Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Ўз давридан илгарилаб кетган даҳо олим – Абу Ҳомид Ғаззолийнинг иқтисодий тафаккурнинг юксалишига қўшган ҳиссаси

1787

Мусулмон олими, файласуф ва фақиҳ Абу Ҳомид ибн Муҳаммад Ғаззолий ат-Тусий (1058-1111) учун иқтисодий ҳаётда ислом меъёрларига амал қилиш (бу ерда ушбу иқтисодий фаолият одамларга наф келтириши шарт қилинади) – Аллоҳ таолога ўз диний мажбуриятини (фарзи кифоя) бажариш орқали ибодат қилишнинг ўзига хос кўринишидир (иқтисодий фаолиятга мана шундай қарашларни протестантларнинг бизнес ахлоқида ҳам учратиш мумкин). Ушбуни қўллаб-қувватловчи далиллардан бири сифатида, агар мусулмонлар иқтисодиётга аҳамият бермас эканлар, у ҳолда бу эътиборсизлик жамиятда иқтисодий муаммоларга олиб келади, бу эса мусулмон жамияти моддий асосларини заифлаштиргани ҳолда, якунда исломнинг ўзига зиён етказиши мумкинлигини айтиб ўтиш мумкин.

Машҳур ҳадисга таянган ҳолда аксарият мусулмон фақиҳлари куни билан ҳеч қандай иш қилмай, ибодатда бўлган ва моддий тарафдан кишиларга қарам бўлган обиддан иқтисодий фаолиятда фаол иштирок этадиган бошқа киши афзал деб ҳисоблайдилар: “Барча яратилмишлар Аллоҳга тобедир ва Аллоҳ ҳаммадан кўра Ўзининг бандаларига манфаатли бўлган кишини яхши кўради. Агар сен: “Инсонлар уч тоифа бўлади: киши ҳозирги куни нафига зид равишда ўзининг келгуси ҳаёти билан машғул бўлса, у ютуқдадир. Бугунги ҳаёти кейинги ҳаётидан машғул қилиб қўйган инсон ҳалокатдадир. Ва ҳар иккиси ила машғул инсон хавф ва хатарга йўлиқади, хавфга йўл қўядиган кишидан ғолиб яхши” десанг, билгинки, бунда ҳикмат бор, юқори даражаларга хавфларни енгиш орқали эришилади”. Шундай қилиб, дунёвий ва маънавий ҳаёт ўртасидаги мўътадилликни танлаш энг афзал йўлдир.

Бошқача айтганда, Ғаззолий зоҳидлик ва дунё ҳаётидан четда бўлишга чақирмайди: “Агар сен Сулаймон (а.с.)га берилган бойлик ва пайғамбарликка эътибор қилсанг, у ҳолда зоҳидлик камбағалликда эмас, қалбда эканини тушунасан”.

Олимнинг машҳур асари “Иҳёи улумид-дин”да (“Эътиқод ҳақидаги фаннинг вужудга келиши”) камбағалликнинг икки талқини мужассамлашади. Бир томондан инсон кишини камолотга етакловчи камбағалликка интилиши лозим, чунки у мақталадиган “мақом[1]”дир. Бошқа томондан, камбағаллик илоҳий ирода ила берилган бахтсизлик сифатида баён этилади.

Қуръоний маънога кўра, Аллоҳ ердаги мавжуд барча нарсани инсон фойдаланиши учун яратган. Лекин инсон ўзининг тасарруфида бўлган активларни (бойликларни) хазинага айлантирмаслиги керак, чунки бу Аллоҳ белгилаб берган мақсадларга зид келади. Бошқача айтганда, маблағлар Аллоҳ белгилаб берганидек ишлатилиши керак, беҳуда жамғариш, яна ҳам ёмони – судхўрлик амалиётлари эса Аллоҳ таоло ўрнатган қоидаларни бузиш ҳисобланади. Ғаззолий пулни пул учун жамғарадиганларни ҳукмдорни ўз вазифасини бажаришга қўймай қамоқда ушлаганларга тенглаштиради.

