Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Украина: Киев яна ракеталар нишонига айланди

1398

Украина жанубдаги рус марраларига зарба берди, Россия эса узоқ танаффус сўнг яна Киев атрофига ракета учирди. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Европада кузатилган энг йирик низо чўзилишда давом этмоқда.

Пойтахт атрофидаги Вишгород туманидаги портлаш оқибатида 15 киши жабрланди. Пайшанба куни Украинада илк бор украин давлатчилиги куни нишонланди, шу куни Владимир Зеленский Литва президенти Гитанас Науседа билан бирга мамлакат парламентга мурожаат қилди. Айнан шу пайтда ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар чалинган.

“Россия бизга ҳаво сиреналари ёки бошқа нарсалар билан таҳдид қилаётгани муҳим эмас, энг муҳими биз матонатимиз билан бошқа давлатларнинг ҳурматига сазовор бўлмоқдамиз”, – деган Украина етакчиси.

Ушбу ҳужум Киевга қайтиб келган нормал ҳаёт тарзига путур етказди. Бундан ташқари, пойтахт шимоли-шарқидаги Чернигов вилоятига ҳам ўндан ортиқ ракета учирилган. Бу ҳақда вилоят губернатори Вячеслав Чаусов маълумот берган. Худди Киев каби Чернигов ҳам ракета зарбаларидан бир неча ҳафта “дам олганди”.

“Россия шу тариқа бизни давлат суверенитети куни билан табриклади. Шу билан бирга душманнинг ерусти амалиётларининг иккинчи босқичи бошланиши хавфи мавжуд”, – деб қайд этган губернатор.

Украина қуролли кучларининг шимолий округ қўмондонлиги Беларусда жойлашган базалар орқали Черниговга 20 дан ортиқ ракеталар учирилганини иддао қилмоқда.  

Жанубда Киев самолётлари Херсон атрофидаги мудофаа марраларига зарбалар берди. Россия томонидан аннексия қилинган Қрим билан чегарадош Херсон вилояти “махсус ҳарбий операция” бошланганидан бироз ўтиб эгаллаб олинганди.

Сўнгги ҳафталарда украиналиклар Ғарб томонидан етказиб берилган узоқ масофага учадиган ракеталар ёрдамида Днепр дарёсидаги уч кўприкка жиддий зиён етказди. Бу эса рус армиясининг дарё ғарбий қирғоғида жойлашган кучлари таъминотини қийинлаштирди. Британия разведкаси бу орқали Россиянинг Херсондаги  кучларини изоляциялаш мақсад қилинганини таъкидлаган. Унинг тахминларига кўра, Днепр ғарбидаги 49-армия ўта нозик аҳволга тушиб қолган. Бундан ташқари, Херсон шаҳри Россия босиб олган бошқа ҳудудлардан амалда ажралиб қолган. Бу русларнинг муваффақиятлар ҳақидаги баёнотларига кучли зарба бериши мумкин.

Украина армияси ўз навбатида Херсон шимолидаги айрим қишлоқларни руслардан озод қилганини маълум қилган. ўз навбатида Россия мудофаа вазирлиги Херсон шимолида авиация ёрдамида 130 украин ҳарбийларини йўқ қилганини очиқлади.

Россия томонидан тайинланган вилоят ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раиси ўринбосари Кирилл Стремоусов ҳам Ғарб ва Украина томонидан тарқатилаётган хабарларни рад этиб чиқди.

РИА Новости хабарига кўра, пайшанба куни россия махсус хизматлари Херсонда бир қатор украиналик жосусларни қўлга олган, улар рус ҳарбийлари харакати ва жойлашувини кузатиб келган.

Николаев вилоятида эса икки киши денгиз минаси портлаши оқибатида ҳалок бўлган.

Шарқий фронт

Россия Донбасс ва Луганскни тўлиқ назоратга олиш мақсадида Донецкка зарба беришда давом этмоқда. Масалан, ўз ҳужумларининг асосий мақсади деб эълон қилган Бахмут шаҳрига руслар тўрт маротаба ўт очган. Донецк вилояти губернатори Павел Кириленконинг маълум қилишича, оқибатда уч киши ҳалок бўлган, яна уч нафари жароҳатланган.

Жанговар ҳаракатлар давом этаётган бир вақтда халқаро ҳамжамият Украина ғалласи экспортини қайта тиклашга ҳаракат қилмоқда. Ўтган ҳафтада Истанбулда бу бўйича тўрт томонлама келишув имзоланганди. Аммо БМТ вакили Мартин Гриффитснинг сўзларига кўра, кемаларнинг хавфсиз йўналишларини белгилаш бўйича ишлар давом этяпти. Шу билан бирга дон ортилган илк кемалар жума куни Қора денгиз бўйлаб йўлга чиқиши мумкин.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Украинанинг Испаниядаги элчихонасидаги портлашдан кейин посилкалардан яна бир нечта бомба топилди

244 21:04 01.12.2022

Нима учун муслима аёлларга ғайридин эркакка турмушга чиқиш тақиқланган?

713 20:00 01.12.2022

Павел Фелгенгауер: «Қозоқлар ва қирғизлар ҳеч қачон Ереван тарафида туриб Бокуга қарши жанг қилмайди»

635 19:00 01.12.2022

«Арманистон Қорабоғни Озарбайжоннинг бир қисми деб тан олди» — Россия ТИВ вазири Лавров

536 18:10 01.12.2022

Россиянинг Украинадаги жиноятлари текшириш бўйича трибунал иш бошлайди 

254 17:28 01.12.2022

Пентагон Қатарга дронларга қарши илғор мудофа тизимини сотади

225 16:30 01.12.2022
« Орқага