Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Ўқлар ёмғири остида ҳам палов пиширган ўзбек йигити ҳалок бўлди

10148

Бу мусулмон йигитни барча украинлар яхши кўриб қолган эди, аммо у энди йўқ... 

Жаҳон ўзбек халқининг матонат ва жасоратига Иккинчи жаҳон урушида гувоҳ бўлган, у гоҳ жанг майдонларида, гоҳ фронт орти чизиқларида намоён бўлиб борди. Инсониятга қилинган ҳар қандай жиноятга бизнинг халқ мардонавор қарши курашган ва бугун ҳам бу мардлик ўз исботини топмоқда. Ҳозир сўзни шу жасоратнинг кичик бир намунаси ҳақида юритамиз.

1984 йил 

Андижоннинг Асака туманидаги ўзбек оиласида ўғил фарзанд дунёга келди. Унга ота-онаси йўлбошчи, жўмард бўлсин дея Сардор деб исм қўйди. 

2002 йил 

Сардорнинг акаси Мансур шу йилда ўқиш мақсадида Украинанинг Луганск вилоятига келади. У икки йилдан сўнг эса шаҳарда очган атторлик дўконида ишлаш учун укаси Сардорни ҳам чақирган. Мансур ота-бобоси шуғулланиб келган атторликни давом эттирган, Сардор эса Асакадаги таниқли ошпаз амакиларига қизиқиб ошпазликни танлаган. Ака-ука кейинги 20 йил давомида Украинада яшашди, ҳалол касб орқали меҳнат қилиб келишди. 

2014 йил 

Сардор Ҳакимовни Луганскда яшаган пайтлари ҳақида ҳудуддаги масжид имоми Тимур Беридзе шундай дейди: “У ҳар доим жума намозида жамоат сафида қатнашар, намоздан чиққач эса “Эҳтиёжмандларга таом беринг” акциясида қатнашиб, қозонда палов дамлаб, бепул тарқатар эди”. 

Ҳарбий тўқнашувлар бошлангач Сардор Украинанинг Чугуев шаҳрига кўчиб ўтган. У ерда Сардор ўзбек ошхонаси ва зировар дўконини очган.

2022 йил, 24 февраль 

Россия қўшини “ҳарбий амалиёт” деган ном билан эрта тонгдан Донбасс ҳудудига бостириб кирди. Дастлаб Киев, Харков ва Днепропетровскдаги ҳарбий қўмондонлик марказлари, аэродромлар ва ҳарбий омборларга ракета зарбалари берилди, сўнг эса ҳарбий ҳаракатлар бутун мамлакат бўйлаб тарқалди.  

Айни шу кунда Киевдаги Ўзбекистон элчихонаси юртдошларимизга мурожаат қилиб, эвакуация режаси ва Украина ҳудудини тарк этишни хоҳловчи фуқаролар рўйхатини ишлаб чиқа бошлади. Унда ҳамюртимиз Сардор ва унинг оиласи ҳам бор эди. Ташқи ишлар вазирлиги 7 март санасигача Польша орқали 4300 дан зиёд юртдошимиз Ўзбекистонга эвакуация қилинганини маълум қилган.  

Сардорга ҳам Ўзбекистон томонидан эвакуация қилиниш таклиф қилинган, аммо у хотини ва тўрт фарзандини юбориб, ўзи эса украинада қолишга қарор қилади. Бу қарори ҳақида у аввалроқ шундай деган эди: 

“Мен учун бу уруш 2014 йилдан бери давом этмоқда. Мен қочмайман, украиналиклар ҳозир ёрдамга муҳтож, мен эса қўлимдан келганича ёрдам беришга аҳд қилдим”. 

Дастлаб, Сардор акаси Мансур Ҳакимов билан биргаликда ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудуддан украиналикларни эвакуация қилишда кўнгилли сифатида фаол қатнашади. Кейин эса 15 кишидан иборат кўнгиллилар жамоаси билан ошпазлик гуруҳини ташкил этиб, палов ва бошқа миллий таомларни тайёрлай бошлайди. Урушдан зада бўлган, уй-жойидан айрилган украинларнинг оч қорнини ўз ҳисобидан тўйдира бошлайди. Мамлакатда жанглар давом этар, Сардор эса Чугуевда 180 ва 120 литрлик катта қозонларда деярли ҳар куни палов дамлар ва уни инсонларга бепул тарқатар эди. Чугуевдаги барча инсонлар Сардорни таниб, уни яхши кўриб қолган эди. 

“Ҳарбий ҳаракатлар бошланди, инсонлар уйидан айрилган, оч қолишяпти, шунда Сардор гараждаги қозон ва ўчоқни олиб чиқиб, ош дамлаб тарқатишни бошлади. У бу эҳсонни бугунгача ўзини ҳисобидан қилди, мен ва яна бир укаси ҳам ёрдам бериб турдик, аммо кўпинча харажатларни укам ўзининг даромадидан қилди, баъзида берсак ҳам биздан пул олмасди”, - дейди Сардорнинг акаси Мансур Ҳакимов.

