Мамлакатдаги кўп одамлар асосий озиқ-овқатларни сотиб олишга қодир эмас.
Тунис аҳолиси мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойини узоқ давом этган иқтисодий инқироз соясида кутиб олди. Иқтисодий инқироз йиллари шароитида товарларнинг қимматлиги туфайли фуқаролар асосий озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишга қодир эмас.
Мамлакатда кейинги йилларда шакар, сут, ун каби озиқ-овқат маҳсулотлари етишмаслиги кузатилмоқда. Хусусан, Рамазон ойида ширинлик истеъмоли кўпайиб бораётганида шакар танқислиги фуқароларни ташвишга солмоқда.
Онадўли агентлиги мухбирлари пойтахтнинг энг йирик марказий бозорида фуқаролар билан суҳбатлашди.
Мева-сабзавот, гўшт, балиқ, сут маҳсулотлари билан бир қаторда сотиладиган бозорда Рамазон ойи бошланиши муносабати билан аҳоли гавжум.
Бозорда ҳамма нарса бор, аммо...
Бозорга ташриф буюрганлардан бири Муҳаммад Шабоннинг айтишича, у бозорда анча вақт кезиб юрган, лекин фақат тузланган бодринг сотиб олган.
“Бозор нархлари жуда юқори. Ҳатто Рамазон ойида ҳам одамлар ўзларига керакли нарсаларни сотиб ололмайдилар. Биз сотиб оладиган маҳсулотларимиз миқдорини камайтиришга мажбурмиз”, - дейди у.
Уй бекаси Нажла Зарроукнинг айтишича, нархлар фуқароларнинг харид қобилиятига қараб белгиланиши керак.
– Хусусан, раҳмат ва барака ойи бўлмиш Рамазон ойида одамлар диний маросимларни ўтказишда ўзларини қулай ҳис қилишлари учун бозордаги нархларни тартибга солиш зарур, – дейди у.
Нархлар Тунисдаги маошларга нисбатан жуда юқори
Пойтахтлик Ҳамза ал-Аярийнинг айтишича, Тунисда ўртача иш ҳақи 800-900 динор (тахминан 255-290 доллар) атрофида ва нархлар маошларга нисбатан жуда юқори.
Унинг сўзларига кўра, Рамазон ойида ифторлик дастурхони ёзиш учун камида 60 динор (тахминан 20 доллар) керак бўлади.
“3-4 кишилик кичик оила учун кечки овқат биз оладиган маошга нисбатан жуда қиммат. Агар сиз 50-60 динор сарфласангиз, бу ойига тахминан 1500-1800 динор бўлади. Бу мамлакатдаги энг кам иш ҳақидан (600 динор) анча кўпдир. Шу боис, маҳсулотларни камроқ ва арзонроқ сотиб олишга ҳаракат қиламиз”, - дейди у.
Аярий Рамазон ойида Тунис аҳолиси кўп балиқ истеъмол қилишини айтди.
“Афсуски, бу йил балиқ нархи анча ошди. Балиқ нархи 15-20 динордан 60-70 диноргача бошланади. Саккизоёқ нархи эса 40 доллардан бошланади”, - дейди у.