эгаллаб олиши. 

Нима бўлганда ҳам, Тунисда президентдан тортиб сиёсий партиялару армия – ҳамма ўйлаб иш қилиши зарур. Зеро, Тунисдаги ҳодисалар нафақат унинг ўзига, балки минтақа ҳаётига ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди. 

Убайдуллоҳ Адҳамов тайёрлади.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тарихда бугун: Туниснинг собиқ президенти Зайнулобидин ибн Али вафот этди

912 18:55 19.09.2021

Тунис президенти сиёсий тизимни ўзгартиришни, конституцияни тўхтатишни режалаштирмоқда

512 11:00 10.09.2021

Тунис президенти парламент ишини тиклашни кечиктирмоқчи

329 14:00 24.08.2021

Тунис: ўнлаб судьялар президент чораларини бекор қилишни талаб қилмоқда

382 13:20 11.08.2021

«Тунис юраги» партияси президент қарорларидан маъмурий судга шикоят қилмоқчи

271 17:05 09.08.2021

Миср Туниснинг фавқулодда чораларини қўллаб-қувватлайди

351 17:10 05.08.2021
« Орқага