Жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Унда ШХТга аъзо давлатларнинг раҳбарларидан ташқари фахрий меҳмонлар ҳам иштирок этди. Улардан бири Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған эди.
Туркия раҳбари журналистларнинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ҳақидаги бир қатор саволларига жавоб берди.
“Албатта, биз Шанхай бешлигига аъзо эмасмиз. Биз мезбон Ўзбекистоннинг таклифига биноан махсус меҳмон сифатида бордик. Албатта, жаноб Шавкат Мирзиёев билан орамизда дўстлик бор. Шу ҳурмат туфайли у мени ва Илҳом Алиев жанобларини Самарқандга таклиф қилди. Энди кейинги жараён бу форумнинг энг илғор босқичига қадамдир. Аъзо бўлиш масаласи, албатта, бир йилдан кейин Ҳиндистонда бўладиган музокараларда кун тартибига кириши мумкин. Аъзо бўлиш ёки бўлмаслик алоҳида, лекин бу давлатлар билан муносабатларимиз бутунлай бошқа даражага кўтарилади”, дея ўз фикрларини билдирди жаноб Эрдоған.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, Шанхай бешлиги ва Шанхай пакти номи билан ҳам танилган, 1996 йилда Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон томонидан тузилган халқаро ташкилотдир.
Ташкилотга 2001 йили Ўзбекистон ҳам қўшилди.
2017 йил 9 июнь куни Остонада бўлиб ўтган саммитда ташкилотга Ҳиндистон ва Покистон қўшилиши билан аъзолар сони саккизтага етди.
Кузатувчи мақомига эга бўлган Эроннинг 2021 йил 17 сентябрда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиниши билан аъзолар сони 9 тага етди.
1996 йил 26 апрелда Шанхайда тўпланган беш давлат чегара ҳудудларида ҳарбий ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги битимни имзолаганида “Шанхай бешлиги” ташкил этилди.
Америкага қарши биринчи жиддий қадам 2005 йилда қилинган. ШҲТ саммити АҚШни Марказий Осиёдаги ҳарбий иштирокини тўхтатишга чақирди. Бунга жавобан Ўзбекистондаги Америка қўшинлари мамлакатни тарк этган.
2007 йил август ойида ШҲТга аъзо олти давлат Россиянинг Урал тоғларида “Тинчликни сақлаш миссияси-2007” деб номланган қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказди.
2012 йилда Туркия Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) диалог ҳамкори сифатида қўшилди. Хитойдаги олимлар ва россиялик таҳлилчилар бу қарорни ШҲТ учун ҳам, Туркия учун ҳам ўта муҳим қадам бўлганини айтишди.
Хўш, Туркиянинг мазкур ташкилотга аъзо бўлиши ҳақида Azon.uz сайтининг эксперти Ҳамид Содиқ шундай фикр билдирди:
ШҲТга аъзо бўлишда Туркия қандай манфаатдор?
Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдоғаннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлишга жиддий қизиқиш билдираётганлигининг бир нечта сабаблари бор.
Биринчидан, Россия ва Украина урушидан кейинги геосиёсий вазият. Сабаби, бу урушдан кейин Россиянинг сиёсий режими ва геосиёсий аҳволи аввалгидай бўлмаслиги мумкин. Натижада ҳуқуқий жиҳатдан Россияга таъсир ўтказиш имкониятини берадиган ташкилотга аъзо бўлиш масаласи бугунги кунда Туркиянинг манфаатларига тўғри келади.
Бндан ташқари Россиянинг заифлашуви фонида Хитой Халқ Респбликасининг Марказий Осиё давлатларига таъсири яққол кўриниб турибди. Бу ҳам аҳамиятли вазият.
Яна бир муҳим масала Ненси Пелосининг Арманистонга ташрифи ҳисобланади. У ўзининг нутқида Озарбайжоннинг ҳатти-ҳаракатларини қоралаб АҚШ Арманистонга янги, замонавий қуроллар етказиб бериш масаласини илгари сурди. Бу вазиятда Туркия Америкага қайсидир маънода баланс берувчи куч сифатида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотида бўлиши муҳим масала.