Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Туркияда сайловлар яқин: Эрдоған яна ғалаба қозона оладими?

2188

2023 йил – Туркияда сиёсий жараёнлар қайнайдиган йил бўлади. Чунки яқин ойлар ичида турклар парламентга депутат ва айни пайтда мамлакатни бошқарадиган президентни танлаш учун сайлов бўлимларига боради. Сайлов олди тарғиботу ташвиқлари, таҳлиллару тахминлари эса аллақачон бошланиб кетган. Туркиядаги сайловлар ҳақида сўз юритишдан олдин бу ердаги сиёсий вазият, давлат бошқарув тизими ҳақида, шунингдек, жамият вакилларининг сиёсий ҳаракатларга ва том маънода сиёсатнинг ўзига таъсири борасида сўз юритишимиз керак. Чунки, Ўзбекистон ҳам, Туркия ҳам давлат бошқаруви сифатида республика саналса-да, бир қатор фарқли жиҳатлар ва жиддий “ўзига хослик”лари бор, албатта. Бунинг учун эса гапни нақд юз йил аввалдан, Усмонийлар давлати йиқитилиб, ўрнига Туркия Жумҳурияти тузилган даврдан бошлашимиз керак. 

1923 йил.

Мустафо Камол Пошо (ўша пайтларда унинг исмига Отатурк деган “унвон” қўшилмаганди) Усмонийлар халифалиги тугатилиб, ўрнига Туркия Жумҳурияти тузилганини эълон қилди. Жумҳурият халқ партиясини тузди. Бу орада бир қатор қонунлар қабул қилиндики, улар аксарияти мусулмон бўлган аҳолининг эътирозига, ҳатто исёнига сабаб бўлди. Жумладан, салла ва фес (дўппи) кийишни тақиқлаган “кепка қонуни”, масжид ва мадрасаларнинг ёпилиши, диний уламоларнинг дорга осилиши каби... Иқтисодий аҳвол ҳам яхши эмасди. 

Ана шундай пайтда Отатуркнинг бир қатор ҳаммаслаклари Мусо Козим Қорабакир бошчилигида Тараққийпарвар Жумҳурият партиясини (ТЖП) тузади (17 ноябрь 1924 йил). Халқ бу партияни Жумҳурият Халқ партиясига (ЖХП) мухолиф кўриб, қаттиқ қўллаб-қувватлай бошлади. Бошқарувдагилар шошиб қолади ва ушбу партияни ёпиш учун баҳона қидиради. Шу пайт “Шайх Саид исёни” бошланади. Ҳокимиятдагилар исённи бостириб, “Тараққийпарвар” исёнчиларга ёрдам берди”, деган важ билан мухолиф партиянинг фаолиятига чек қўяди (5 июнь 1925 йил). Динга ва миллат маънавиятига қарши бир қатор тақиқлар қўйилганига қарамай, мамлакат ривожланиб қолмади, халқ ҳамон қашшоқликда кун кечирар эди.

1945 йил.

Аднан Мендерес ўз ҳамфикрлари билан Демократ партиясини тузди. 1950 йилдаги сайловларда иқтидордаги Отатуркдан қолган партия – ЖХПни икки баробар кўпроқ овоз билан ортда қолдириб, ҳокимиятни эгаллайди. Аднан Мендерес нафақат диний эркинликлар берди, балки ўн йиллик бошқаруви даврида иқтисодни ҳам юксалтирди, завод ва фабрикалар қурди, халқ мамнун ва бахтиёр яшай бошлади. Бироқ 1960 йил 27 май куни давлат тўнтарилиши уюштирилиб, Мендерес ва унинг шериклари дорга осилди. Мамлакат ҳукуматини яна Отатуркчилар эгаллаб олди.

1961 йил.

 Аднан Мендереснинг Демократ партияси тугатилгач, унинг вориси сифатида Адолат партияси ташкил этилди. Кейинчалик мазкур партия раиси Сулаймон Демерел 1965 – 1980 йилларда (турли паузалар билан) мамлакатни бошқарди. Демерел муҳандис бўлгани учундир балки, унинг бошқаруви даврида саноат гуркираб ривожланди. Диндорларга бир мунча эркинликлар берилди.

1980 йил.

Ўша йилнинг 12 сентябрида ҳарбийлар яна давлат тўнтаришини амалга оширди. Отатуркдан ёдгор ЖХПдан бошқа барча сиёсий партиялар тугатилди. Яна мусулмонларга тазйиқ кучайди. Ҳижобли талабалар таълим масканларидан қувилди. Халқ норозилиги орта бошлади, иқтисодий турғунлик юзага келди.

