Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 48-сессияси давомида Женевадаги Туркманистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонасининг биринчи котиби Максат Бекиев Норвегиянинг туркман фуқароларини ҳокимиятга ёқмаган маълумот тарқатгани учун таъқиб қилиниши ҳақидаги сўзларига жавоб берган.
24 сентябр куни Норвегиянинг БМТдаги доимий вакили Тайн Мерч Смит ўз чиқишида Туркманистондаги сиёсий маҳбуслар билан боғлиқ вазиятга эътибор беришга чақирган эди.
“Кўп мамлакатларда сўз ва матбуот эркинлиги қаттиқ босим остида. Норвегия одамларни кузатиб бориш ва назорат қилиш, шунингдек, Интернет ва офлайн режимда цензура қилиш учун технологиянинг кенг қўлланилишидан жиддий хавотирда. Биз Беларус, Туркманистон ва Тожикистонни ўз фикри ёки баёноти учун қамалган барча одамларни қўйиб юборишга чақирамиз”, деган у.
Смит хоним, шунингдек, Шимолий Корея, Эритрея, Экваториал Гвинея, Баҳрайн, Эрон, Саудия Арабистони ва Хитойни алоҳида эътибор талаб қиладиган давлатлар сифатида тилга олган.
“Афсуски, Норвегиянинг фикр ёки сўзлари учун одамларни ушлаб туриш ҳақидаги баёноти субъектив ва бир томонлама бўлиб, мамлакатдаги ҳақиқий вазиятга тўғри келмайди", - деган Туркманистоннинг БМТдаги вакили Максат Бекиев.
Дипломатнинг айтишича, Туркманистон конституцияси ҳар бир фуқарога фикр ва сўз эркинлигини кафолатлайди.
Бекиевнинг қайд этишича, Туркманистон ҳукумати инсон ҳуқуқларига риоя этилишини диққат билан кузатиб боради. У Норвегияни ишончли ва долзарб маълумотларга таянишга чақирди.