Пулларнинг вазифаларини таҳлил этар экан, Ғаззолий шундай ёзади: “Олтин ва кумуш Аллоҳ таолонинг инъомидир. Улар туфайли дунёнинг ишлари бажарилади. Лекин улар (олтин ва кумуш) фақат металлар бўлиб, ўз-ўзича ҳеч қандай қийматга эга эмас. Кишилар улар ёрдамида дунёдаги барча маҳсулотларни сотиб олишлари мумкинлиги сабабли уларга эгалик қилишни хоҳлайдилар”. Олимнинг фикрича, пуллар қиймат ўлчови вазифасини бажарар экан, ҳар қандай ашёнинг баҳосини аниқловчи қози вазифасини бажаради. Ғаззолий олтин ва кумушни ойнага ўхшатади: “Ойна ўз-ўзича ҳеч қандай қийматга эга эмас, унинг қиймати ҳар қандай ашёни ўзида акс эттиришидадир”.

Ўзининг бошқа асари “Кимёи саодат”да мусулмон жамоаси молияларида давлатнинг тутган ўрни талқинида закот билан боғлиқ масалаларни батафсил кўриб чиқади. Лекин Ғаззолий ушбу солиқни йиғиш ва тақсимлашнинг иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатларига эмас, балки ахлоқий жиҳатларига катта эътибор қаратади. Олим закот тўлайдиган ва оладиганларга гуноҳдан фориғ этувчи (тозаловчи) ушбу солиқ билан боғлиқ барча талабларни расмий жиҳатдан ёндашмасдан, чин қалбдан бажаришни тавсия этади.

Ғаззолий, агар давлат ва мусулмонлар манфаати талаб қилган тақдирда, ҳукмдор шариатда баён этилмаган солиқларни амалга киритиши мумкинлигини жоиз деб ҳисоблайди. Бунда олим афсус билан қуйидагиларни қайд этади: “Бизнинг вақтларда давлат молияси тўлиқ ёки аксар ноқонуний манбаларга асосланган. Закот, садақа, файъ, ғанима амалда мавжуд эмас. Жизя мавжуд, лекин ноқонуний тарзда йиғилади. Шу билан бирга мусулмонларга солинадиган турли шаклдаги солиқларни кўриш мумкин: уларнинг мулклари мусодара этилади, порахўрлик ва адолатсизликнинг бошқа шакллари мавжуд”.

Ғаззолийнинг асарларини ўрганар эканмиз, уларда ўзига хос қарама-қаршиликни қайд этмай ўта олмаймиз. Ибн Рушднинг фикрича, Ғаззолий ўз асарларида турли вазиятларда турли тингловчиларга мурожаат этади, файласуф билан файласуфнинг тилида, суфий билан суфийлик тилида гаплашишга ҳаракат қилади. Мана шундай усуллар натижасида Ғаззолий асарларида баъзан дастлабки қарашларда бир-бирини инкор этувчи қоидаларни топиш мумкин.

Турли бозор механизмлари ҳаракатига (шу жумладан, талаб ва таклиф қонунларига) оид ўзининг муҳим мулоҳазаларини билдирар экан, олим иқтисодий фаолликни тартибга солувчи сифатида буткул ахлоқий қадриятларга таянган, бозор қонунларини баъзида инкор этган.

Манба: «Ислом иқтисодий модели ва замон»

Муаллиф: Ренат Беккин

Таржимон: Ботирхўжа Жўраев

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 5 февралдаги 586-хулосаси асосида тайёрланган.


[1] Мақом – тасаввуфлик йўлидаги манзилни англатувчи муҳим сўфийлик атамаси. Сўфийлик асарларида таъкидланган 7 тадан 100 тагача етадиган мақомлардан бирига сўфий томонидан ўзини камолга етиштириш орқали эришиш.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркиядаги сайловлар: Эрдоғаннинг сўнгги “юриши”

3590 17:36 14.05.2023

Мўғулларнинг мусулмонлар устига иккинчи марта юриш қилиши

2271 12:05 01.04.2023

Шотландияда илк марта мусулмон бош вазир бўлди

837 12:11 28.03.2023

Рўза ибодати бошқа динларда

1141 16:30 27.03.2023

АҚШ: Сан-Франциско мактабларида баҳорги таътил ҳайит байрамига тўғриланади

598 16:55 15.03.2023

АҚШ: полициячи мусулмон ўсмирни ўқ отиб яралади

1051 13:22 29.01.2023
« Орқага