Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Устоз Мубашшир Аҳмад диний таълим бўйича муфтийга мурожаат қилди

12754

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Усмонхон Алимов ҳузурларига

Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!

Сўнгги йилларда юртимизда бошқа соҳалар каби диний соҳада ҳам муайян ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сизнинг масжидлар очилиши, зиёратгоҳларнинг обод бўлиши, «Вақф» жамоат хайрия фондининг ишга туширилиши каби бир қатор хайрли ишларнинг бошида дуойи хайр қилиб туришингиз каттаю кичикка маълум. Айниқса, диний идора тизимида ҳам ишлар янги босқичга чиқаётгани бор гап. Бу ҳақда AzonTV онлайн телеканалида «Диний идорадан репортаж» рукнида эфирга узатилаётган кўрсатувда ҳам ҳикоя қилиб борилмоқда. Маълумингизким, мазкур дастурнинг илк сонида «Фатво» бўлими фаолияти кенг ёритилди.

Муфтий ҳазратлари!
Ўзингизга маълум, ёшларга диний билим бериш масаласи жуда ҳам долзарб, бу борадаги қонунчиликка тегишли ўзгартириш киритишни замоннинг ўзи тақозо этмоқда. Айни кунларда муҳокама бўлаётган янги таҳрирдаги "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бу борада ҳуқуқий пойдевор саналади.

Мазкур масалада бир қатор ривожланган давлатлар – Буюк Британия, Швеция, Германия каби Европа, шунингдек, Жанубий Корея, Малайзия каби Осиё давлатларидаги ҳолат, диний таълим борасидаги уларнинг тажрибаларини ўргандик ва бу ҳақда Аzon.uz сайтида бир қатор мақолалар бердик. Унга кўра ривожланган давлатларда нафақат бошланғич синфдан, балки мактабгача таълим муассасаларида ҳам диний таълимга рухсат берилган. Фуқаро фарзандларини ўзи хоҳлаган диний мактабларга бериши мумкин. Бу ҳолатнинг давлат ривожига, жамият тараққиётига фақат ва фақат фойда келтириши кундай равшан. Демак, бизда ҳам ана шу тажрибалардан ўрнак олиб, диний таълимга қонуний томондан рухсат берилишини мақсадга мувофиқ, деб биламиз.

Шунинг учун Сизга мурожаат қилмоқдамизки, Сизнинг баракотли умрингиз дин қайғусида кечди, соч-соқолингиз шу йўлида оқарди. Шахсингизнинг нафақат халқимиз, балки ҳукуматимиз олдида ҳам катта ҳурмат ва эътиборга сазоворлиги бор гап.

Сиздан илтимос, диний таълимга қонуний рухсат берилиши бўйича ҳукуматимизга, лозим бўлса, шахсан Президентимизга амалий таклиф берсангиз. Ўзингиз билганингиздек, диний таълим, бу биринчи навбатда миллий тарбиядир. Халқимизнинг диний таълимга бўлган эҳтиёжини қондириш кечиктириб бўлмас масалага айланиб улгурган. Ўн минглаб юртдошларимиз фарзандларига диний таълим бериш илинжида хорижий давлатларда қийналиб яшаб юришибди.

Хорижий давлатлар тажрибаларидан келиб чиқиб, қолаверса, миллий қонунчилигимиз тамойилларини ҳам инобатга олган ҳолда қуйидагиларни таклиф қиламиз:

  1. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси қошида таълим инспекцияси ташкил этилиб, Диний идора тасарруфидаги мадраса ва таълим муассасаларида таҳсил олган, қўлида дипломи бор мутахассисларни имтиҳон қилиб, тегишли сертификат берилса... Сертификатни қўлга киритган мутахассислар жойларда пуллик диний таълим марказлари очиб, тушган маблағнинг маълум бир қисмини “Вақф” жамоат хайрия фондига ўтказиб турса... 
  2. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан мавжуд 2090 та масжидлар қошида пулли Қуръон курслари ташкил этилса... Тегишли сертификат олган имомлар ва уларнинг ноиблари ёшларга диний таълим беришса…
  3. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан мавжуд 2090 та масжидлар қошида ёки дастлаб ҳар бир вилоят, туман, шаҳар ва қишлоқ марказий масжидлари қошида болалар учун пулли ёзги курслар ташкил этилса... Мазкур курс дастури бир ойлик таълим машғулотларни ўз ичига олган бўлиб, унда ҳар бир мусулмон фарзандининг кундалик ҳаётида керак бўладиган юриш-туриш, ейиш-ичиш одобларидан сабоқлар, ибодатлар борасида кўникмалар ҳосил қилиши мумкин бўлади.

Қайд этиш ўринлики, мазкур амалиёт дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатларида давлат ва нодавлат таълим муассасалари, турли диний марказлар томонидан самарали тарзда қўлланиб келинмоқда ва бундан ўша мамлакат халқи ва ҳукумати фақат манфаат кўрмоқда. Бу борада ҳатто қўшни Қозоғистон давлатида ҳам амалий ҳаракатлар бошлаб юборилган, уларда ёзги курслар фаолият бошлаганига анча бўлди.

Мана шунда исломий таълим олишга иштиёқманд ёшларимиз тартибли билим олиш имкониятига эга бўлади. Турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмайди. Қолаверса, миллатимиз келажаги бўлган ёшларимиз одобли, ахлоқли, ота-онасига, катталарга нисбатан ҳурматда, ҳалол ва ҳаромни ажратиб, турли жиноятлардан йироқ ҳолда, энг асосийси, қайта-қайта таъкидлайдиганимиз, Имом Бухорий, Имом Термизий, Беруний, Хоразмий, ибн Сино, Замахшарий каби аждодларимизга муносиб авлод бўлиб етишадилар... Иншааллоҳ...

Сиздан илтимосимиз шуки, юқоридаги таклифларни ҳукумат раҳбарларига етказиб, тушунтириб, халқимиз, миллатимиз олдида турган катта муаммони ечилишига сабабчи бўлсангиз... 
Бу йўлда Сизга Аллоҳ ёр ва ёрдамчи бўлсин!

Сизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаб, 
 
Мубашшир Аҳмад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Андижонлик депутатлар президентга очиқ мурожаат билан чиқди

1886 19:35 26.05.2021

Россия ИИВ мигрантларга мурожаат қилди

1063 13:00 22.04.2021

Президент журналистларга мурожаат қилди!

2215 19:29 17.07.2020

Коронавирус юқтирганликда шубҳа бўлса, қаерга мурожаат қилиш керак? – Брифингдаги саволлар

1204 13:00 14.07.2020

Муфтий Усмонхон Алимовнинг Ўзбекистон мусулмонларига мурожаати

3006 08:16 10.07.2020
« Орқага