Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Украина атрофидаги можаро: Туркия воситачилик қилиши мумкинми?

1457

Бугун Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдоған Киевда музокаралар ўтказади. Унинг ташрифи Украина атрофидаги можаро кучайган бир пайтга тўғри келмоқда. Эрдоған Украина ва Россия ўртасидаги кескинлик кучаймаслиги кераклигини айтиб, томонларга ўзининг воситачилик ролини таклиф қилган. 

Дарҳақиқат, агар Россия чиндан ҳам Украинана бостириб кирса, Анқара қийин танловга дуч келади. Туркия ҳар икки давлат билан яхши алоқаларни давом эттириш тарафдори.

Бугун Киевдаги музокаралар якунида Украина ва Туркия ўртасида 12 та битим имзоланади, улар орасида эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги битим ҳам бор. Икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан Туркия – Украина стратегик ҳамкорлик кенгашининг 10-йиғилиши бўлиб ўтади. Қайд этиш керакки, 2021 йил якунларига кўра, томонлар ўртасидаги товар айланмаси ҳажми 7,42 миллиард долларни ташкил этди, бу кўрсаткични 10 миллиард долларга етказиш кўзланяпти. 

Музокараларда Киев ва Москва ўртасидаги кескинлик масаласи ҳам кўтарилади. Эрдоғаннинг Украинага сафаридан кейин Россия президенти Владимир Путиннинг Туркияга келиши кутилмоқда. Хўш, Анқара икки ўртада воситачилик қилиб, тарангликни пасайтира оладими?.. 

Эрдоған воситачилик қилиши мумкинлигини айтаётган бўлса-да, мустақил равишда буни уддалаши осон бўлмаслиги мумкин. Маълумки, Туркия НАТО аъзоси ва Украина масаласида охир-оқибат альянснинг позициясида бўлиши талаб этилади. Қолаверса, Анқаранинг кескинликни камайтириш ҳақидаги таклифларига Москва шу пайтгача рад жавобини бериб келяпти. 

Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатлар яқин бўлса-да, анчайин мураккаблигини айтиш керак. 

Анқара Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олмаслигини бот-бот такрорлайди, қолаверса, вақти-вақти билан Қрим татарлари масаласини кўтаради. Бундан ташқари, Туркиянинг Украинага ҳарбий дронларни етказиб бергани Москвани норози қилган. Бир неча ҳафта аввал бу дронлар Донбассда, россияпараст айирмачиларга қарши ишлатилди. Бу ҳолат Россияни хурсанд қилгани йўқ, албатта ва Путин Анқарани Украинага нисбатан сиёсатини қайта кўриб чиқишга чақирди.

Туркия ва Россия манфаатлари Украинадан ташқари Ливия, Сурия ва Тоғли Қорабоғда ҳам тўқнашди. Аммо икки давлат яхшигина иқтисодий алоқаларга эга. Туркия НАТО ва АҚШнинг норозилигига қарамай Россиядан ҳаво мудофаа тизими сотиб олган. Бундан ташқари, Туркия табиий газ масаласида Россияга эҳтиёж сезади.

2020 йилда Туркиянинг газ истеъмоли 48,1 миллиард куб метрни ташкил этди, шундан 33,6 миллиардини Россиядан олди. Анқаранинг хориждан энергия таъминотига қанчалик боғлиқлиги сўнгги ҳафталарда яққол намоён бўлди. Эрон техник муаммолар туфайли газ етказиб беришни тўхтатгач, турк саноати фаолияти бир неча кун оқсади. 

Россия Туркия учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун муҳим бозор эканлигини ҳам унутмаслик керак. 

Хуллас, Туркия қайси бармоғини тишласа ҳам, қаттиқ оғрийди. Россия ва Украина ўртасидаги можаронинг кучайишидан Туркия манфаатдор эмас. Шу боис Анқара бор кучи билан Украина атрофида инқироз кучайишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда. Шундоқ ҳам турк иқтисодиёти ҳозир муаммоли даврни бошидан ўтказмоқда. 

Бугун Киевда Эрдоған одатдагидек ҳамкасби Владимир Зеленскийни қўллаб-қувватлашини кўрсатади. Аммо бу ташриф ҳал этувчи бўлмаслиги эҳтимоли катта. Айнан Путиннинг Туркияга сафари чоғида у Анқарага воситачилик қилиш имкониятини берадими-йўқми, маълум бўлади. 

Убайдуллоҳ Адҳамов тайёрлади.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Украинадаги вазият ва Путиннинг Марказий Осиёга ташрифи

432 21:50 01.07.2022

ИВВ Нукусдаги вазият ҳақида ахборот берди

718 21:45 01.07.2022

Нажосатлар ва уларни поклаш ҳақида (давоми)

164 21:30 01.07.2022

Турк тадбиркорлари Ўзбекистонга қайтмоқда

255 21:00 01.07.2022

Хотира

283 20:30 01.07.2022

Стэнли кубогини олган биринчи мусулмон хоккейчи

245 20:00 01.07.2022
« Орқага