Испания хавфсизлик кучлари Мадрид яқинидаги Торрехон-де-Aрдоз ҳарбий-ҳаво кучлари базасида Европа Иттифоқининг сунъий йўлдош марказига юборилган конвертда яширилган яна бир портловчи қурилмани топди, деб хабар қилди Испания ҳукумати пайшанба куни.
Пайшанба куни Испания Мудофаа вазирлигига келган пакет ичида тўртинчи портловчи қурилма топилди. У аввалги иккитаси каби зарарсизлантирилди, деб хабар берди департамент.
“Хавфсизлик ходимлари эрталаб соат 3 дан 4 гача Мадрид яқинидаги Торрехон де Aрдоздаги базада шубҳали конвертни топди”, — дейилади баёнотда.
Хавфсизлик ходимлари пакетни рентген нурлари билан сканерлашдан сўнг, унда “қандайдир механизм” борлигини аниқлашди”, — дейилади вазирлик баёнотида.
Ҳудудни қўриқлаш учун базага полиция чақирилган, терговчилар эса базада сунъий йўлдош марказига юборилган конвертни таҳлил қилишмоқда.
Сунъий йўлдош маркази космик разведка қурилмаларидан маълумот тўплаш орқали Европа Иттифоқининг умумий ташқи ва хавфсизлик сиёсатини қўллаб-қувватлайди, дейилади унинг веб-сайтида. Сентябрь ойида Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Хосеп Боррел бундай тизимларни “Европанинг кўзи” деб атаган эди.
База мунтазам равишда Испания томонидан Украинага совға қилинган қуролларни жўнатиш, шунингдек, юқори мартабали ҳукумат амалдорларининг расмий самолётларида парвозлар учун фойдаланилади.
Испания ички ишлар вазирлиги пайшанба куни, шунингдек, Испания бош вазири Педро Санчес ўтган ҳафта Мадриддаги Украина элчихонасида портлаган посилкага ўхшаш бомба яширилган посилка олганини айтди.
ИИВ хабарида айтилишича, “ичида пиротехника моддалари бўлган” конверт Санчес номига 24 ноябрь куни етиб келган ва хавфсизлик хизматлари томонидан топилиб, зарарсизлантирилган.
Кейинроқ Украинанинг Мадриддаги элчихонасига ва Испания шимоли-шарқидаги Сарагоса шаҳридаги қурол ишлаб чиқарувчи Инсталаза ширкатига йўлланган иккита мактубли бомба топилди, деди полиция.
Инсталаза Испания Украинага етказиб берган C90 ракеталарини ишлаб чиқаради.