Расмий маълумотларга кўра, давлат тўнтарилиши пайтида 650 минг киши ҳибсга олинган, 230 минг киши ҳарбий судлар томонидан судланган, 300 га яқин киши, улардан 171 нафари қийноққа солинган, қамоқхоналарда 48 киши ҳалок бўлган. 

Бироқ...

Миллат шу билан тўхтаб қолмади, коммунистик режимга қарши кучлар пайдо бўлди, янги сиёсий партиялар тузилди. 

Улар орасида диндорларга эркинлик беришни ваъда қилган Фаровонлик (Рафаҳ) партияси ҳам бор эди. Унга 1987 йили Нажмиддин Эрбакан раис этиб тайинланди. Партия 1995 йилги сайловларда биринчи ўринни эгаллаб, Эрбакан мамлакат бошқарувига келди. Афсуски, мазкур партия 1998 йил 16 январда Конституциявий суд томонидан “дунёвий республика тамойилига зид иш қилганлик” важлари билан ёпилди.

Бу орада Туркиянинг энг катта шаҳри бўлмиш Истанбулда Ражаб Тоййиб Эрдоған исмли сиёсатчи ҳоким эди. У диндор оиладан чиққан, ўзи ҳам имом-хатиб лицейида таълим олган эди. Эрдоған қисқа муддатда Истанбул шаҳрининг бир неча ўн йиллик муаммоларини ҳал қила олди. Жумладан, оқава сув (канализация) муаммосини ҳал қилди, ёғингарчиликдан пайдо бўладиган селларга барҳам берилди, жамоат транспорти фаолияти ҳам изга тушди. Бугун Истанбулда метронинг йигирмага яқин йўналиши халқ хизматида, ваҳоланки, 1995 йилларда ҳам шаҳарда метро бўлмаган.

Ана шундай шижоат билан ишлаб турган раҳбарни бир йиғинда ўқиган шеъри учун қамоққа оладилар. Аллоҳнинг ҳикматини қарангки, уларнинг бу тадбирлари тескари акc-садо берди, энди нафақат истанбулликлар, балки бутун мамлакат қамоқдаги Эрдоғаннинг тарафига ўта бошлади. Қамоқдан чиққанда уни ўн минглаб киши кутиб олди. Шу тариқа Эрдоған катта сиёсатга қадам қўйди: Адолат ва юксалиш партиясига асос солди.

 2003 йил.

Сайловларда ғалаба қозонган Ражаб Тоййиб Эрдоған мамлакат бошига келди. Унинг мамлакат учун қилган ишлари ҳақида алоҳида ёзишга тўғри келади. Лекин қисқача шуни айтиш мумкинки, у Туркияни ҳатто халқаро майдонда ҳам ўз сўзига ва ўз ўрнига эга давлатга айлантира олди. Ҳарбий саноатдаги ютуқларини-ку билмаган одам қолмади ҳисоб: биргина “Байрактар”  муваффақиятини эслаш кифоя. Мамлакатда ҳам кўплаб иншоотлар, завод-фабрикалар, йўллар, кўприклар бунёд этилди. Охирги йилларни айтмаса, иқтисод барқарорлашди. Диний соҳада ҳам катта эркинликка эришилди, буни алоҳида эътироф этишимиз шарт, албатта.

2023 йил.

Бошланган йил туркияликлар учун катта аҳамиятга эга: сайловлар... Мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида катта воқелик саналади. Ўзи анчадан буён матбуот ва ижтимоий тармоқда қайси партияга овоз бериш борасида тортишувлар авж олиб улгурган. 

Сайлов ҳақида гапиришдан аввало Туркиядаги бошқарув системасига ҳақида тушунча беришимиз шарт. Сайловларда турли партиялар Туркия Буюк Миллат Мажлиси (парламенти) депутатлиги учун ўз номзодини илгари суради. Қайси партия парламентдан кўпроқ ўрин эгалласа, ўша партиянинг раиси мамлакат раҳбари этиб тайинланарди. Давлатни Бош вазир бошқариб, ҳукмрон партия вакиллари орасидан танланган президент эса бошқарувни назорат қилган. Яъни парламентда қабул қилинган қонунлар президент тасдиқлагандан сўнг кучга кирарди. 

