Парламент фаолиятини тўхтатиб қўйган Тунис президенти Қайс Саид қонун чиқарувчи орган спикери Рашид ал-Ганнуши ва 64 нафар депутатнинг мамлакатни тарк этишини тақиқлади, деб хабар бермоқда Tunisie Numerique портали ўз манбасига асосланиб.
Нашрнинг ёзишича, тақиқ ўзларига нисбатан суд ишлари кўриб чиқилаётган парламент аъзоларига тегишли. Исломий “Ан-Наҳда” партиясининг етакчиси Ал-Ганнуши видеомурожаат қилиб тунисликларни "инқилоб ютуқларини ҳимоя қилишга" ва "тўнтариш”га қарши намойиш ташкил қилишга чақирган. Партия, унинг сўзларига кўра, вазиятни баҳолаш учун йиғилиш ўтказади. Нашрнинг таъкидлашича, мамлакатда юз берган сиёсий воқеалар фонида президент гвардиясининг бош директори Холид Яҳёий вақтинчалик Ички ишлар вазири этиб тайинланган.
Аввалроқ, Саид Бош вазир Ҳишом Мешишийни истеъфога чиқарди, шунингдек парламент ишини музлатиб қўйди ва мамлакатни қамраб олган ҳукуматга қарши норозилик намойишлари пайтида барча депутатларни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилди. Саид ижро этувчи ҳокимиятни кейинчалик тайинланадиган янги бош вазир ёрдамида ўз зиммасига олди. У қонун доирасида ҳаракат қилишини ва одамларнинг талабларига жавоб беришини таъкидлади. Кейинчалик, президент девони парламентнинг иши 30 кунга музлатилганига ойдинлик киритди. Тунис армияси пойтахтдаги мамлакат парламенти биносини қуршаб олди.