Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Турк шайхи Аҳмад Кумушхонавий ва унинг россиялик муридлари

1709

Нақшбандия таълимотининг буюк намояндалардан бири — «Силсилаи шариф» («Олтин занжир»)да 32-халқанинг пири муршиди Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавий ҳижрий 1228 (милодий 1813) йилда Рум диёри — ҳозирги Туркиядаги Кумушхона шаҳрининг «Амирлар» маҳалласида дунёга келган.

Аждодлари Бухорои Шарифдан бўлган. Отаси солиҳ инсон бўлиб, тижорат билан шуғулланган. Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавий беш ёшида ўқишни бошлаб, саккиз ёшида Қуръони каримни ёдлаган. 

Олийҳиммат, серғайрат, иродали, қатъий хулқ соҳиби бўлиш илм талаб қилишда зарур бўлган шартлар ҳисобланади. Бу гўзал сифатлар Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавийда болалигидан намоён эди.

У ўн ёшга тўлганда отаси билан бирга Қора денгиз атрофидаги шаҳарлардан бири Трабзонга ҳижрат қилади. Ёш бўлишига қарамай, дўконда отасига ёрдам бериб, бўш вақт топди дегунча илоҳий ишқ ва шавқ билан илм таҳсилига саъй ва ғайрат қилар, мақсади кўпроқ илм олишда эди.

Ёшлигида ҳалол пул топишга ҳаракат қилиб, ўз қўллари билан ҳамён тўқиб сотган ва топганини илм йўлида сарфлаган. 18 ёшларида амакиси билан Истанбулга бориб, отаси учун керакли тижорат молларини олиб, амакисига топширади.

1831 йилда диний билимлар маркази бўлган пойтахтда қолишга аҳд қилади. Бу ерда Боязид масжиди қошидаги мадрасада таҳсил ола бошлайди. 1844 йилда бу ерни тамомлаб, мадрасада муаллимлик қилади. Ўша пайтдан у сўфийликка юзланиб, мажлисларга қатнаша бошлайди. Ускудар вилоятида Аҳмад Кумушхонавий машҳур сўфий шайхи Холид Бағдодийнинг халифаси бўлган Ливан ва Триполи муфтийси Аҳмад ибн Сулаймон Арвадий билан учрашиб, ундан ижоза олади. 1859 йилдан Истанбулнинг Фотиҳ туманидаги «Чагалўғлу» маҳалласидаги ташландиқ Фотима Султон масжидини таъмирлашга киришади ва бу ерни фаолиятининг марказига айлантиради. Шу туфайли масжид «Кумушхонавийлар маскани» номи билан аталади. 1875 йилда эса бу маскан шайх қароргоҳига айланади.

1863 йилда у биринчи ҳаж зиёратига боради. Бунинг учун Султон Абдулазиз унга махсус кема совға қилади. 1876 йилда Макка шаҳрининг шайхулисломи Ҳожи Эмин Пошшонинг қизига уйланади.

1877-1878 йилларда рус-турк уруши кетаётган пайтда Шарқий фронтга юборилади. Урушдан қайтгач, шайх Ҳаж зиёратига бориб, шундан сўнг Мисрда 3 йил қолади. У 1894 йил 13 майда Истанбулда вафот этади ва Султон Абдулҳамид II рухсати билан Султон Сулаймон Қонуний қабри ёнига, Сулаймония масжиди қабристонига дафн қилинди. Унинг қабри бугунги кунда зиёратгоҳга айлантирилган.

Шайх Аҳмад Кумушхонавийнинг муридлари унинг ўз ватанларида, шунингдек, Миср, Ўрта Осиё, Кавказ каби ҳудудларга ҳам ёйилган. 

1871 йилда у ўзининг кутубхонасига асос солган. Биринчи Жаҳон уруши пайтида шаҳар рус армияси томонидан забт этилгач, кутубхона ёқиб юборилган. Ундаги қўлёзмалар Россияга олиб кетилган. 2020 йил январь ойида давлат Шарқ музейида «Чегарасиз сўфийлик» кўргазмаси очилгунга қадар (деярли юз йил) китобларнинг тақдири ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Кўргазмада шайхнинг 30 та қўлёзмаси тақдим этилган. 

Шайх Кумушхонавийга пири муршидлари 240 та асарни ўқитиш ва ўргатиш вазифасини топширган. Кумушхонавий билим, зиё тарқатиш буюк саховат эканини қалбан англаб, толиби илмларга холислик билан илм ўргатган. Ислом аҳли ҳозирги кунда ҳам унинг асарларидан фойдаланиб келмоқда. 

Беназир аллома ва устоз бўлгани сабабли Кумушхонавий муридларининг сони миллиондан ошган. Бу ҳам ундаги бағрикенглик қирраларидан бирини кўрсатади.

Аҳмад Зиёуддин Кумушхонавийнинг бағрикенглик сифатларидан бири сифатида унинг илм олувчилар, китобхонлар сонини кўпайтириш, халқ маънавиятини юксалтириш мақсадида босмахона қурдириб, илмий китобларни илм толибларига бепул тарқатганини келтириш мумкин.

Мутасаввиф олим нафақат илм ва одоб-ахлоқ бобида, балки халқни иқтисодий қўллаб-қувватлаш соҳасида ҳам анча хизматлар кўрсатган. Бунга далил ўлароқ бу табаррук зотнинг фоизсиз банк ташкил қилиб, муҳтож бўлганларга ҳожатини қоплайдиган миқдорда қарз бердириб, қулай шартлар асосида, имконияти бўлганда қайтариши учун шароитлар яратиб берган.

Кумушхонавийнинг ижтимоий-фалсафий, тасаввуфий қарашларининг узвий таркибий қисми ва шу билан бирга, уларнинг юксак натижаси бўлмиш бағрикенг инсон ғояси моҳиятан шахсни ҳар томонлама ривожлантиришга йўналтирилган. Ёшларимизни бағрикенглик руҳида тарбиялашда Аҳмад Зиёвуддин Кумушхонавийнинг ҳаёти ибрат мактаби бўлиши табиий.

Интернет маълумотлари асосида Баҳринисо тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Сен келгач, зерикишни бошладим...”

2432 08:00 08.01.2020

Нақшбандия тариқати

1595 18:30 09.11.2018
« Орқага