2017 йили Туркия конституциясига ўзгартириш киритиш бўйича референдум ўтказилди. Сайловчилар амалдаги Конституциянинг 18-моддасига тузатиш киритиш учун овоз берди. Унга кўра, амалдаги парламент тизими ўрнига президентлик бошқарувига ўтиш, бош вазир лавозимини қисқартириш, парламентдаги депутатлар сонини 550 дан 600 нафарга ошириш каби ўзгаришлар амалга оширилди. 

Туркияда 2023 йил январь ойи ҳисобига расман 119 (!) та партия рўйхатдан ўтган. Аммо улар орасидан керакли овоз тўплай олган 27 та партиягина сайловларда қатнаша олади. Қолган партиялар кейинги сайловларгача халқнинг ишончини қозониш астойдил ҳаракатда бўлади. 27 та партияни мақсад ва режаларига кўра тўрт тоифага бўлиш мумкин:

1.  Марказ ўнг (иқтидордаги Адолат ва юксалиш партияси каби).

2.  Марказ сўл (мухолифатдаги Жумҳурият Халқ партияси (ЖХП) каби).

3.  Миллиятчи кайфиятдаги партиялар.

4.  Диндорликни илгари сурувчи партиялар.

Булар ичида ҳокимият учун асосий даъвогар фақат “соғ”чилар (марказ ўнг) ва “сўл”чилар (марказ сўл). 

2022 йил 12 февралда ЖХП сайловларда амалдаги  ҳукмрон ҳокимиятни енгиш учун ўзига ҳамфикр партиялардан иттифоқини тузди. “Олтилик” деб номланган мазкур иттифоқ Отатуркдан мерос ЖХП, ИЙИ (яхши) партияси, Саодат партияси, Демократик партия, Демократия ва зафар партияси ҳамда Келажак партиялари иборат.  

Миллий Ҳаракат партияси эса (МҲП) сайловларда Эрдоғаннинг партияси – АК (Адолат ва юксалиш) партияси билан ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Сайлов вақти 

Амалдаги тартибга кўра, бу йилги сайловлар ёз ойида бўлиб ўтиши белгиланган эди. Аммо АК партия ташаббуси билан муҳим сиёсий тадбирни аксарият аҳоли таътилга кетадиган иссиқ пайтларда эмас, эртароқ, аниқроғи 6 апрель куни ўтказиш белгиланди. Бунга аввалига эътироз билдириб турган мухолифат партия вакиллари ҳам кейинчалик розилик билдирди. 

Шу ўринда изоҳ бериб ўтиш лозим деб ўйлайман. Туркияликлар, ижтимоий мавқейидан қатъий назар ҳар йили ёз ойларида Онадўли бўйлаб (мамлакатнинг шарқий қисмидаги тоғли ва баҳаво ўлкаларга) ёки чет мамлакатларга оилавий дам олиш учун боришга ўрганган. Бу ҳолат аллақачон миллий анъанага айланиб улгурган. Шунинг учун ҳам сайловларни муддатидан уч ой олдин ўтказишига келишиб олинди. Мақсад – сайловчиларнинг фаоллигини ошириш. 

Бундан ташқари хорижда юрган 4 млн нафарга яқин сайловчиларга ҳам ўз ҳуқуқидан фойдаланиш учун барча шароитлар яратиб берилиши айтилмоқда.

Сайловчилар кайфияти ва тахминлар

Сайловчиларни асосан икки гуруҳга ажратишимиз мумкин: ёшлар ва ёши катталар. Ёшларнинг аксариятида ҳозирги ҳукуматга ишонч йўқ, айниқса, сўнгги бир йилда турк лирасининг долларга нисбатан қадри икки-уч баробар тушиб, нарх-наволарнинг кўтарилиб кетгани, мухожирлар, хоссатан, суриялик ва ироқликларнинг кўпайиши туфайли иш ўринларига рақобат ортганидан норози. Турк ёшларининг ҳам қони қайноқ: тезда бой бўлгиси – муродга еткиси келади. Демократия йўқ, дейди, лекин амалдаги ҳукуматни бемалол танқид қилаверади.

Катта ёшли сайловчиларнинг мулоҳазалари ҳам диққатга сазовор. Улар асосан Эрдоған ва унинг жамоасига ишонади. Катталарнинг ҳам ўзига яраша ҳақиқатлари бор. Сўнгги йигирма йилда мамлакатда жудаям катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, иқтисод юксалди, давлатнинг жаҳон ҳамжамиятидаги овози кучайди, бошқа давлатлар Туркия билан ростмана ҳисоблашадиган бўлди. Ёшларнинг танқидий иддаоларига эса, қуйидагича жавоб беришди.

