Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Уламоларнинг фақирликка, оғир ва аламли ҳаёт кечиришга мажбур бўлиб, кийим ва тўшакларини сотганлари ва бу борада сабр-тоқатлари

1933

УЧИНЧИ БЎЛИМ

Уламоларнинг фақирликка, оғир ва аламли ҳаёт кечиришга мажбур бўлиб, кийим ва тўшакларини сотганлари ва бу борада сабр-тоқатлари

Бу бўлим ушбу китобдан энг кўп жой эгаллаган бўлимдир. Зеро, фақирлик илгари ҳам, ҳозир ҳам аксар уламоларнинг шиори ва ҳаётининг ажралмас қисми бўлган.

126. Аллома, файласуф, тарихчи, қози, фақиҳ, олим, адиб, шайх Ибн Халдун “Муқаддимату Ибн Халдун” асарининг катта бир бобида ҳаёт учун зарур бўлган маблағларни топиш йўллари, касб ҳамда ҳунарнинг турлари, қайси касб орқали кўп бойлик топса бўлади-ю, қайсинисида бўлмайди –барчасини баён қилган. Ана шу бобдан алоҳида фасл ажратиб, нима сабабдан уламоларнинг қўлида мол-мулк оз бўлиши ҳақидаги маълумотларни келтирган. Ундан қуйидаги гаплар ўрин эгаллаган:

“Еттинчи фасл: Қозилик қилиш, фатво чиқариш, дарс бериш, имомлик қилиш, хутба ўқиш, азон айтиш ва шу сингари дин ишлари билан машғул кишиларнинг мол-дунёси кўпинча оз бўлиши ҳақида.

Бунинг боиси шундаки, касб – инсон меҳнатларининг қиймати ҳисобланади. Бу қиймат эса унга ҳожат тушишига қараб ҳар хил бўлади. Турмушда ҳамма муҳтож бўладиган ишларнинг қиймати катта, унга тушадиган эҳтиёж ҳам кўп бўлади. Диний соҳа вакилларига келадиган бўлсак, уларга ҳамма ҳам муҳтож бўлавермайди. Одамлар бир ишда жанжаллашиб қолсаларгина муфтийнинг фатвосига ёки қозининг ҳукмига эҳтиёж сезадилар, шунда ҳам фақат динига эътибор берадиган диндор одамларгина дин пешволарига мурожаат қилади. Шундай экан, умумий ва мажбурий ҳолатлардан бошқа пайтларда кўпчиликнинг уларга иши тушмайди.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, уларнинг маошлари тушаётган мурожаатларга қараб тайинланади. Дин ва шаръий урф-одатларнинг обрў-эътибори баланд бўлишига қарамасдан, улар ҳунарманд ва бой кишилар билан тенг пул топа олмайдилар. Лекин маош умумий ҳожат ва аҳолининг турмуш тарзига қараб тақсимланади. Шунинг учун улар оз маош оладилар. Улар илмнинг шарафи туфайли халқ ичида азиздирлар. Арзимас ризққа етишиш учун обрў-эътиборли, мансабдор кишиларга бўйсунмайдилар, балки ақлий ва жисмоний меҳнатни ўз ичига олган шарафли илм билан банд бўладилар, шу сабабли уларнинг пул топишга вақти бўлмайди. Улар илмнинг шавкати боис мол-дунё аҳлига ялиниб, ўзларини хор қилмайдилар, ўзларини бундай ишлардан узоқда тутадилар. Шунинг учун ҳам одатда уларнинг мол-мулки кўп бўлмайди. Бу борада баъзи фозил кишилар билан баҳслашганимда бунинг бўлиши мумкин эмаслигини айтиб, инкор қилдилар. Бир куни халифа Маъмуннинг девонхонасига тегишли ҳисоб-китоб қоғозларидан баъзиси қўлимга тушиб қолди. Унда кирим-чиқимлар ёзилган эди. Улар орасидан қозилар, имом ва муаззинларнинг маошлари ҳақидаги маълумотни ўқиб қолиб, уларни мен билан баҳслашган кишига кўрсатдим. У айтган гапларим рост эканлигини билиб, ўз сўзидан қайтди. Биз Аллоҳ таолонинг махлуқотлар ичидаги сир-асрорларидан, оламдаги ҳикматларидан ажабландик. Аллоҳ таоло барча нарсага қодир бўлган Холиқ зотдир. Ундан ўзга Робб йўқ”. (Ибн Халдуннинг гаплари шу ерда тугади).

127. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг буюк китоби “Мажмуъ”нинг муқаддимасида толиби илмнинг одоблари тўғрисида қуйидагиларни келтиради:

“Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бирор киши бу илмни мол-дунё ва обрў ҳисобидан ўрганиб, барака топган эмас. Кимки уни хокисорлик, камбағаллик ва уламоларга хизмат қилиш эвазига ўрганса, нажот топади”. Яна айтади: “Илмга хорликка сабр қилиш билангина етилади”. Бошқа бир ўринда “Илмни ўрганиш фақат пулсиз қолган, муҳтож бўлган кишидагина рўёбга чиқади”, дейилган. Ундан “Ўртаҳол кишидачи?” деб сўраганларида “Ўртаҳол кишида ҳам рўёбга чиқмайди”, деб жавоб берган экан.

Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бирор киши фақирлик аламини тотмагунича ва илмни барча нарсадан устун қўймагунича истаганига ета олмайди”.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Фиқҳ илми хаёлни бир жойга қўйиш эвазига ўрганилади. Хаёлни бўладиган нарсалардан кечиш эса етарли миқдордаги маблағни олиш ҳисобига бўлади. Бундан ортиқчаси зарардир”.

Иброҳим Ожуррий айтади: “Кимда-ким фақирлик ҳолатида илм ўрганса, фаҳм-фаросат соҳибига айланади”.

128. Имом Мозиний (Назр ибн Шумайл).

Ҳофиз Заҳабий “Тазкиратул ҳуффоз” китобида Марв аҳлининг уламоси, қуйида зикри келадиган Халил ибн Аҳмад Фароҳидийнинг энг яхши талабаларидан бўлган луғат олими, имом Назр ибн Шумайл Мозиний Басрий ҳақида қуйидагиларни келтиради:

“Довуд ибн Михроқ айтади: “Мен Назр ибн Шумайлнинг: “Киши оч қолиб, оч қолганини унутмагунча илм лаззатини топа олмайди”, деганини эшитдим”.

129. Ибн Ҳазм (Алий ибн Аҳмад).

Ёқут Ҳамавий “Мўъжамул-удабо” китобида 384/994 йили туғилган, 456/1064 йилда вафот этган имом, ҳофиз, фақиҳ, мужтаҳид Ибн Ҳазм Алий ибн Аҳмад Андалусий Қуртубий ҳақида шундай дейди:

“Зикр қилинишича, Ибн Ҳазм 440/1048 йил ўрталарида фақиҳ, кўплаб китоблар соҳиби Абул Валид Сулаймон ибн Халаф Божий (403-474/1013-1082) билан бирга бир жойда бўладилар. Бир куни улар орасида баҳс-мунозара бўлиб ўтади. Баҳс тугагач, фақиҳ Абул Валид Божий Ибн Ҳазмга: “Мени маъзур тутасиз, аксар китобларни тунги қўриқчилар кўчада кўтариб ўтадиган маёқларнинг ёруғида мутолаа қилганман”, дейди. Шунда Ибн Ҳазм: “Мени ҳам маъзур тутасиз, менинг ҳам аксар китобларни мутолаа қилишим тилла ва кумушдан ясалган чироқлар олдида бўлган”, дейди.

Ёқут Ҳамавий: “Ибн Ҳазм бу сўзи билан бойлик фақирликка қараганда илм ўрганишдан тўсувчироқ эканлигини айтмоқчи”, деган.

Таржимонлар: Тошкент Ислом институти ўқитувчилари Фахриддин Маманосиров, Раҳматуллоҳ Махсумхонов, Ғиёсиддин Баратов, Муҳаммад Яҳё Ходжаев, Абдуллоҳ Қосим

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тошкентда уламолар насроний роҳиблар билан учрашди

1082 16:15 04.06.2022

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда: жанозаси икки марта ўқилган уламо

1799 05:41 05.05.2022

Жума мавъизаси: Исломда устоз ва уламоларга эҳтиром

2051 07:16 01.10.2021

Фотолавҳа: Бир қатор диний уламолар давлат мукофоти билан тақдирланди

3201 15:06 28.08.2021

Таниқли уламолар иштирокида катта тадбир ўтказилмоқда

2450 10:16 28.08.2021

Ироқлик сунний ва шиа уламолари Саудияда учрашди

1666 10:55 06.08.2021
« Орқага