2022 йил, 25 июль 

Украинага урушнинг 152 куни, яъни 25 июль куни эрта тонгда рус қўшини Сардор яшаётган Чугуев шаҳрига 12 та ракета зарбасини берди. Ракеталардан бири Сардор ва унинг гуруҳидаги кўнгиллилар паноҳ топган маданият марказини вайрон қилди. Ўша куни Мансур Ҳакимов ҳам укаси Сардор билан бирга бўлган. Улар ракета тушган онда палов тайёрлаш ҳаракатида бўлишган.

“Бешинчи снаряд келиб тушди, шундан сўнг мен ҳеч нарсани эслай олмайман. Кўзимни очсам ҳамма ёқ чанг, қоронғи, иккита бетонни орасида қолиб кетибман. Кимдур тирикми, дея чақиришни бошладим, ҳеч ким жавоб бермади. Аллоҳга шукр, ёнимда телефоним борлиги сабаб ташқаридаги танишларимга телефон қилиб қутқаришларини сўрадим. Шундан сўнг балки чиқа олмаслигим ҳам мумкин деб ўйлаб, онам ва аёлимга телефон қилиб “мендан рози бўласизлар”, дея розилик олдим”, - дея Мансур бўлган воқеани эслайди. 

Маълум бўлишича, ҳужум вақти бинода 7 нафар кўнгилли бўлган, улардан 3 нафари вайроналар остидан ўзи чиқиб олган. Мансур Ҳакимовни эса қутқарувчилар вайроналар орасидан олиб чиқиш учун 5 соат вақт сарфлаган.  

Шу ўринда статистик маълумотни келтириб ўтамиз, БМТга кўра, Украинадаги урушнинг беш ойи давомида 5237 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, етти мингдан зиёд киши турли ҳил жароҳатлар олган. Булар маълум бўлган рақамлар, холос. 

2022 йил, 27 июль 

Икки кунлик қидирувдан сўнг вайроналар остидан, афсуски, Сардор ва унинг Виктория исмли кўнгилли ёрдамчисининг жасади олиб чиқилади.  

Сардорнинг ўлими бутун Чугуевни ларзага солди. Маҳаллий украинлар у ҳақида фақат ижобий гаплар айтишди, тармоқлардаги Тelegram каналлар ва сайтлар уни шундай эслаб постлар қўйишди: 

“Кўпчилик Сардорни очиқкўнгил, хушчақчақ ва меҳрибон инсон сифатида билишади. Унинг палов, сувли кабоб ва шўрвасини ҳеч ким унутмайди, у ёрдам бериш йўлидан кетди ва ҳар қандай вазиятда ҳам ҳақиқий инсонийлигини сақлаб қолди. Биз уни йўқотганимизга ҳалигача ишона олмаяпмиз”. 

Сардор Ҳакимовга ҳудуддаги масжидда жаноза ўқилиб, мусулмонлар қабристонига қўйилган. Шаҳар аҳли Сардорнинг номини абадийлаштириш учун кўчалардан бирига шу исмни қўйиш ташаббусини билдиришган.  

Чугуевдаги маданият саройи ертўласида муҳтожлар учун хайрия паловини тайёрлаб келган Сардорнинг ишини акаси Мансур Ҳакимов давом эттирмоқчи. 

Унинг яқинлари берган интервьюларда айтилишича, Сардорнинг Ўзбекистонда 2 ўғил ва 2 қиз фарзанди бор экан. Уларнинг каттаси 10 ёшда, кенжаси эса 6 ойлик. Сардорнинг ниятлари ҳам қилган ишлари каби хайрли бўлган, у мадрасада ўқиётган катта ўғли қори бўлишини, кенжасини эса ўзининг касбини давом эттириб ошпаз бўлишини орзу қилган экан. Аммо унга фарзанд камолини кўриш насиб этмади… лек солиҳ фарзандлар ва қилган савобли ишлари сабаб, иншааллоҳ, улуғ мукофот ҳамда ажрлар олишидан умидвормиз, мусулмон биродаримиз ҳақига дуо қилиб қоламиз!

Закариё тайёрлади

Azon.uz учун махсус

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркистоннинг қулаши ва оммавий қатағонлар

452 21:05 01.10.2022

Укамни гўдаклигида холам эмизган...

752 20:10 01.10.2022

Ислом оламининг қадимий беш кутубхонаси

404 19:25 01.10.2022

Фиқҳнинг уммат орасида тарқалишига сабабчи бўлган тўрт саҳоба. Саҳобалар даврида фиқҳнинг ҳолати

390 17:55 01.10.2022

Мансур ибн Илёс Шерозий — нейрожарроҳлик асосчиси

304 17:15 01.10.2022

Қозоғистонлик депутатлар: "Россиянинг ўзи «сирпанчиқ» йўлда" 

538 15:55 01.10.2022
« Орқага