“Биринчидан, инфиляцияни энди кўрганимиз йўқ. Бу ёшлар билмайди-да, пулнинг қадрсизланишини айнан шу ҳукумат тўхтатганди. Биз эса бу жараёнга болалигимиздан бери гувоҳ бўлганмиз. Қолаверса, бу фақат иқтисодий эмас, балки сиёсий таъсирлар остида бўлаётганини яхши биламиз. Эрдоған ҳукуматининг “айб”и шуки, улар асосий маблағни йўлга, транспорт ва коммуникацияга йўналтирди. Бу жуда зурур ва айни пайтда дарров ўз маҳсулини кўрсатмайди. Иккинчидан, ЖХПнинг нима кароматлар кўрсатганини халқимиз яхши билади. Шунинг учун ҳар доим, ҳатто Мендерес даврида ҳам ким уларга мухолиф бўлса, ўшаларга овоз беришга ҳаракат қиламиз. Учинчидан, ҳозирги ҳукумат диндорларга катта эркинлик берди. Яқин-яқингача бизда ҳам ҳижобли ва соқоллиларга олақараш қилинарди, уларнинг ҳуқуқлари поймол бўларди. Ҳозир мусулмонлар эркин нафас оляпти. Бу ҳам катта ютуқ. Чунки Туркиядаги сайловларда мусулмонлар диндорларнинг, хусусан, тариқат жамоатларининг таъсири катта. Айтиш мумкинки, улар ҳал қилувчи кучга эга. Охирги пайтда Отатуркчилар (ЖХП) қанчалик ўзини диндор кўрсатмасин, миллат уларга ишонмайди. Улар бошқарган пайтда иқтисодий томондан ҳам фақат қийинчилик кўрганмиз, холос”, дейди “оқсочли” (турклар оқсоқолларни “оқсочли” дейишади).

Агар мухолифатдагилар иқтидорга келадиган бўлса, ўзбекистонликлар учун, шу жумладан, Турк давлатлари ташкилоти келажаги учун қандай таъсир кўрсатади, деган савол ҳам биз учун аҳамиятли. “Катта ёшли сайловчи”ларнинг тушунтиришича, сўл қанот вакиллари бундай иттифоқ ва бирлашмаларга ортиқча ҳуши йўқ, шунинг учун, сўнгги йилларда кучайиб бораётган ТДТнинг келажаги, ривожланиши сўроқ остида қолиб кетиши эҳтимолга яқин эмиш... Сўнгги йилларда ўз давлатидаги ғавғолардан қочиб, Туркиядан паноҳ топган (ва барча кўргуликларга айбдор сифатида кўрсатилаётган) Сурия, Ироқ, Афғонистон ва бошқа ўлкалардан келган мухожирлар учун чиқиш эшикларини кўрсатиш ҳам сўлчиларнинг бирламчи режаларидан экани айтилмоқда.

Хулоса 

Ҳозирча ҳукуматни танқид қилишдан чарчамаётган мухолифат яқинлашиб қолган сайлов учун ўз номзодини кўрсата олганича йўқ. Айрим сиёсий шарҳловчиларнинг айтишига қараганда, “олтилик” иттифоқи ҳалигача бирор номзодни танлаб, бир тўхтамга кела олмаган. Нима бўлган тақдирда ҳам бўлажак сайловлар турк қардошларимиз, шу жумладан, ўзбекистонликлар учун ҳам хайрли бўлишини тилаймиз. Турклар сиёсий ҳушёр халқ, улар ўзларига муносиб номзодларни танлашига шубҳа қилмаймиз.

Абдулазиз Муборак,

Azon.uz’нинг Туркиядаги махсус мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Лавров Тожикистонга нега келяпти?

462 20:14 05.06.2023

Фотиҳ Эрбақон: «Одамларнинг машаққатларини енгиллатиш ибодатдир!»

575 18:18 05.06.2023

Душанбеда Марказий Осиёдаги энг катта масжид очилади

801 16:28 05.06.2023

Иброҳим алайҳиссалом чақириғига биринчи бўлиб «лаббайка» деганлар

620 14:40 05.06.2023

Таниқли ислом олими Жазоир ва  Марокашни мулоқотга чақирмоқда

1130 11:18 05.06.2023

Азон овози яхши эшитилмаса...

943 09:15 05.06.2023
« Орқага